Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марғилонда янги туризм мажмуаси ва 7 миллионга яқинлашган ўртача иш ҳақи – маҳаллий дайжест
Марғилонда «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуаси очилди, тантанали маросимда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи миқдори 7 миллион сўмга яқинлашди. Ҳар минг оиладан 175 таси ажрашаётгани маълум бўлди. Уч ойда 62 киши иш жойидаги бахтсиз ҳодисаларда ҳалок бўлди.
Марғилонда «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуаси очилди
Тантанали маросимда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Давлат раҳбари Фарғона аҳлини ушбу тарихий воқеа билан самимий табриклаб, мажмуа нафақат Марғилон, балки бутун Фарғона водийси маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган 35 гектарлик мажмуа Ислом ҳуқуқшунослиги институти, мақом театри, очиқ амфитеатр, ўлкашунослик музейи, адиб ва санъаткорлар хиёбони, ҳунармандлар маркази, меҳмонхона ва сервис шохобчаларини ўз ичига олади. Мажмуа Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, ҳудуднинг қадимий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Президент бу муҳташам обида Янги Ўзбекистон мўъжизалари қаторидан муносиб ўрин эгаллаб, Фарғона вилоятининг ташриф қоғозларидан бирига айланишига ишонч билдирди.
Ўртача иш ҳақи миқдори 7 миллион сўмга яқинлашди
2026 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6 млн 825 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,4 фоизга ўсди.
Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (11 млн 684 минг), Навоий (8 млн 453 минг) ва Тошкент вилоятида (6 млн 169 минг), энг кам миқдори эса Қашқадарё (4 млн 665 минг), Сурхондарё (4 млн 724 минг) ва Фарғона (5 млн 19 минг) вилоятларида қайд этилган.
Ҳисобот даврида фақатгина иккита маъмурий ҳудудда (Тошкент шаҳри ва Навоий вилояти) номинал иш ҳақи республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.
Ҳар минг оиладан 175 таси ажрашяпти – тадқиқот
2025 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги коэффициенти 175,6 промиллени ташкил этди. Бу 1000 та никоҳга ўртача 175 та ажралиш тўғри келишини англатади.
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти таҳлилларига кўра, мазкур кўрсаткич халқаро миқёсда паст бўлиб, Ўзбекистондаги ажралишлар даражаси кўплаб бошқа давлатларга нисбатан «анча кам эканини» кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида никоҳ барқарорлиги юқори даражада сақланиб қолмоқда. Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятида эса ажримлар нисбатан юқорироқ экани кузатилмоқда.
Уч ойда 62 киши иш жойидаги бахтсиз ҳодисаларда ҳалок бўлди
2026 йил 1-чорагида 62 киши меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар оқибатида ҳалок бўлгани қайд этилди.
Январ-март ойларида республикада меҳнат фаолияти билан боғлиқ 198 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Уларнинг 9 таси гуруҳий, 139 таси оғир оқибатли, 49 таси эса ўлим билан якунланган.
Бахтсиз ҳодисалар оқибатида 146 киши оғир тан жароҳати олган, 15 киши енгил жароҳатланган, 62 киши вафот этган.
Мавзуга оид
18:35 / 27.04.2026
Қўқондан Марғилонга янги поезд ва Ангренда юк машинаси иштирокидаги фожиа — маҳаллий дайжест
19:08 / 24.04.2026
Credit House иши бўйича қамалганлар ва Сурхон дарёси ўзанига оққан нефт – маҳаллий дайжест
19:02 / 23.04.2026
Банк картасидаги кафолатли қолдиқ ва маст ҳолдаги ЙПХ ходими – маҳаллий дайжест
18:38 / 22.04.2026