«Шеробод цемент заводи»нинг 100 фоизлик ҳамда «Шарғункумир»нинг 99,55 фоизлик давлат улушлари ягона лот сифатида сотувга чиқарилган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, маскур корхоналарни сотиб олиш бўйича 6 нафар маҳаллий ва хорижий инвестордан ариза келиб тушган. Хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида Alkes Research компанияси жалб қилинган.

«Консультант томонидан келиб тушган аризалар мазкур босқич учун эълонда белгиланган мезонларга мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, барча талабгорлар эълонда белгиланган талабларга тўлиқ мувофиқ деб топилди. Уларга кейинги зарур қадамлар бўйича индивидуал хатлар, шунингдек, хусусийлаштириш жараёнининг навбатдаги — Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BО) тақдим этиш босқичида иштирок этиш учун жараённи ўтказиш тартиби тўғрисидаги хат (Process Letter) юборилади», дейилади Давактив хабарида.

Мажбурий таклифларни қабул қилиш 10 сентябр соат 23:59 гача давом этади. Талабгорлар шу санагача таклиф қилинаётган сумманинг камида 1 фоизини закалат сифатида E-Auksion’даги шахсий кабинети орқали киритиши керак.

«Шеробод цемент заводи» — Сурхондарё вилоятида жойлашган бўлиб, йилига 1,5 млн тоннагача цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонага умумий майдони 57,5 минг квадрат метр бўлган бино ва иншоотлар, 84 гектар доимий фойдаланишдаги ер участкаси ҳамда 500,7 гектар ер ости бойликлари мавжуд бўлган ҳудуд тегишли ҳисобланади.

«Шарғункўмир» ҳам Сурхондарё вилоятида жойлашган Ўзбекистондаги йирик тошкўмир қазиб олувчи корхоналардан биридир. Компания йилига қарийб 900 минг тонна кўмир қазиб олади. Унинг 12,5 километр узунликдаги ўз темирйўл тармоғи ҳамда кўмирни бойитиш фабрикаси мавжуд.