Университет бу натижага қандай эришди?
Жорий йил 24 июн куни Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган Global Sustainable Development Congress–2026 форумида Times Higher Education (THE) халқаро рейтинг агентлиги ўзининг Impact Rankings–2026 натижаларини эълон қилди.

Унга кўра, Тошкент давлат тиббиёт университети 601–800-ўринлар гуруҳидан жой олиб, дунёнинг топ-1000 университети қаторига кирди. Рейтинг университетларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти белгилаган 17 та Барқарор ривожланиш мақсадини амалга оширишга қўшаётган ҳиссаси асосида шакллантирилади. Бунда таълим сифати, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, инновациялар, ижтимоий масъулият, атроф-муҳитга муносабат ва халқаро ҳамкорлик каби қатор мезонлар ҳисобга олинади.

Тошкент давлат тиббиёт университети учун энг муҳим натижалардан бири «Соғлиқ ва фаровонлик» (SDG 3) йўналишида қайд этилди. Университет ушбу мезон бўйича дунёда 81-ўринни, мамлакатимизда эса биринчи ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич тиббий таълим билан бирга клиник фаолият, илмий тадқиқотлар, профилактика дастурлари ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни ҳам қамраб олади.

Бу натижа университет учун фақат навбатдаги рейтинг эмас. У сўнгги йилларда таълим мазмунини янгилаш, илмий фаолиятни кучайтириш, клиник амалиётни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлида амалга оширилган ўзгаришларнинг халқаро мезонлар асосида баҳоланганини англатади.

Халқаро рейтингга олиб келган ўзгаришлар

Тошкент давлат тиббиёт университети бугун Марказий Осиёдаги йирик тиббий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетда 4,5 мингга яқин профессор-ўқитувчи 32 мингдан зиёд талабага бакалавриат, магистратура, клиник ординатура ва докторантура босқичларида таълим беради.

Сўнгги йилларда университетда таълим тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Буюк Британия, Германия, Италия, Литва, Туркия, Жанубий Корея ва Хитой каби давлатлар мутахассислари иштирокида Халқаро экспертлар кенгаши ташкил этилди. Улар иштирокида ўқув режалари ва таълим дастурлари қайта ишланиб, айрим йўналишлар дунёнинг етакчи университетлари тажрибаси асосида янгиланди.