Ўзбекистон | 09:21
1376
2 дақиқада ўқилади

Икки йиллик чеклов: собиқ амалдорлар учун янги тартиб таклиф этилди

Ўзбекистонда давлат идораларида ишлаган айрим раҳбар ва масъул ходимларнинг ўзи назорат қилган ташкилотларга ишга ўтишига нисбатан янги чекловлар жорий этилиши мумкин. Бу бўйича тегишли низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Фото: Tengrinews.kz

Лойиҳага кўра, давлат органи ёки бошқа ташкилотда меҳнат шартномаси тугатилган ёки хизматдан бўшатилган ходим сўнгги икки йил давомида ўзи бевосита ёки билвосита назорат қилган ташкилотга ишга қабул қилиниши учун коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг хулосаси талаб этилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур тартибнинг асосий мақсади манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат ваколатларидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш хавфини камайтириш ҳамда “айланма эшик” ҳолатларига йўл қўймасликдан иборат.

Низом лойиҳаси давлат органлари, маҳаллий ҳокимиятлар, давлат муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган акциядорлик жамиятлари раҳбарлари ва бошқарув ходимларига нисбатан татбиқ этилади.

Унга кўра, ишга қабул қилувчи ташкилот собиқ ходимнинг охирги иш жойидан коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси хулосасини мажбурий тартибда сўраб олиши шарт бўлади. Хулосасиз ишга қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Лойиҳада коррупциявий хавф даражаси “паст”, “ўрта” ва “юқори” тоифаларга ажратилади. “Юқори” хавф аниқланган ҳолларда ишга қабул қилиш рад этилади.

Шунингдек, салбий хулосага қарамасдан ёки хулосасиз ишга қабул қилган мансабдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш