Сурия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг 23 август куни маълум қилишича, ўтиш ҳукумати ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний бошчилигидаги Сурия делегацияси Иорданияда Исроил вакиллари билан учрашган. Сурия делегацияси таркибига мамлакат махсус хизматлари вакиллари ҳам кирган.

Дамашқ расмийларига кўра, музокаралар АҚШ воситачилигида ташкил этилган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад икки давлат ўртасидаги кескинликни пасайтириш ва янги тўқнашувларнинг олдини олишдан иборат.

Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги учрашувни Исроил томонидан Сурия ҳудудига сўнгги бор берилган зарбалардан кейин вазиятни юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми деб атаган.

AFP: Сурия ТИВ раҳбари «Моссад» бошлиғи билан учрашган

AFP агентлиги Суриядаги дипломатик ва ҳукумат манбаларига таяниб хабар беришича, Асад аш-Шайбоний Исроил ташқи разведка хизмати — «Моссад» раҳбари Роман Гофман билан музокара ўтказган.

Учрашувда томонлар қатор хавфсизлик масалаларини, жумладан Иордания ҳудудида АҚШ назорати остида «махсус операцияларни бошқариш маркази»ни ташкил этиш имкониятини муҳокама қилган.

Агентлик маълумотига кўра, бундай марказнинг асосий вазифаси Сурия ҳудудида эҳтимолий тўқнашувларнинг олдини олиш бўлади. Хусусан, Туркия иштирокида юзага келиши мумкин бўлган зиддиятларни бартараф этиш ҳам мазкур механизм вазифаларидан бири бўлиши кутилмоқда.

Жорий йил январ ойида ҳам Сурия ва Исроил АҚШ воситачилигида ўзаро алоқа каналини ташкил этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ушбу механизм савдо, хавфсизлик ва махсус хизматлар фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш учун мўлжалланган.

Исроил Суриядаги аэродромга зарба берган эди

Музокаралар икки давлат ўртасида навбатдаги кескинлик юзага келган бир пайтда бошланди.

18 август куни Исроил ҳарбийлари Суриянинг шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида жойлашган Абу-ад-Дуҳур ташландиқ ҳарбий аэродромига зарба берган.

Исроил томони зарбага ушбу ҳудудда Туркия қўшинлари жойлаштирилиши мумкинлиги билан боғлиқ хавфсизлик таҳдиди сабаб бўлганини билдирган.

Анқара эса Абу-ад-Дуҳур аэродромида Туркия ҳарбийлари борлиги ҳақидаги хабарларни рад этган. Сурия ўтиш ҳукумати Исроил зарбасини «асоссиз тажовузкорлик ҳаракати» деб баҳолаган.