2026 йилнинг январ-июн ойларида аҳоли ўз хонадонларида ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа сотиб, 330,8 млрд сўмдан ортиқ даромад олди, деб хабар берди Солиқ қўмитаси. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 5,3 баробар кўп.

Қайд этилишича, биринчи ярим йилликда 68,6 минг нафар жисмоний шахс «Қуёшли хонадон» дастури доирасида 330 млрд 822 млн сўм субсидия олган, шундан 100,7 миллиарди март ойига тўғри келди (66,1 минг нафар фуқарога тўланган).

2025 йилнинг биринчи ярмида 28,5 нафар фуқаро 63 млрд 498 млн сўм субсидия олганди. Шу тариқа, бир йил ичида субсидия олувчилар сони қарийб 2,4 баробарга, тўланган маблағ ҳажми эса 5,3 баробарга яқинга ошган.

Ҳудудлар кесимида энг катта субсидия ҳажми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган — 61,9 млрд сўм. Кейинги ўринларда Хоразм вилояти (60,5 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (38,9 млрд сўм) қайд этилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2023 йил 1 апрелдан «Қуёшли хонадон» дастури жорий этилган. Унга кўра, умумий қуввати 50 киловатт-соатгача бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатган жисмоний шахсларга ўз эҳтиёжидан ортиб, ягона электр энергетика тизимига узатилган ҳар 1 киловатт-соат электр энергияси учун 1000 сўмдан субсидия ажратилади.

Масалан, ой давомида сиз электр тармоғидан 100 киловатт-соат электр энергияси олдингиз, сиз ўрнатган панеллар эса айтайлик 500 киловатт-соат ток ишлаб чиқарди. Агар ой якунлари бўйича сиз тармоққа узатган ток миқдори тармоқдан олинган ток миқдоридан кўп бўлса, ана шу ўртадаги ижобий фарқнинг ҳар бир киловатт-соати учун давлат 1000 сўмдан субсидия тўлайди. Пул «Солиқ» иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунигача тўлаб берилиши шарт.