Авто | 18:32
867
3 дақиқада ўқилади

Олимлар ёруғликни деярли тўлиқ ютиб юборадиган автомобил бўёғини яратди

Бу бўялган сиртларни деярли ҳажмсиз кўрсатади ва автомобилнинг ўзи силуэтга ўхшайди.

Фото: Adobe Stock

Nippon Paint компаниясининг хитойлик тадқиқотчилари ёруғликнинг 99,9% дан ортиғини ютиб юборадиган ультра қора автомобил қопламасини ишлаб чиқди. Бу бўялган сиртларни деярли ҳажмсиз кўрсатади ва автомобилнинг ўзи силуэтга ўхшайди.

Оддий қора автомобил бўёғи техник углерод асосида тайёрланади, у ёруғликни 99,8% гача ютиши мумкин. Бироқ, унинг майда зарралари бир-бирига ёпишиб қолади, бу эса ёруғликнинг сочилиб кетишига ва қопламанинг ранг жилосини йўқотишига олиб келади. Бир қарашда, 99,8% ва 99,9% орасидаги фарқ аҳамиятсиз кўринади, аммо у визуал жиҳатдан жуда сезиларли, айниқса ҳашаматли автомобилларда.

Ушбу чекловни бартараф этиш учун олимлар углерод нанотрубкаларини қўшди - ёруғликни самарали ушлаб турадиган углерод атомларининг микроскопик цилиндрсимон тузилмалари. Махсус фрезалаш жараёнидан фойдаланиб, тадқиқотчилар углерод қора заррачалари тасодифий аралашмасдан, нанотрубкалар бўйлаб текис тарқалишига ишонч ҳосил қилишди.

Ушбу микротузилма сиртда кўплаб майда чўққилар ва чуқурчаларни ҳосил қилади. Бу чўққиларга тушадиган ёруғлик бу «тузоқлар» ичида бир неча бор акс этади ва орқага қайтмасдан, деярли тўлиқ сўрилади. Тадқиқотчилар структуравий ютилиш деб атайдиган айнан шу эффект уларга автомобил бўёғи учун рекорд даражадаги қораликка эришишга имкон берди.

Янги қопламанинг ўртача акс эттириш қобилияти тахминан 0,08% ни ташкил қилади. Таққослаш учун, аксарият анъанавий углерод қопламалари эса 1,5 дан 4% гача акс эттиради.

Янги бўёқ стандарт автомобил ускуналари билан қўлланилиши мумкин. Бундан ташқари, у дастлабки синовларидан муваффақиятли ўтди: икки ҳафта давомида юқори ҳарорат ва намлик таъсирида, шунингдек, 10 кун сувда бўлганидан сўнг, қоплама ўз сифатини сақлаб қолди.

Бироқ, бўёқни оммавий ишлаб чиқаришда қўлланилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Тадқиқотчилар ҳали ҳам қопламанинг тирналишларга, ультрабинафша нурланишига, коррозияга, тош зарбаларига ва реал ҳаётда дуч келадиган бошқа стрессларга чидамлилигини синаб кўриши керак.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш