Ўзбекистон | 21:18
641
4 дақиқада ўқилади

Биринчи космонавт танлови ва оммавий заҳарланишга оид ишнинг судга оширилиши – маҳаллий дайжест

«Ўзбеккосмос» биринчи ўзбек космонавтини танлов асосида аниқлайди, унда барча иштирок этиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарланишига оид иш судга оширилди: 11 киши Жиноят кодексининг турли моддалари бўйича айбланмоқда. Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) истеъмолчилар томонидан нефт маҳсулотлари сифатини текшириш имконини берадиган махсус қурилмалар ўрнатилади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Биринчи ўзбек космонавти умумхалқ танлови асосида аниқланади

Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (Ўзбеккосмос) биринчи ўзбек космонавтини танлов асосида аниқлайди. Бу ҳақда «Ўзбеккосмос» директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Космонавтликка талаб юқори бўлади, соғлиқ, физиология, илмий, хорижий тил билиш нуқтайи назаридан. Умумхалқ танлови қилмоқчимиз. Бўлажак космонавт ҳозир ўқиётган бўлиши ёки ишлаётган бўлиши мумкин. Ким бўлишидан қатъи назар, космонавт бўлиш жуда катта бахт», деди Иброҳимов, бироқ танловнинг шартлари ва муддатига аниқлик киритмади.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни биринчи ўзбек космонавтини тайёрлаш бўйича дастлабки ишлар тақдимоти билан танишган эди. Унда космонавтни қисқа муддатга – 10-14 кунлик парвозга тайёрлаш таклиф қилинди, бундай парвозларни ташкил этиш бўйича халқаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарланишига оид иш судга оширилди: 11 киши айбланмоқда

2025 йил сентябрь ойида Тошкент вилоятининг айрим туманларидаги аутсорсинг асосида овқатлантириладиган давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши кузатилганди. Kun.uz манбаларининг хабар беришича, тергов ишлари якунланиб, иш айблов хулосаси билан судга оширилган.

Манбага кўра, тергов ҳаракатлари давомида барча захарланиш қайд этилган 1922 нафар тарбияланувчининг қонуний вакиллари сўроқ қилиниб, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган.

Иш доирасида 11 нафар шахсга Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “б” банди (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 257-1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан айб эълон қилиниб, 10 нафарига қамоққа олиш ва 1 нафарига уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган.

Ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин сифатини текшириш ускуналари ўрнатилади

Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) истеъмолчилар томонидан нефт маҳсулотлари сифатини текшириш имконини берадиган махсус қурилмалар ўрнатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон-2030 стратегиясида кўзда тутилган.

Қайд этилишича, ускуналар билан жиҳозлаш 2026 йилдан бошланади ва йил якунигача қамров даражасини 10 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу кўрсаткич 2027 йилда 25 фоиз, 2028 йилда 50 фоиз, 2029 йилда 75 фоиз, 2030 йилда эса 100 фоиз бўлиши керак. Ишлар хусусий сектор маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Атроф-муҳитга таъсир масалалари жамоатчилик билан муҳокама қилинади

Қонунчиликка мувофиқ, жамоатчилик эшитувлари мўлжалланаётган, режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик (ва бошқа) фаолиятнинг атроф-муҳитга эҳтимол тутилган таъсири масалаларини аҳоли ва жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилади.

Жамоатчилик эшитувлари давлат экологик экспертизаси ўтказилгунига қадар ташкил этилиши шарт. Бу талаб лойиҳа бўйича қарорлар қабул қилиниши олдидан жамоатчилик фикрини инобатга олишга хизмат қилади. Муҳокама натижалари расмий сайтларда очиқ эълон қилинади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид