Ўзбекистон | 20:43
581
4 дақиқада ўқилади

Янги мис бойитиш фабрикаси ва сунъий интеллект бўйича этика меъёрлари – маҳаллий дайжест

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида янги - 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди. Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидалари қабул қилинди. Ёнғиндан кейин Тошкентдаги Park in Mall савдо маркази фаолияти тўхтатилди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Олмалиқда янги мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёев 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида барпо этилган мис концентратини филтрлаш корпусида бўлди.

3-мис бойитиш фабрикаси таркибидаги корпус йилига 917 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқариш қувватига эга. Замонавий саноат пресс-филтрлари, насос агрегатлари, шлам ва сув айланма тизимлари ўрнатилган. Ускуналар халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, юқори самарадорлик ва энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради. Айни вақтда қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, корпусда умумий 5 та пресс-филтрдан 3 таси тўлиқ ишга туширилган, яна 2 таси ишга туширишга ҳозирланмоқда. Шу йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобга олинса, мисни чуқур қайта ишлаш қуввати 240 минг тоннага етади.

Сунъий интеллект бўйича этика меъёрлари тасдиқланди

Адлия вазирлиги томонидан сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидалари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ҳужжатга кўра, сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланишда қонунийлик, шахс, жамият ва давлат манфаатлари ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш устуворлиги, тушунарлилик, масъулият ва жавобгарлик, адолатлилик ва камситишга йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик, маълумотлар ҳимояси ҳамда ишончлилик ва хавфсизлик каби асосий этика тамойиллари белгиланди. Шунингдек, айрим қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллект тизимлари хулосаларига таянмаслик талаби ҳам жорий этилди. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор юридик аҳамиятга эга қарорлар, шунингдек соғлиқни сақлаш соҳасида — касалликларни ташхислаш ёки даволаш усулларини белгилаш каби масалаларда қарор қабул қилишда сунъий интеллект натижаларига тўлиқ таяниш мумкин эмаслиги қайд этилган.

Ёнғиндан кейин Park in Mall савдо маркази фаолияти тўхтатилди

15 март куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган Park in Mall оилавий савдо-кўнгилочар марказининг учинчи қаватида ёнғин содир бўлганидан сўнг, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти тегишли ҳужжатларга асосан марказ фаолиятини вақтинча тўхтатди.

Вазирлик маълумотига кўра, чеклов чораси ёнғин хавфсизлиги соҳасида аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунига қадар амал қилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга бинодаги ижарачилар томонидан электр симларидан нотўғри фойдаланганлик сабаб бўлиши мумкин.

Март ойининг иккинчи ярмида табиий газ учун базавий меъёр 50 куб метрни ташкил этади

Ўзбекистонда газ истеъмоли бўйича қишки базавий меъёр муддати тугади: 16 мартдан бошлаб 1 ноябрга қадар ҳар ой учун 100 куб метргача (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1 октябргача) базавий меъёр амал қилади. Март ойининг қолган кунлари учун базавий меъёр 50 куб метр этиб белгиланди.

Қайд этилишича, бир ойлик 500 куб метр базавий меъёр ойнинг биринчи ярми учун (1−15 март кунлари) тенг улушларда тақсимланганда 250 куб метрни ташкил этади. Бир ойлик 100 куб метр базавий меъёр ойнинг иккинчи ярми учун (16−31 март кунлари) тенг улушларда тақсимланганда 50 куб метрни ташкил этади ва мана шу 50 куб метр газ учун ҳам аҳоли истеъмолчилари базавий меъёр доирасида, яъни 1800 сўмдан эмас, 1000 сўмдан тўлов амалга оширади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид