Ўзбекистон | 20:08
862
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон акциялари Лондонда ва собиқ амалдорлар учун эҳтимолий чеклов – маҳаллий дайжест

18 май куни Лондон фонд биржасида (LSE) Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акцияларининг илк оммавий жойлаштирилиши бўлиб ўтди. Давлат идораларида ишлаган раҳбарларнинг ўзи назорат қилган ташкилотларга ишга ўтишига нисбатан чеклов жорий этилиши мумкин. Бухорода безори ёшлар, Фарғонада талончилар тўдаси ушланди. Учта давлат ташкилотининг 23 млрд сўмлик давлат харидларида қоидабузарликлар аниқланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистон акциялари Лондон фонд биржасига жойлаштирилди

18 май куни дунёнинг энг йирик ва қадимий биржаларидан бири - Лондон фонд биржасида (LSE) Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акцияларининг илк оммавий жойлаштирилишига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда Ўзбекистон президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Обид Ҳакимов иштирок этди. Аввалроқ Миллий инвестиция жамғармасининг 31 фоиз улуши 603,6 млн долларга сотилгани хабар қилинганди.

UzNIF портфелига қуйидаги компаниялар киради: «Ҳудудий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзбектелеком», «Uzbekistan Airways», «Темирйўлинфратузилма», «Ҳудудгазтаъминот», «Тошшаҳартрансхизмат», «Ўзбекистон МЭТ» АЖ, «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси», «Ўзбекинвест», «Ўзсувтаъминот» ва «Ўзсаноатқурилишбанк».

Икки йиллик чеклов: собиқ амалдорлар учун янги тартиб таклиф этилди

Давлат идораларида ишлаган айрим раҳбар ва масъул ходимларнинг ўзи назорат қилган ташкилотларга ишга ўтишига нисбатан янги чекловлар жорий этилиши мумкин. Бу бўйича тегишли низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳага кўра, давлат органи ёки бошқа ташкилотда меҳнат шартномаси тугатилган ёки хизматдан бўшатилган ходим сўнгги икки йил давомида ўзи бевосита ёки билвосита назорат қилган ташкилотга ишга қабул қилиниши учун коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг хулосаси талаб этилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур тартибнинг асосий мақсади манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат ваколатларидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш хавфини камайтириш ҳамда «айланма эшик» ҳолатларига йўл қўймасликдан иборат.

Бухорода безори ёшлар, Фарғонада талончилар тўдаси ушланди

Бухоро шаҳрида айрим масалалаларни «кўча» усулида ҳал қилмоқчи бўлган ёшлардан иборат гуруҳ аъзолари ушланди. ИИВ хабарига кўра, гуруҳ аъзолари ижтимоий тармоқларда тортишиб қолган ёшлар билан «масалани ҳал қилиш» учун учрашув белгилаган. Улар учрашувга келган ёшларни 10-15 киши бўлиб калтаклаган. Шунингдек, жабрланувчиларнинг Nexia машинасига ҳам жиддий шикаст етказган. Олиб борилган суриштирувлар натижасида мазкур ҳолатга алоқадор 13 нафар гумонланувчи шахси аниқланиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Фарғонада мактаб ўқувчиларини қўрқитиб, телефонларини, пулларини олиб қўйганлар ушланди. Вилоят ИИБ хабарига кўра, 6 кишидан иборат гуруҳ таркибида 18, 20 ва ҳатто 15 ёшли вояга етмаган шахс ҳам бўлган. Таъкидланишича, гуруҳга муқаддам Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан судланган, 2004 йилда туғилган шахс етакчилик қилган.

Қайд этилишича, улар шаҳарнинг Қиргули мавзесидаги мактаб ўқувчилари ва фуқароларни қўрқитиб, тан жароҳати етказиш билан таҳдид қилиб, телефон ва моддий қимматликларни ўғрилик, фирибгарлик, талончилик йўли билан қўлга киритган.

Учта давлат ташкилотининг 23 млрд сўмлик давлат харидларида қоидабузарликлар аниқланди

Қиймати 23 млрд сўмдан ортиқ бўлган давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўрилди, деб хабар берди Рақобат қўмитаси.

Олиб борилган ўрганишларга кўра:

- Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган жами қиймати 9,1 млрд сўмдан ортиқ бўлган 6 та;

- Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказилган жами қиймати 8 млрд сўмга яқин бўлган 6 та;

- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилган жами 6,7 млрд сўмга яқин бўлган 10 та танлов савдоларида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.

Қўмита махсус комиссияси томонидан буюртмачи ташкилотларга нисбатан иш қўзғатилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид