АҚШнинг Шимолий Каролина штатидаги Уинстон-Сейлем университети ҳудудида икки марта отишма содир бўлди, деб хабар берди Associated Press агентлиги.

Хабарга кўра, отишмалар оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳатланган.

«Шимолий Каролинадаги университетда Битирувчилар куни нишонланаётган вақтда содир бўлган иккита отишма оқибатида бир киши ҳалок бўлди, уч киши жароҳатланди», — дейилади хабарда.

Агентликнинг полиция бошлиғи ўринбосари Жейсон Суэймга таяниб ёзишича, иккала ҳодиса ҳам шанба куни Уинстон-Сейлем шаҳридаги университет кампусида содир бўлган. Ҳозирча уларнинг ўзаро боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги аниқ эмас.

Ҳозирда ҳар икки ҳодиса юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.