Ўзбекистон | 21:18
936
5 дақиқада ўқилади

Қоидабузар ҳайдовчилар учун янги жазолар ва Чирчиқ дарёси қирғоғида ўпирилиш — маҳаллий дайжест

Меҳнат кодексида жамоавий иш ташлашни амалга ошириш тартиби белгиланди. Қўпол йўл қоидабузарликлари учун автомобил мусодара қилиниши мумкин. Чирчиқ дарёси қирғоғининг бир қисми ўпирилди, уни тиклаш ишлари бошланди. Реновация қонуни: розилик олиш ва компенсация тартиби белгиланди. Тошкентда хавфли ҳаракатланган автомобил ўқ узиб тўхтатилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Иш ташлашни амалга ошириш тартиби белгиланди

Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, агар яраштириш таомиллари орқали жамоавий меҳнат низосини ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, меҳнат жамоаси иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ташкилот ходимлари йиғилишида қабул қилинади, бу иш ташлаш бошланишидан камида 1 ой олдин амалга оширилади.

Иш ташлаш инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарса, тинчлик ва хавфсизликка, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига, экологик барқарорликка таҳдид солса, суднинг қарорига асосан 30 календар кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин.

Фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазиятлар пайтида, уруш ҳолатида, умумий сафарбарлик эълон қилинган даврда иш ташлаш тақиқланади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Қўпол йўл қоидабузарликлари учун автомобил мусодара қилиниши мумкин

Ўзбекистонда қўпол йўл қоидабузарликлари учун транспортни вақтинча олиб қўйиш ёки мусодара қилиш чораларини жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда ЙҲХХ бошлиғи Шерзод Иброҳимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

Қайд этилишича, йўлларда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳ томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган ва давлат раҳбарига тақдим этилган.

Шу боис беш турдаги қўпол қоидабузарликлар учун маъмурий жазо чораси сифатида автотранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш жазо чорасини киритиш таклиф этилмоқда.

Чирчиқ дарёси қирғоғининг бир қисми ўпирилди

11 июнь куни Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, Нурафшон маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсида жойлашган «Сув сўндиргич» иншоотининг оқим бўйлаб ўнг нишаблигидаги бетон қопламаси ҳамда қирғоқ бўйи минтақасида ўпирилиш содир бўлди.

Сув хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида атрофдаги бино-иншоотлар, объектлар ҳамда аҳоли хонадонларига зарар етмаган, айни вақтда улар учун ҳеч қандай хавф мавжуд эмас.

Таъкидланишича, содир бўлган ўпирилиш ҳолатини бартараф этиш учун қирғоқни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Реновация қонуни: розилик олиш ва компенсация тартиби белгиланди

Президент 10 июнь куни “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун эскирган уйлар ва нотурар жойлар ўрнида янгиларини барпо этишни кўзда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш қоидаларини белгилайди.

Ҳужжатдаги таърифга кўра, шаҳарсозлик реновацияси – ҳудудни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш, ҳудуддаги бино-иншоотларни яшаш учун қулай ва энергия самарадор ҳолатга келтириш демакдир.

Реновация лойиҳаси ҳудудий ҳокимлик томонидан кўриб чиқишга қабул қилиниши учун мулкий ҳуқуқ эгаларининг камида бешдан тўрт қисмининг нотариал тасдиқланган ёзма розилиги талаб этилади. Мулкий ҳуқуқ эгаси ўз хоҳишига кўра компенсация олиши ёки реновация лойиҳасида ҳисса қўшувчи сифатида иштирок этиши мумкин.

Қонун 6 ойдан кейин – 2026 йил 12 декабрдан кучга киради.

Тошкентда хавфли ҳаракатланган автомобил ўқ узиб тўхтатилди

Тошкент шаҳрида ички ишлар органлари ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан хавфли ҳаракатланган Cobalt русумли автомобил ўқ узиш орқали тўхтатилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Cobalt русумли автомашина бир нечта транспорт воситаларига шикаст етказиб, тўхтамасдан кетиб қолганини кўриш мумкин. Таъкидланишича, автомобилни руҳий-асаб касалликлари шифохонасида рўйхатда турувчи 44 ёшли Р.Й. бошқарган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид