Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Путин кучли совуқ туфайли Киевга зарбаларни тўхтатиб туришини айтди
Кремл «Трампнинг шахсий илтимоси» қаноатлантирилишини маълум қилди.
Фото: Getty images
АҚШ президенти Доналд Трамп россиялик ҳамкасби Владимир Путин бир ҳафта давомида Киевга зарбалар бермай туришга рози бўлганини маълум қилди. Пайшанба куни тонгда Z-блогерлар Киев шаҳри ва Киев областидаги ҳар қандай объектга ҳамда бутун Украина бўйлаб энергетика инфратузилмаларига зарбалар йўллашга мораторий бўлишини анонс қилишганди. Жума куни Кремл бу маълумотни тасдиқлади.
«Совуқ туфайли, кучли совуқ туфайли – уларда ҳам худди биздаги каби вазият – мен шахсан президент Путиндан бу ноодатий совуқ ҳавода бир ҳафта мобайнида Киев ва бошқа шаҳарларни ўққа тутмай туришни сўрадим», – деган Трамп Оқ уйда ўз маъмурияти аъзолари билан учрашувда.
«Ва у бунга рози бўлди. Айтишим керакки, бу жуда ёқимли», – дея қўшимча қилган АҚШ президенти.
Шунингдек, Трамп ушбу йиғилишда махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер «жуда қаттиқ ишлаётгани» эвазига Украинадаги урушнинг якуни яқинлашаётганини айтган.
«Бу Америка маъмуриятлари тарихидаги энг омадли йил бўлди <...> Биз саккизта урушни тўхтатдик. Ва яна бири, бизнинг фикримизча, якунланиш арафасида. Стив Уиткофф ва Жаред [Кушнер] жуда қаттиқ ишлаяпти. Ва ўйлайманки, биз урушнинг якунига яқинлашмоқдамиз», – деди Америка президенти.
Пайшанба куни эрталаб блогосферада эҳтимолий мораторий мавзуси муҳокамаси бошланганди. Бу ҳақда ҳам россиялик, ҳам украиналик телеграм-каналларда ёзилганди. Бу мавзуни россиялик ҳарбийлашган блогерлардан биринчи бўлиб Владимир Романов кўтарган ва ўзига етиб келган хабардан скриншотни эълон қилганди.
У ўзига пайшанба куни соат 7:00 дан бошлаб «ўт очиб зарба беришга, яъни Киев шаҳри ва Киев областидаги ҳар қандай объектга, шунингдек, бутун Украина бўйлаб ҳар қандай инфратузилма объектларига зарба беришга тақиқ қўйилгани» ҳақида «маълумот етиб келгани» ҳақида ёзган.
Кейинроқ Романов россиялик ҳарбийлар 28 январдан бошлаб кейинги махсус кўрсатмага қадар бутун Украина ҳудуди эмас, фақат Киев шаҳри ва Киев области ҳудудларида энергетика инфратузилма объектларига (электр нимстанциялар, иссиқлик электр станциялари, гидро электр станциялар, газ омборлари, нефт базалари ва ёнилғи-мойлаш материаллари сақланадиган омборлар) «зарба бериши истисно қилиниши» буюрилган яна бир хабардан иқтибос келтирди.
«Чеклов 03.02.2026 санасига қадар амал қилиши ҳақида оғзаки топшириқ бор», – дея қўшимча қилган блогер.
Трампнинг сўзлари ортидан Украина президенти Володимир Зеленский Х ижтимоий тармоғида АҚШ президентига миннатдорчилик билдирди.
«АҚШ президентининг ушбу экстремал қиш мавсумида Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарлари хавфсизлигини таъминлаш имконияти ҳақидаги муҳим баёноти. Электр таъминоти – ҳаётнинг асоси. Биз ҳамкорларимизнинг инсонлар ҳаётини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қадрлаймиз. Раҳмат, президент Трамп!» – деб ёзди у.
Financial Times журналисти Кристофер Миллер Украина расмий шахслари унга мораторий ҳақида фақат Трампнинг баёноти орқали хабар топишгани, Россиядан сигнал келмагани ва ҳозирча бундай сулҳга эришилганига ишончи комил эмаслигини айтишгани ҳақида хабар қилди.
Фақат 30 январ кунига келиб Кремл Трамп Путинга шундай илтимос билан чиққанини тасдиқлади.
«[АҚШ президенти Доналд] Трамп чиндан ҳам [Россия президенти Владимир Путинга] музокаралар учун қулай шароит яратиш мақсадида 1 февралгача Киевга зарба беришдан тийилиш бўйича шахсий илтимос билан мурожаат қилди», – деди Кремл расмий вакили Дмитрий Песков журналистларга.
Путин Трампнинг илтимосига рози бўлдими, дея аниқлаштириш мақсадида берилган саволга Песков шундай жавоб қайтарган:
«Ҳа, албатта, бу ахир Трампнинг шахсий илтимоси».
