Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олий таълим ташкилотлари миллий рейтинги юритилади
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги олий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш тартибини белгилайдиган низом лойиҳасини ишлаб чиқди.
Лойиҳага кўра, миллий рейтингда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкил этилганига камида уч йил бўлган ва битирувчилари мавжуд олий таълим ташкилотлари иштирок этади. Бунда олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган, ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари мустасно қилинади.
Ҳужжатда қайд этилишича, рейтинг агентликнинг махсус дастурий таъминоти — махсус платформа орқали юритилади. Маълумотлар тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари, олий таълим ташкилотларининг ўзи тақдим этадиган маълумотлар ҳамда халқаро маълумотлар базалари асосида шакллантирилади. Маълумот манбаси ва верификация усуллари платформада кўрсатилиши шарт.
Олий таълим ташкилотлари томонидан киритиладиган маълумотлар ҳар йили 1 февралга қадар платформага жойланиши лозим. Муддатда киритилмаган маълумотлар рейтингни шакллантиришда инобатга олинмаслиги, киритилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ўз вақтида тақдим этилиши учун ташкилот раҳбари шахсан жавобгар экани белгиланган.
Лойиҳада умуммиллий сўровнома натижаларини ҳам рейтингда инобатга олиш назарда тутилган. Сўровнома ҳар йили 1 июнга қадар ўтказилиб, унда талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда иш берувчилар иштирок этиши мумкин. Сўровнома натижалари олийгоҳда талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг камида 20 фоизи қатнашган тақдирда ҳисобга олинади.
Миллий рейтинг контингентга қараб олийгоҳларни тоифаларга ажратган ҳолда юритилиши кўзда тутилган. Тоифалар ижтимоий-гуманитар фанлар, амалий фанлар, тиббиёт фанлари ва ижод (спорт) йўналишлари бўйича белгиланади. Тоифалаш ҳар йили июль ойига қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан аниқланиши кўрсатилган.
Рейтинг натижалари белгиланган мезонлар асосида балл тўплаш орқали ҳисобланади ва ҳар йили 31 октябрга қадар агентлик расмий веб-сайти ҳамда ОАВда эълон қилинади. Шунингдек, ёлғон маълумот тақдим этилгани бўйича асосли шубҳа ва далиллар мавжуд бўлса, тегишли рейтинг йили учун натижалар бекор қилиниши ва материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши мумкин.
Натижаларга нисбатан олий таълим ташкилотлари эълон қилинган кундан бошлаб 10 иш куни ичида агентликка ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Мурожаатлар 15 иш кунида кўриб чиқилиши белгиланган.