Иқтисодиёт | 17:36 / 26.05.2026
7457
3 дақиқада ўқилади

Газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов қилинганда 2 ой эски тарифлар амал қилади

2026 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистонда газ ва электр энергияси тарифлари оширилади. Амалдаги қоидаларга кўра, газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов қилинганда, аҳоли учун икки ой мобайнида, тадбиркорлар учун эса бир ой давомида эски тарифлар амалда бўлади.

Сунъий интеллект яратган сурат

«Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги ҳукумат қарорига кўра, истеъмолчилар газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов қилган бўлса, икки ой мобайнида эски тарифлар амалда бўлади. Хусусан, тариф ўзгарган тақдирда, янги тарифлар кучга кирган кундан бошлаб:

  • маиший истеъмолчилар аввалдан тўланган ҳажм учун икки ойдан ошмайдиган муддатга қўшимча тўловлардан озод қилинади;
  • бошқа истеъмолчилар (жумладан, тадбиркорлар) эса бир ойдан ошмайдиган муддатга қўшимча тўловлардан озод этилади.

Хусусан, 1 июнгача олдиндан тўловни амалга оширганда икки ой давомида (1 августгача) эски тарифлар амал қилади. Аммо бу фақат ижтимоий меъёр доирасидаги истеъмол ҳажмига — 100 куб метр газ ва 200 кВт/соат электр энергиясига тааллуқлидир. Ушбу ҳажмлар ошиб кетганда, оширилган янги нархларда ҳисоб-китоб қилишга ўтилади. Агар Холматовлар оиласи июн ойида 280 кВт/соат электр энергияси истеъмол қилса ва олдиндан тўловни амалга оширган бўлса, уларга 200 кВт/соат учун тўлов 120 минг сўмни (эски тариф бўйича 600 сўм), кейинги 80 кВт/соат учун ҳам 72 минг сўмни (201 кВт/соатдан 500 кВт/соатгача — 900 сўм) ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 1 июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари қуйидагича бўлади:

Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшовчи аҳоли учун:

— ойига 200 кВт соатгача — 325 сўм;

— 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача — 450 сўм;

— 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача — 550 сўм этиб белгиланди.

Қолган маиший истеъмолчилар учун эса:

— ойига 200 кВт соатгача — 650 сўм;

— 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача — 900 сўм;

— 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача — 1 минг 100 сўм бўлади.

Юқори ҳажмдаги истеъмол учун оширилган коэффициентли тарифлар сақланиб қолади.

Табиий газ бўйича барча истеъмолчилар учун (алоҳида тоифалардан ташқари) 1 куб метр газ нархи 2 минг сўм этиб белгиланди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун тариф 1 куб метр учун 2 минг 750 сўмни ташкил этади.

Аҳоли учун табиий газ тарифлари ҳам табақалаштирилган тартибда сақланиб, иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача, бошқа мавсумларда эса 100 куб метргача истеъмол учун 1 куб метр газ 1 минг 100 сўмдан ҳисобланади.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид