Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрига амалий ташриф доирасида Россия президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Қайд этилишича, жорий йил бошидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошган.

Томонлар ўзаро савдонинг ижобий динамикасини сақлаб қолиш, саноат кооперацияси лойиҳаларини жадаллаштириш, шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни фаол давом эттириш муҳимлиги таъкидлади.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги фаол маданий-гуманитар алмашинувларни келгусида ҳам кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, етакчилар икки томонлама ва кўп томонлама форматлардаги бўлажак тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилди.







