Бу биринчиси эмас...

Мирзачўлдаги фожиа сунъий сув ҳовузлари билан боғлиқ илк бахтсиз ҳодиса эмас. Жорий йилнинг 3 июн куни Фарғона вилояти Боғдод туманида мембранали қоплама билан жиҳозланган сув ҳавзасига тушиб кетган бир фуқаро чўкиб ҳалок бўлган эди.

Бундан аввал ҳам шундай фожиа кузатилган. 2025 йил июл ойида Андижон вилояти Олтинкўл туманида томчилатиб суғориш тизими учун қазилган ҳовузга чўмилиш учун тушган икки нафар тўққиз ёшли бола сувга чўкиб вафот этган. Бундай маълумотларни яна давом эттириш мумкин, албатта.

Ушбу ҳодисаларни бирлаштириб турган умумий жиҳат шундаки, уларнинг барчаси сув тежовчи технологиялар учун қурилган сунъий ҳовузларда содир бўлмоқда. Бу эса гап алоҳида бир бахтсиз ҳодиса ҳақида бормаётганини, балки бундай иншоотларнинг хавфсизлиги етарли даражада таъминланмаётганини кўрсатади.

Бу ҳовузлар ҳозирча муқаррар тузоқ

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сув танқислиги кучайиб бормоқда. Шу боис давлат қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бугун юз минглаб гектар майдонларда томчилатиб суғориш тизимлари ишламоқда. Бу технологиянинг асосий қисми эса сунъий сув ҳовузларидир. Улар канал ёки ариқдан келган сувни йиғиб туради, кейин насослар орқали суғориш тармоғига узатади.

Сувнинг ерга шимилиб кетмаслиги учун ҳовуз тубига геомембрана ёки полимер плёнка ётқизилади. Бу технология сувни тежаш нуқтаи назаридан самарали ҳисобланади. Аммо айни шу қоплама намланганида ўта силлиқ юза ҳосил қилади. Агар ҳовуз тик қияликда қурилган бўлса, сувга тушган одам деворга тирмашиб чиқиши амалда жуда мушкул. Шу боис бундай иншоотларда панжара, чиқиш зиналари ва қутқарув мосламаларининг бўлиши хавфсизликни таъминлайди.

Ҳарқалай, дунё амалиётида шундай тажриба қўлланади. Ҳозирча биз бу ҳақида энди ўйлай бошлаяпмиз.

Вазирлик огоҳлантирганини айтмоқда

Жиззахдаги фожиадан 43 кун аввал Сув хўжалиги вазирлиги ҳудудларга барча сунъий ҳовузларни хатловдан ўтказиш, улар атрофини тўлиқ ўраш, огоҳлантирувчи белгилар ўрнатиш ва фермерларни бу ҳақда расман огоҳлантириш бўйича топшириқ юборганини маълум қилди.

Вазирликка кўра, бугунги кунда томчилатиб суғориш тизимлари учун