Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хотирланган Каримов, ҳайдовчиликка ўқишга субсидия ва кўпайган қизамиқ – маҳаллий дайжест
Бугун президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат ва парламент вакиллари билан бирга марҳум Ислом Каримовни хотирлади, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонни қизамиқдан холи мамлакат мақомидан маҳрум қилди, айрим ёшларга ҳайдовчилик ўқув курси учун субсидия берилади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Биринчи президент хотираси ёд этилди
Президент Шавкат Мирзиёев 30 январ куни Тошкент шаҳрида Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Тадбир биринчи президент таваллуд топган кунга бағишланди.
Маросим давомида Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Биринчи президентнинг Ватан манфаатлари йўлидаги фаолияти, инсоний фазилатлари ёдга олинди.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва ҳукумат вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тошкентда FIFA Жаҳон чемпионати кубоги кенг жамоатчиликка намойиш этилди
Ўзэкспомарказ кўргазмалар залида FIFA Жаҳон чемпионати кубоги кенг жамоатчиликка тақдим қилинди. Тадбир World Cup Trophy Tour доирасида бўлиб ўтди.
Маросим Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихда илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани фонида ўтказилгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Тадбирда италиялик машҳур футболчи, жаҳон чемпиони Марко Матерацци, шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов иштирок этди. Улар ёш футболчилар ва мухлислар билан учрашиб, Жаҳон чемпионати кубогининг мавқейи ва спортдаги интизом ҳамда иштиёқ ҳақида фикр алмашди.
ЖССТ Ўзбекистонни қизамиқдан холи мамлакат мақомидан маҳрум қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сўнгги бир неча йил ичида касалланиш ҳолатлари кўпайгани сабабли Ўзбекистонни қизамиқдан холи мамлакат мақомидан маҳрум қилди.
Халқаро ташкилот мутахассисларининг аниқлик киритишича, Ўзбекистонда 2024 йилда қизамиқ эпидемияси кузатилган. Қоидаларга кўра, агар вирус қайтиб келса ва унинг юқиши бир йилдан ортиқ вақт давомида узлуксиз давом этса, давлат ўз мақомини йўқотади.
Мутахассислар ушбу касаллик авж олишининг асосий сабабини оммавий эмлашдаги бўшлиқлар деб атамоқда, бунинг оқибатида айниқса вояга етмаганларда иммунитет пасаяди.
2025 йилда Ўзбекистонда ярим миллиондан кўпроқ одам маъмурий жазога тортилди
Ўтган йили Ўзбекистонда жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларининг тергов судялари томонидан 825050 нафар шахсга нисбатан 690879 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
Кўрилган ишлар доирасида 509146 нафар шахсга маъмурий жазолар қўлланган. Хусусан, 415531 кишига нисбатан жарима, 91663 кишига эса маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилган. Ярашилгани муносабати билан 121906 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Айрим ёшларга ҳайдовчилик ўқув курси учун субсидия берилади
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшлар учун янги имтиёз жорий этилмоқда – 2026 йил 1 февралдан эътиборан “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш бўйича ўқув курслари харажатларини қоплаш учун субсидия ажратилади.
Мазкур субсидия ҳайдовчилик гувоҳномасининг A, B, D ҳамда DE тоифаларини олиш учун тўланади. Бу эса ёшларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва барқарор даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашишга қаратилган.
Ёшлар субсидия учун тегишли туман ёки шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ёшлар дафтари” билан ишловчи тузилмаларга мурожаат қилиши мумкин.
Мавзуга оид
22:14 / 29.01.2026
Хоразмдаги «тадбиркор» давлат хизматчилари ва Самарқанддаги шартли ёлланма қотил – маҳаллий дайжест
21:32 / 28.01.2026
ИИВ тизимида тайинловлар, 1 йил сақланадиган сим-карта ва муомаладаги сохта “права”лар – маҳаллий дайжест
23:06 / 27.01.2026
Коррупцияда айбланган мансабдорлар, “Малика”даги бебошлик ва Ҳажга онлайн навбат – маҳаллий дайжест
22:01 / 26.01.2026