Bloomberg агентлигига Кремлга яқин манбанинг маълум қилишича, бўлиб ўтган музокаралар давомида Россия ҳам, Украина ҳам ўз позициясини ўзгартирмаган. Манбанинг таъкидлашича, Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнернинг Москвага ташрифи ҳамда у ерда Владимир Путин билан яна икки соат давом этган суҳбати шунчаки «одоб юзасидан уюштирилган ташриф»дан нарига ўтмади.

Абу-Дабидаги музокараларнинг икки босқичи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Кушнер Москва билан Киев ўртасида «жиддий келишмовчиликлар сақланиб қолаётгани»ни ва томонлар аро ишонч йўқлигини эътироф этди. У ҳудудий масалани «энг мураккаб масала» деб атади ва уни ҳал қилмай туриб, Европада «янги хавфсизлик архитектураси» ҳақида битим имзолаб бўлмаслигини таъкидлади.

Уиткофф ва Кушнер билан учрашув аввалида Владимир Путин томонларни ажратиб турувчи чизиқ фақат «давлат чегараси» бўлиши мумкинлигини айтиб, Украинага ҳар қандай тинчликпарвар контингент киритилишини яна бир бор рад этди. «Биз энг бошиданоқ Украина ҳудудида хорижий қўшинларнинг ҳар қандай кўринишда бўлиши биз учун мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат эканини билдирганмиз. Чунки бу Россия Федерацияси хавфсизлигига таҳдид солади, деб ҳисоблаймиз», — деди Путин.

Россиянинг Абу-Дабидаги делегацияси раҳбари Владимир Мединский бир кун аввал Кремль Украинанинг янада кўпроқ ерларини эгаллаб олиш ниятида эканидан огоҳлантирди. «Ерларимизнинг ҳар бир қаричи Россияга қайтарилади», чегараолди ҳудудлардаги «буфер зона» эса кенгайтириб борилади», деди Мединский.

Россия ва Украина вакиллари сўнгги 9 ой ичида илк бор учрашган Абу-Дабидаги музокаралар кескин ва вақти-вақти билан ҳис-туйғуларга берилган ҳолда ўтди, деб хабар қилди учрашувда шахсан қатнашган манба Axios нашрига. Унинг айтишича, ҳар икки томон ҳам эътирозлар билдирган, Уиткофф билан Кушнер эса учрашувнинг мақсади икки давлат етакчилари учун муқобил ечимларни ишлаб чиқишдан иборат эканини тушунтириб, «вазиятни юмшатишга» уринган.

Axios манбаларига кўра, америкаликлар Россияга нафақат Москванинг талабларини, балки унга жавобан «ўзаро мувозанатли қадамлар» — кескинликни юмшатиш ва ҳужум қилмаслик кафолатларини ҳам ўз ичига олган янги «Европа хавфсизлиги архитектураси» режасини ишлаб чиқишни таклиф қилган.