Ўзбекистон | 21:08
1097
5 дақиқада ўқилади

Эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ёрдам ва 7-қават деразасидаги болакай – маҳаллий дайжест

Рамазон ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик ёрдам берилади. Тошкент шаҳрида инсон аъзолари ва тўқималарини ноқонуний олди -сотдиси билан шуғулланишда гумон қилинган шахслар қўлга олинди. Фарзандини 7-қават деразасидан ташқарига чиқарган онага чора кўрилади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Кам даромадли оилалар пиллачиликка жалб этилади ва қўллаб-қувватланади

Президент Шавкат Мирзиёев ипакчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Унда кам даромадли, ижтимоий реестрга киритилган оилаларни пиллачиликка жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Жорий йилдан бошлаб «маҳалла еттилиги» орқали аҳолига 1 кг пилла қийматининг 35 фоизи миқдорида субсидия, парваришлаш жиҳозлари ва ускуналар харидига 20 миллион сўмгача ссуда ажратиш йўлга қўйилади.

Пиллачиликда саноат усулини кенгайтириш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Ҳозир пилланинг асосий қисми хонадон шароитида етиштирилаётгани қайд этилар экан, махсус қуртхоналар ташкил этиш орқали ҳажм ва сифат барқарорлигини таъминлаш мумкинлиги таъкидланди. Кластерлар томонидан қуртхоналарни қуриш ва ишга туширишни рағбатлантириш, шу жумладан, қуртхоналарни ер ва мол-мулк солиғидан 2029 йил 1 январга қадар озод этиш таклиф қилинди.

Рамазон ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик ёрдам берилади

Президент қарори билан «Вақф» хайрия жамоат фондига 800 миллиард сўм ажратилди. Қарорга кўра, ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига кирувчи оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Бундан ташқари, ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасидаги ҳамда «маҳалла еттилиги» томонидан шакллантириладиган қўшимча рўйхатдаги эҳтиёжманд оилаларга 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Бунда қўшимча рўйхатга киритиладиган оилалар сони ҳудуддаги «давлат таъминотидаги оила» тоифасидаги оилалар умумий сонининг 20 фоизидан ошмаслиги белгиланган.

Инсон аъзолари ноқонуний трансплантациясига алоқадор шахслар қўлга олинди

Тошкент шаҳрида инсон аъзолари ва тўқималарини ноқонуний олиш-сотиш билан шуғулланишда гумон қилинган шахслар қўлга олинди. Аниқланишича, муқаддам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми билан судланган 1989 йилда туғилган фуқаро турмуш ўртоғи билан биргаликда эркаклар учун донорлик масалалари бўйича инсон аъзолари ва тўқималарини ноқонуний трансплантация қилиш ишларига доимий равишда аралашиб келгани маълум бўлди. Жумладан, “Истиқлол” клиникасида (Тожикистон) муайян шахсларга операция ўтказишни ташкиллаштириш билан шуғуллангани қайд этилди.

Шунингдек, унинг ўзи ҳам буйрак кўчириш операцияларини амалга оширган ва бу ишларга бошқа шахсларни жалб этган. Ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 133¹-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.

Ўзбекистон стандартлар институти қайта ташкил этилади

Президент фармонига мувофиқ, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ислоҳотларни жадаллаштириш доирасида Ўзбекистон стандартлар институти унинг таркибига Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказини қўшиб олиш орқали қайта ташкил этилади.

Шу билан бирга, мазкур марказ фаолияти тугатилади ҳамда унинг таркибидаги мувофиқликни баҳолаш органлари бекор қилинади.

Ҳужжатда шунингдек, миллий сифат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 2026 йил учун мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.

Фарзандини 7-қават деразасидан ташқарига чиқарган онага чора кўрилади

Ижтимоий тармоқларда номаълум аёл ўз фарзанди ҳаётини хавфга солиб, 7-қават деразасидан ташқарига чиқаргани акс этган видео тарқалди.

Тошкент шаҳри ИИББ хабарига кўра, ҳолат Янгиҳаёт тумани, Янги Чоштепа маҳалласида содир бўлган. 2001 йилда туғилган аёл вояга етмаган фарзандини 7-қават деразасидан чиқариб, телефонига тасвирга олган ҳамда видеони ижтимоий тармоққа жойлаган.

Таъкидланишича, ҳозир аёл руҳий ҳолатини текшириш мақсадида, руҳий-асаб касалликлар шифохонасига юборилган.

Унинг фарзандига зарар етмагани ҳамда у яқин қариндоши қарамоғига топширилгани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид