Ўзбекистон | 20:06
929
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Хивага электропоезд ва иккита Malibu иштирокида суғурта фирибгарлиги – маҳаллий дайжест

Тошкент – Хива йўналишида «Жалолиддин Мангуберди» тезюрар поезди қатнови 3 майдан бошланади. Суғурта бозорида сохта йўл-транспорт ҳодисасига асосланган суғурта фирибгарлиги схемаси аниқланди, унда иккита Malibu иштирок этган. Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари белгиланди. Сирдарёда норасмий никоҳдаги аёл эрининг қонуний хотини ва қизини ўлдирди.

Тошкент – Хива йўналишида «Жалолиддин Мангуберди» тезюрар поезди қатнови 3 майдан бошланади

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, поезд 7 соат 30 минутда манзилга етиб боради. Чипта нархи 780 минг сўм.

Поезд Тошкентдан Хивага ҳафтанинг сешанба, пайшанба, шанба кунлари, Хивадан Тошкентга ҳафтанинг чоршанба, жума, якшанба кунлари йўлга чиқади.

Ҳаракат жадвали: Тошкент Марказий вокзалидан Хивага жўнаш 07:00, етиб бориш 14:31. Хивадан Тошкент Марказий вокзалига жўнаш 07:20, етиб келиш 14:51.

Тошкентда суғурта фирибгарлиги схемаси фош қилинди

Суғурта бозорида сохта йўл-транспорт ҳодисасига асосланган уюштирилган суғурта фирибгарлиги схемаси аниқланди. Уч киши жиноий режа тузиб, сохта йўл-транспорт ҳодисаси ва қалбаки ҳужжатлар орқали суғурта ташкилотларидан суғурта тўловларини олиб келган. Уюшган гуруҳ 14 та эпизоднинг 8 тасида бу ишни уддалаган: суғурта компанияларидан жами 110 млн сўмга яқин маблағ суғурта товони сифатида олинган.

Эпизодларда асосан 2 та машина «жабрланувчи» сифатида иштирок этган: давлат рақами 01 L 368 AC бўлган оқ рангли Malibu ҳамда давлат рақами 01 С 897 МС бўлган қора рангли Malibu. Суд жиноий схема иштирокчиларини йирик миқдорда жаримага тортди.

Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари белгиланди

Қоидаларга кўра, кўп квартирали уйлар учун бошқариш органлари томонидан умумий техник паспорт юритилади.

Ҳафтада 1 марта кўп квартирали уйларнинг лифт хоналари тозаланади ҳамда лифт ускуналари доимий техник мониторинг қилинади. Уй ҳайвонларини умумий фойдаланишдаги жойларда, зинапояда, чердакда, ертўлада, шунингдек умумий фойдаланишдаги ошхонада, балконда ва лоджияда сақлаш тақиқланади. Шунингдек, уйларга туташ ер участкаларида мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар ўйнаши учун, катта ёшдаги аҳолининг дам олиши учун, жисмоний тарбия машғулотлари билан шуғулланиш учун, маиший чиқиндиларни йиғиш учун, ит ва бошқа уй ҳайвонларини сайр қилдириш учун майдончалар бўлиши шарт.

Сирдарёда норасмий никоҳдаги аёл эрининг қонуний хотини ва қизини ўлдирди

Сирдарё вилояти Ширин шаҳарчасида мудҳиш қотиллик содир этилди. 1997 йилда туғилган М.С. ўз хонадонида уй юмушлари билан банд бўлган. Эрининг шаръий никоҳидаги хотини – 29 ёшли Н.Х. уйга бостириб келиб, уни ва икки қизини пичоқлаган. Сўнгра қочиб кетган. Қизларнинг каттаси 5, кичиги 3 ёшда бўлган.

Оқибатда аёл ва 5 ёшли қизи Ш.С. воқеа жойида вафот этган. 3 ёшли қизи И.С. эса оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Ҳозир у жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а,в,ж” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи Н.Х. процессуал тартибда ушланган.  

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид