— Трампнинг Эронга ваъда қилган мисли кўрилмаган иқтисодий чоралари натижа берадими?
Шавкат Икромов: Эрон – санкциялар шароитида яшашга узоқ йиллар давомида мослашган мамлакат. Теҳрон муқобил йўлларни топиш ва санкциялар оқибатларини юмшатиш имкониятларини шакллантирган, аммо иқтисодий босимга тўлиқ иммунитет ҳосил қилган деб бўлмайди. Шунга қарамай, Эрон узоқ йиллар давомида санкциялар шароитида яшай олишини намойиш этди.
Эрон ҳукумати ва сиёсий элитаси санкцияларга бардош бера олишига урғу бермоқда. Аммо иқтисодий кўрсаткичлар вазиятнинг анча мураккаб эканини кўрсатмоқда.
Ҳозир Эрон ҳарбий тажовуз шароитида. Мамлакат ўз суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилаётган бир пайтда, иқтисодий қийинчиликларнинг кучайиши табиий. Бироқ бу қийинчиликларнинг охири кўринмаётгани Эрон аҳолиси учун тобора жиддий муаммога айланмоқда. Инфляциянинг юқори даражаси, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг мунтазам ошиши ва аҳолининг турмуш даражаси пасайиши бунинг яққол кўринишидир. Бу ҳолатни Эрон ичидаги ҳам, мамлакат ташқарисидаги манбалар ҳам қайд этмоқда.
Энди бундай шароитда қўшимча санкциялар нимани англатади? Эрон ҳозиргача сақлаб қолган савдо ҳамкорлари ва логистика имкониятларидан янада кўпроқ маҳрум бўлиши мумкин. АҚШ баёнотларида Эрон билан ҳамкорлик қилаётган давлатлар ҳам босим остида қолиши мумкинлиги кўрсатилмоқда. Бу, айниқса, Эроннинг логистика имкониятларидан фойдаланаётган давлатларга ҳам таъсир қилади. Марказий Осиё учун Эрон жанубий йўналишлар орқали халқаро денгиз савдо йўлларига чиқиш имконини берадиган муҳим ҳамкор ҳисобланади. Шимолий йўналишларга муқобил бўлган ушбу транспорт коридорлари уруш сабаб аллақачон қисқарган бўлса, янги санкциялар уларнинг имкониятларини янада чеклаши мумкин. Демак, янги санкциялар фақат Эроннинг ўзига эмас, балки Эрон билан савдо қилаётган ёки унинг логистика имкониятларидан фойдаланаётган давлатларга ҳам иқтисодий зарар етказиши мумкин.
Уруш бошланганда кўплаб халқаро таҳлилчилар Эроннинг қаршилик кўрсатиш имкониятларини паст баҳолаган эди. Эрон узоқ вақт бардош бера олмайди деган прогнозлар янграган. Аммо Эрон бугунгача қаршиликни давом эттирди. Бу – мамлакатда сиёсий ирода борлиги ва жамиятнинг муайян даражадаги бардошлилигини кўрсатади. Шу билан бирга, асосий савол – иқтисодиёт ва аҳолининг бунга қанчагача бардош бера олиши.
Оддий эронликлар ҳукуматнинг мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш сиёсатини қўллаб-қувватлаши мумкин, бироқ улар кундалик турмуш шароитининг яхшиланишини, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар тақчиллигининг олдини олишни ҳам истайди. Агар янги санкциялар тўлиқ кучга кирса, бу муаммолар янада кескинлашиши мумкин.
Қўшма Штатлар Эронни ҳарбий босим орқали бўйсундириш қийин ва жуда қимматга тушишини англаб етган, деган қараш мавжуд. Шу сабабли иқтисодий босимни кучайтириш орқали Теҳронни ён беришга мажбур қилиш стратегиясига урғу берилмоқда. Эрон эса иқтисодий босимга бардош бера олишини ва сиёсий иродаси сақланиб қолишини таъкидлаяпти. Теҳрон, аксинча, АҚШнинг ички сиёсий имкониятлари узоқ давом этадиган урушни қўллаб-қувватлаш учун етарли бўлмаслиги мумкин, деб ҳисоблайди.
Бу ерда АҚШдаги жамоатчилик кайфияти ва яқинлашаётган сайловлар ҳам муҳим омил. Эрон АҚШ сиёсий тизимида урушни узоқ давом эттириш учун етарли сиёсий ирода бўлмаслиги мумкин, деган ҳисоб-китобга таянмоқда. АҚШ эса Эроннинг иқтисодий имкониятлари узоқ муддатли босимга бардош беришга етмаслигини кутмоқда. Ҳақиқатан ҳам, Эрон иқтисодиётига тушаётган юк тобора ортиб бормоқда ва бунинг асосий оғирлиги оддий аҳолининг зиммасига тушаётгани энг катта муаммолардан биридир.