РФ президенти матбуот котиби бу масалада ортиқ изоҳ бермаган.
Sergei Gapon / AFP / Scanpix / LETA
Тинчлик музокаралари
Аввалроқ FT газетаси АҚШ ва Украина Россияга чекланган ўт очишни тўхтатиш режимини таклиф қилиш имкониятини муҳокама қилишгани, унинг доирасида Киев Россия нефтни қайта ишлаш корхоналари ва «яширин флот» танкерларига ҳужумларини тўхтатиши эвазига Москва Украинадаги энергетика инфратузилмасига зарба беришни тўхтатиши кўзда тутилганини хабар қилганди.
Шу билан бирга, нашр манбаларидан бири Россия билан бу таклиф бўйича музокаралар «жадал босқичда эмаслиги»ни айтганди. У Путин Украина энергетика инфратузилмаларига зарбаларни муҳим дастак сифатида кўришидан келиб чиқиб, мораторийга рози бўлишига даргумонлигини тахмин қилганди.
Украиналик юқори мартабали мулозимлардан бири Financial Times нашрига, Киев ҳам энергетика соҳасида ўт очишни тўхтатиш борасида иккиланаётганини айтиб, буни Украина узоқ масофали дронлардан фойдаланиш дастури доирасида Россиянинг нефт-газ объектларига, сўнгги пайтларда эса Қора денгиздаги нефт танкерларига (Киев улар Кремл ҳарбий машинасини озиқлантирмоқда, деб ҳисоблайди) муваффақиятли зарбалар бераётгани билан изоҳлаган.
Жорий йил бошида Россия Украина энергетикасига ҳужумларни кўпайтирди. Янги тўлқин кучли совуқларга тўғри келди. Электр энергетикаси объектлари ўққа тутилиши кўп қаватли турар жой бинолари иссиқлик таъминоти ва ичимлик сувидан ҳам маҳрум бўлишига олиб келди.
Январ ойида россиялик ҳарбийлар юзлаб ракеталар ва дронлардан фойдаланган ҳолда уч марта – 9, 20 ва 24 январ кунлари ёпирилма ҳужум амалга оширди, бу ҳужумларнинг асосий йўналиши ҳар сафар Киев бўлди. Ҳар бир ҳужумдан кейин минглаб кўп қаватли уйлар иссиқлик таъминотисиз қолди.
Яқин кунларда Киевда яна кучли совуқ бўлиши ва ҳарорат –25 даражагача тушиши кутилмоқда. Чоршанба куни Зеленский разведка маълумотларига таяниб, Россия янги ҳужумга тайёрланаётган бўлиши мумкинлигини айтганди.
Сўнгги ёпирилма зарба ва Киевдаги минглаб кўп қаватли уйлар иссиқликдан узилиши 24 январ куни рўй берганди, ўша куни Абу-Дабида уруш бошидан буён илк бор Россия, Украина ва АҚШ вакиллари иштирокида уч томонлама музокаралар бўлиб ўтаётганди.
Музокараларнинг иккинчи босқичи 1 февралга режалаштирилган. АҚШ давлат котиби Марко Рубио шу кунларда Трампнинг вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер янги учрашувларда иштирок этмаслигини маълум қилди. У шунингдек, Донбассдаги ҳудудий ён беришлар мавзуси АҚШ воситачилигидаги музокараларда фикрларни мувофиқлаштиришни талаб қиладиган асосий ҳал қилинмаган масала бўлиб қолаётганини айтган.
Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков Рубионинг сўзларини изоҳлар экан, унинг фикрига қўшилмади. «Мен бундай деб ўйламайман», – дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги. Кейинроқ Ушаков Россиянинг «Биринчи канали»га берган интервюсида шундай деди: «Ҳудудий масала – энг асосий масала, аммо кўплаб бошқа масалалар ҳам кун тартибида қолмоқда».
Америка томони тинчлик музокараларида «сезиларли тараққиёт» ва «кўп ижобий» натижаларга эришилганини таъкидлашда давом этмоқда.
«Ўтган якшанба куни Абу-Дабида Жаред [Кушнер], мен ва [АҚШ қуруқликдаги қўшинлар вазири] Дэн Дрисколл Россиянинг беш генерали билан учрашдик. Ва биз сезиларли ютуқларга эришдик, деб ҳисоблаймиз, – деди Уиткофф Оқ уйдаги йиғилишда. – Ҳудудлар бўйича келишувни муҳокама қилаётган томонлар ўртасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Биз [хавфсизлик кафолатлари] тўғрисидаги келишув ва [Украинани урушдан кейинги тиклаш режаси] бўйича фаровонлик келишуви устидаги ишларни деярли якунладик. Ва ўйлайманки, Украина халқи биз яқин орада тинчлик битими тузишимизга умид қилмоқда ва кутмоқда».
Сўнгги маълумотларга кўра, Киевда 454 та турар жой биноси ҳамон иссиқлик таъминотисиз қолмоқда.