Президент Шавкат Мирзиёев 22 июл куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобил йўли қурилишига тамал тоши қўйди.

Давлат раҳбари ушбу лойиҳа Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудрати ва транспорт-логистика салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Бугун бу соҳада том маънода янги давр бошланмоқда, десак, тўғри бўлади. Халқимиз учун тараққиёт ва фаровонлик тимсоли бўлиб хизмат қиладиган ушбу йирик лойиҳанинг бошланиши барчамизга муборак бўлсин, – деди президент.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакат иқтисодиёти 3 карра ўсди. 2030 йилга бориб унинг ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу эса йўл-транспорт ва логистика инфратузилмасини иқтисодиётнинг ўсиш суръатларига мувофиқ ривожлантиришни талаб этади.

Бугун Ўзбекистон ҳудудидан халқаро аҳамиятга эга 4 минг километр транзит йўл ўтади. Уларнинг 30 фоизи тўлиқ қувватда, яна 25 фоизи ортиқча юклама билан ишламоқда.

«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» ва Трансафғон темирйўллари ишга тушгач, мамлакат Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айланади. Покистон портлари орқали Ҳинд океани ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун ҳам янги имкониятлар очилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, йилига қўшимча 15-20 миллион тонна транзит юкини қабул қилиш 400-600 миллион доллар даромад, логистика марказлари ва терминаллар учун 3 миллиард доллар инвестиция ҳамда 50 мингта барқарор иш ўрни яратиш имконини беради.

Шу мақсадда 2030 йилга қадар Андижон билан Қўнғиротни, Термиз билан Тошкентни боғловчи 4 минг километр халқаро йўлларни юқори талабларга жавоб берадиган замонавий транзит йўлакларга айлантириш режалаштирилган. Тошкент – Самарқанд янги автомобил йўли ушбу стратегик дастурнинг муҳим қисми бўлади.

Сўнгги 10 йилда 78 триллион сўм ҳисобидан 128 минг километр йўлда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Энди мамлакатимизда илк бор энг юқори тоифадаги замонавий автомагистрал барпо этилмоқда.

Қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган олти полосали йўлнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. У Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги аҳолиси 2 миллиондан зиёд бўлган 13 та туман орқали ўтиб, ҳудудлар учун янги имкониятлар яратади.

Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич, 60 та туннел типидаги ўтиш жойи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ер ости йўлаклари ва сув ўтказиш иншоотлари қурилади.