Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Credit House иши бўйича қамалганлар ва Сурхон дарёси ўзанига оққан нефт – маҳаллий дайжест
Тошкентда уй олмоқчи бўлган икки мингга яқин кишини чув туширган InFinStroy-Invest ва Credit House компаниялари мансабдорларига суд ҳукми ўқилди. Президент ишламай қуруқ ойлик олиб ўтирганларни танқид қилди. Сурхондарёда нефт дарё ўзанига оқиб кетди. Чирчиқда «кўча ечими» ва безорилик билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Credit House иши бўйича 6 киши қамалди
Тошкентда уй олмоқчи бўлган икки мингга яқин кишини чув туширишда айбланган InFinStroy-Invest ва Credit House компаниялари мансабдорларига суд ҳукми ўқилди.
6 нафар айбланувчига турли муддатларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жумладан, фирибгарлик схемасининг тепасида тургани айтилган Дмитрий Баженов 9 йилга «кесилди». 3 нафар аёлга эса шартли равишда озодликни чеклаш жазоси берилди. Айбдорларга жабрланган шахсларга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилди.
Суд ҳукмига кўра, етказилган умумий зарар 450 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 300 миллиард сўмдан ортиғи айбдорлар томонидан қопланган.
Президент ишламай қуруқ ойлик олиб ўтирганларни танқид қилди
Шавкат Мирзиёев 24 апрел куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Иқтисодий эркинлик индексида 14 поғона юқорилаб, илк бор иқтисодиёти «мўътадил эркин» давлатлар қаторидан жой олганини айтди.
«Бунинг учун қандай қийин ва машаққатли йўлни босиб ўтганимизни билганлар билади. Умуман, йил бошидан эришилган натижалар, кўрсаткичлар меҳнатимизга яраша бўлди. Лекин ишламай қуруқ ойлик олиб ўтирганлар ҳам ишлаганлар билан «битта поездда кетяпти». Замон, иқтисодиёт ва одамлар талаби кун сайин ортмоқда. Йилнинг учдан бири ўтиб бўлди. Афсуски, айримлар ҳали ҳам «уйғонгани йўқ», деди президент.
Давлат раҳбари ким биринчи чорак кўрсаткичи яхши бўлди, йил якунигача ҳам шундай давом этади, деб хотиржамликка берилса, хато қилишини таъкидлади.
Сурхондарёда нефт дарё ўзанига оқиб кетди
Маълум қилинишича, Бойсун тумани, Кофрун маҳалласидан оқиб ўтувчи Хангаронсой оқими бўйлаб чап томонида нефт сақланадиган вақтинчалик ҳовузлар бўлган.
Ушбу ҳовузлар бурғилаш чоғида ер юзасига чиққан нефт хомашёси сойга оқиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий йил январ-феврал ойларида Eriell компанияси томонидан тупроқдан дамба қилиш йўли билан барпо этилган. Уларда тўпланган нефт махсус техникалар ёрдамида ташилган.
23 апрел куни Бойсун туманида рўй берган кучли ёғингарчилик туфайли Хангаронсойда сув кўпайиб, вақтинчалик дамбалардан сел-тошқин сувлари тошган. Оқибатда нефт аралашган сув Бандихон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бандихонсойга, у орқали Қумқўрғон туманидан оқиб ўтувчи Сурхон дарёсига қуйилган.
Чирчиқда «кўча ечими» ва безорилик билан шуғулланган шахслар қўлга олинди
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида безорилик билан шуғулланганлар ушланди. Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Унда Чирчиқ шаҳрида «кўча ечими» ва безорилик билан шуғулланган 6 киши қўлга олинган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Қўлга олинганлар 24-38 ёш оралиғида бўлиб, Тошкент, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидан. Улар ошкора равишда жамоат тартибини бузиб, безориликлар содир этган. Фуқароларга руҳий ва жисмоний босим ўтказиш орқали пул топиш билан шуғулланган.
Мавзуга оид
19:02 / 23.04.2026
Банк картасидаги кафолатли қолдиқ ва маст ҳолдаги ЙПХ ходими – маҳаллий дайжест
18:38 / 22.04.2026
Санъаткорларга танбеҳ берган вазир ва ўқитувчилардан узр сўраган ҳоким – маҳаллий дайжест
21:00 / 21.04.2026
Ривалдога қарзни тўламайдиган “Ўзбекнефтгаз” ва навбатдаги молиявий пирамида – маҳаллий дайжест
18:35 / 20.04.2026