Шу сабабли Трампнинг иқтисодий босим стратегияси Эронни заифлаштириши мумкин. Аммо бу босим Теҳронни сиёсий жиҳатдан ён беришга мажбур қиладими ёки аксинча, Эроннинг қаршилик кайфиятини кучайтирадими – масаланинг асосий жиҳати шунда.
Шуҳрат Расул: Эрон бу можаро бошланишидан олдин ҳам иқтисодий жиҳатдан жуда оғир аҳволда эди. Музокаралар жараёнида, асосий 14 та шартдан ташқари, Теҳроннинг алоҳида талаби бор эди: Жанубий Кореяга экспорт қилинган нефт учун Қатар банкларида сақланаётган 3 миллиард долларни зудлик билан қайтариш. АҚШ бунга рози бўлди. Бу маблағ 14 бандлик келишувга киритилмаган бўлиб, Вашингтон томонидан яхши ният рамзи сифатида берилган эди. Бироқ Эрон каби 92 миллион аҳолига эга йирик мамлакат учун бу маблағ узоқ муддатга етмаслиги табиий.
Ҳозир эса мамлакатда озиқ-овқат тақчиллиги кучайиб бораётгани ҳақида маълумотлар келмоқда. Эроннинг хорижда, хусусан, Ғарбий Европа ва АҚШда яшаётган фуқаролари мамлакатдаги вазият ҳақида турли маълумотларни етказмоқда. Уларнинг хабарларига кўра, ҳатто Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва армия хизматчиларининг айримлари бир неча ойдан бери маош олмаган. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, вазиятнинг нақадар оғирлашганини кўрсатади. Чунки ҳарбийлар, айниқса, Эрон давлат тизимининг асосий таянчларидан ҳисобланган куч тузилмалари ходимлари орасида норозилик кучайиши ички барқарорликка бевосита таъсир қилиши мумкин.
Шу нуқтайи назардан, кеча президент Масъуд Пизишкиённинг тинчликка урғу берган баёноти эътиборга молик. У Эрон ўз мақсадларидан воз кечмаслигини, бироқ тинчликка эришиш зарурлигини таъкидлади. Бу Эрон ичидаги вазиятнинг мураккаблигини англатиши мумкин.
Бошқа томондан, АҚШ ҳам ҳарбий йўл билан Эронни тўлиқ бўйсундира олмади. Конгресс Президент Трампга ҳарбий операцияларни янада кенгайтириш учун чексиз ваколат бермади.
Бандар-Аббос портига зарба берилгач, портга олиб борувчи айрим туннеллар ва кўприклар ҳам нишонга олинган эди. Шундан сўнг айрим мутахассислар ҳудудга десант туширилиши мумкинлигини тахмин қилган. Бироқ бундай қадам амалга оширилмади. Бандар-Аббос Эроннинг ташқи савдоси учун стратегик аҳамиятга эга порт ҳисобланади. Шу сабабли у ерда қуруқликдаги ҳарбий операцияни кенгайтириш АҚШ учун ҳам катта хавф ва харажатларни келтириб чиқариши мумкин эди.
Бундан ташқари, Трампнинг сиёсий вақти ҳам қисқариб бормоқда. Ноябрдаги оралиқ сайловларда унинг Республикачилар партияси Конгрессдаги устунлигини йўқотиши эҳтимоли мавжуд. Агар республикачилар ҳам Вакиллар палатаси, ҳам Сенатда кўпчиликни бой берса, келаси йил Трамп маъмуриятининг сиёсатини қайта кўриб чиқиш, турли терговлар ва ҳатто импичмент жараёнлари кун тартибига чиқиши мумкин. Трамп буни яхши тушунади. Шу сабабли вақт ўтган сари у ҳам келишувга эришишдан манфаатдор бўлиши мумкин.
Менимча, ҳозир ҳар икки томоннинг заиф нуқталари мавжуд. Агар Эрон муайян масалаларда сезиларли ён беришга тайёр бўлса, келишувга эришиш эҳтимоли бор.
Бундай келишув натижасида АҚШ дастлаб қўйган учта асосий талабидан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, яъни Ҳўрмуз бўғозида эркин савдо ва кемалар ҳаракати тикланса ҳам, Трамп буни ўзининг сиёсий ғалабаси сифатида талқин қилади. Бу унинг ички сиёсий жиҳатдан муҳим. Чунки у келишувни Эронни музокарага мажбур қилган иқтисодий ва ҳарбий босим стратегиясининг натижаси сифатида кўрсатиши мумкин.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.











