Ўзбекистон | 20:42
849
4 дақиқада ўқилади

Ҳаж мавсумининг бошланиш санаси ва ҳакер томонидан сотувга қўйилган маълумотлар – маҳаллий дайжест

Ўзбекистонда 2026 йилги Ҳаж мавсуми 2 майдан бошланади ҳамда 18 майга қадар ҳар куни Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади. ППХ ходими ёш қизга шилқимлик қилганликда айбланди, ИИББ ҳолатни рад этди. Киберхавфсизлик маркази ходимлари ҳақида экани айтилган маълумотлар ҳакер томонидан сотувга қўйилди. Сирдарёда солиқчи пора сифатида тилла тақинчоқ олганда ушланди.

«Ҳаж – 2026» мавсуми 2 майдан бошланади

Ўзбекистонда 2026 йилги Ҳаж мавсуми 2 майдан бошланади ҳамда 18 майга қадар ҳар куни Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади.

Зиёратчилар Ўзбекистоннинг 9 та ҳудуди – Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларидаги аэропортлардан Мадина шаҳрига учади.

Жорий йилда ҳам Ўзбекистон учун 15 минг дона квота ажратилган. Ҳаж сафарининг нархи бир киши учун 77 миллион 73 минг сўм (қарийб 6400 доллар) қилиб белгиланди.

ППХ ходими ёш қизга шилқимлик қилганликда айбланди, ИИББ ҳолатни рад этди

Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳрида ППХ ходими 14 ёшли қизни дугонаси билан бирга тоғли ҳудудга олиб бориб, шилқимлик қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳолат текширилаётганини, ходим ишдан бўшатилганини маълум қилди. Кейинчалик, ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ изоҳ берди. Қайд қилинишича, хабарда келтирилган иддаолар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди.

Таъкидланишича, ҳолат 27 апрел куни тунда содир бўлган. Оҳангарон шаҳар ИИБ ППХ ходимига таниши 22 ёшли аёл қўнғироқ қилиб, маслаҳат олиш заруратини айтиб чақирган. ППХ ходими машинада етиб борган вақтида аёл ва унинг 14 ёшли қиз таниши машинага ўтирган. Шу вақтда 18 ёшли йигит 4 нафар таниши билан келиб, ходимни ҳақоратлаб, жанжал кўтарган.

ИИББ ҳолат вояга етмаган қиз иштирокида бўлгани сабабли, тўлиқ тафсилотлар ҳозирча очиқланмаслигини маълум қилди. Шунингдек, иш якунига кўра ёлғон ахборот тарқатган шахсларга нисбатан чора кўрилишини қўшимча қилди.

Киберхавфсизлик маркази ходимлари ҳақида экани айтилган маълумотлар ҳакер томонидан сотувга қўйилди

Номаълум ҳакер Ўзбекистон «Киберхавфсизлик марказининг ички тизимларига муваффақиятли кириб борганини» даъво қилиб, 100 нафар ходим ҳақидаги маълумотларни даркнетда эълон қилди. У бундан ҳам махфийроқ маълумотлар борлигини айтиб, нархини 200 минг долларга баҳолаган.

Киберхавфсизлик маркази ҳолат юзасидан изоҳ бериб, дастлабки ўрганишлар натижасига кўра, мазкур тарқатилаётган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди. «Таъкидлаш лозимки, Киберхавфсизлик маркази ички ахборот тизимлари бузилмаган ва бундай турдаги маълумотлар базасидан фойдаланилмайди», дейилади ДУК расмий баёнотида.

Сирдарёда солиқчи пора сифатида тилла тақинчоқ олганда ушланди

Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси мансабдор ходими заргарлик буюмлари савдоси билан шуғулланувчи корхона гўёки 1 млрд сўмдан юқори савдо айланмасини яшириб, мажбурий тўловдан бўйин товлагани баҳонасида унга нисбатан сунъий шакллантирилган 145 млн сўм жаримани қўлламасликни, шунингдек, келгуси фаолиятида раҳнамолик қилишни айтган.

Сўнгра ушбу «хизмати» эвазига корхона раҳбаридан 10 млн сўмлик тилла тақинчоқни олган вақтида тезкор тадбирда ДХХ томонидан ушланди. Ҳозир унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид