Ўзбекистон | 20:20
864
4 дақиқада ўқилади

Камбағалликнинг янги чегараси ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилганларга қарши «ов» - маҳаллий дайжест

Ўзбекистонда 2026 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 715 минг сўм қилиб белгиланди. Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган, аммо яна рулга ўтирганлар фото ва видео кузатув камералари орқали аниқланади. Уй-жой қурилишида ер ажратиш ва рухсат бериш тартиблари тезлаштирилади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Камбағаллик чегараси 715 минг сўм миқдорида белгиланди

Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистонда 2026 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 715 минг сўмни ташкил этганини эълон қилди. Бу 2025 йилда амал қилган қийматдан (669 минг сўм) 6,9 фоизга юқори. Қайд этиш лозим, Статқўм 2025 йилги инфляцияни 7,3 фоизга баҳолаган эди.

Минимал истеъмол харажатлари (МИХ) – Ўзбекистонда камбағалликнинг расмий чегараси ҳисобланади. Қайси оилада жон бошига даромад МИХдан паст бўлса, расман камбағал ҳисобланади ва давлат уни камбағалликдан чиқариш масъулиятини олади.

Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган, аммо яна рулга ўтирганларни камералар аниқлайди

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (ЙҲХХ) маълум қилишича, энди ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар транспорт воситасини бошқарган ҳолатлар йўлларда ўрнатилган кузатув камералари орқали автоматик равишда аниқланади.

Қонунчиликка кўра, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда транспорт воситасини бошқарган шахсларга нисбатан биринчи марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима қўлланади. Агар ушбу ҳуқуқбузарлик иккинчи марта такрорланса, ҳуқуқбузарга нисбатан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Уй-жой қурилишида ер ажратиш ва рухсат бериш тартиблари тезлаштирилади

Президент томонидан имзоланган янги фармонда уй-жой қурилиши учун ер ажратиш ва рухсат бериш жараёнлари соддалаштирилиб, инвестиция-қурилиш даврининг давомийлиги 1,5 бараваргача қисқартирилиши белгиланди.

Фармонга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Янги Ўзбекистон” массивлари учун янги ҳудудларни танлаб олиш мезонларига мос келадиган лойиҳаларга “Янги Ўзбекистон” массиви мақоми берилиб, уларга амалдаги тартиб-таомиллар ва молиялаштириш манбалари татбиқ этилади.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивларида йўл-транспорт инфратузилмаси лойиҳаларини ишлаб чиқишда қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия тежовчи ускуналар ва муқобил иссиқлик тизимларидан кенг фойдаланиш, шунингдек экологик тоза “яшил” транспорт муҳитини яратиш назарда тутилган.

Тошкентдаги ҳар бир туманда экобоғ барпо этилади

Тошкент шаҳрида яшил ҳудудларни кенгайтириш ва ҳар бир туманда биттадан экобоғ барпо этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Президент қарорига кўра, 2026 йил 1 мартдан 2028 йил 1 мартга қадар эксперимент тариқасида белгиланган ер участкаларида кўп квартирали уйларни комплекс қурилиш механизмлари асосида қуришни назарда тутувчи “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими жорий этилади.

Ташкил этилган инвестиция компаниялари тегишли ҳудудларда комплекс қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш учун масъул ташкилот сифатида фаолият юритади. Ҳудудларда яшил боғлар, экопарк ва хиёбонларни барпо этиш Инвестиция компаниялари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид