Flydubai авиакомпаниясининг Дубайдан Тел-Авивга амалга оширилган FZ1073 рейси ҳалокат билан якунланишига бир бахя қолди: иккинчи учувчи капитанга пичоқ билан ҳужум қилган; дастлабки маълумотларга кўра, у самолётни қулатмоқчи эди. Бортда 174 нафар йўловчи бўлган, улардан аксари Исроил фуқароларидир. Йўловчилар экипаж аъзолари билан биргаликда иккинчи учувчини зарарсизлантиришга ва самолётни ерга қўндиришга муваффақ бўлган. Аммо улар вазиятга фақат ярадор капитан Смит Маччҳаранинг жонбозлиги туфайли аралаша олишган – у яраланганига қарамай, кабина эшигини очиб берган.
Flydubai авиакомпанияси самолёти капитани, ҳиндистонлик Смит Маччҳар Дубайдан Тел-Авивга учиш чоғида иккинчи учувчи томонидан қилинган ҳужумдан омон қолиб, шифохонада ўзига келди ва рўй берган ҳодиса тўғрисида илк бор сўзлаб берди. У Абу-Дабидаги шифохонадан туриб Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан видеоалоқа орқали гаплашган. Мулоқот видеоёзуви журналист Сидҳант Сибал томонидан эълон қилинди.
Маччҳар иккинчи учувчининг ҳужумидан кейин полда яраланган ҳолда ётгани ва самолёт қулаётганини ҳис қилганини эслайди. Шунда у сўнгги кучини тўплаб, кабина эшигини ичкаридан очишга ҳаракат қила бошлайди.
Маччҳар ўзи жон талвасасида бўлса-да, у билан биргаликда бошқа одамлар ҳам ҳалок бўлиши мумкинлигини тушуниб турганини қайд этган:
Ўшанда ўз ҳаётим учун курашаётгандим. Мен йиқилдим ва агар ўрнимдан турмасам, нима бўлишини тушундим. Оғир яралангандим, аммо бошқалар ҳам ҳалок бўлишига йўл қўя олмасдим... Мен 17 йиллик иш стажига эга учувчиман, 11 йлдан буён кема капитаниман. Мен самолётда нима бўлаётганини кўзимни юмиб турган ҳолда ҳам биламан.
Полда ётганимда самолёт шўнғиётганини тушуниб турардим. Шунда ўзимга дедим: бу сўнгги чора, Смит. Эшик ёнгинангда, шунчаки уни очиб юбор. У мени уёқдан буёққа тортаётганига қарамай, мен буни уддаладим ва одамлар кириб келишди.
У ёрдам берганларнинг барчаси бу ишга ўзининг муҳим ҳиссасини қўшганини таъкидлаган.
Моди Маччҳарни «мардлиги, бардоши ва тезда қарор қабул қилгани» учун мақтаб, бу қарори жуда кўп инсонлар ҳаётини асраб қолганини таъкидлаган.
Бутун мамлакат фахр билан айтиши мумкин: «биз одамларни ҳаётдан маҳрум этувчи эмас, уларни қутқарувчи ҳиндистонликлармиз».
Смит унга қўнғироқ учун миннатдорчилик билдирган:
«Биламан, Худо мени қутқарди. Сиз менга қўнғироқ қилдингиз ва мен улкан фахр туйғусини ҳис қиляпман. Мен олдин ўзим билан фахрланмаганман, аммо энди фахрланяпман».
Indian PM Narendra Modi video calls Captain Smit Machchhar, praised his courage, composure; Says the country is praying for him after he risked his life to save others. The Indian pilot helped saved lives of over 150 people in the Fly Dubai flight from UAE to Israel
— Sidhant Sibal (@sidhant) October 2, 2026
Full Video: pic.twitter.com/bg3PvogzUP
Фавқулодда қўнишдан кейин капитан аввалига Саудиянинг Тобук шаҳридаги шифохонага олиб борилган, кейин БАА пойтахти Абу-Дабига кўчириб ўтказилган. The Telegraph маълумотига кўра, ҳозирда унинг аҳволи барқарорлашган. Моди билан видеомулоқот чоғида унинг боши ва қўли боғланганини кўриш мумкин.
Маччҳарга бортда биринчи ёрдамни кўрсатган стоматолог Шота Мусаев кейинроқ журналистлар билан суҳбатда капитан оғир жароҳат олгани, кўп қон йўқотгани туфайли Исроилгача етиб борадиган ҳолатда бўлмагани, шу туфайли Тобукка қўниш энг тўғри ечим бўлганини айтиб берган.
Унинг ўзи эса «бу жароҳатни айнан жароҳат сифатида қабул қилмасликка ҳаракат қилиши, чунки у ҳолда тикланиш янада қийинроқ бўлиши»ни айтган.
«Мен бунга аста-секин босиб ўтиладиган ва вақт талаб қиладиган йўл сифатида қарайман. Аммо тузалиб, яна соғлом бўлишимга ишончим комил», – деган у.
Самолёт қўнганидан кейин иккинчи учувчи ҳам жароҳатланган ҳолда шифохонага етказилган, кейинроқ Абу-Дабига келтирилган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу иккинчи учувчи «радикал мафкуравий ғоялар таъсирига тушгани» ва самолётни қулатиб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганини айтди. Бортдаги иккинчи учувчини зарарсизлантирган йўловчиларнинг сўзларига кўра, у ўзини ўлдиришларини сўраган.
Нетаняҳу ҳозирча терговда якуний хулосалар йўқлигини билдирган. Шунингдек, Эроннинг ушбу воқеага алоқадорлиги белгилари ҳам аниқланмаганини таъкидлаган.
The Jerusalem Post нашрининг тергов жараёнидан хабардор манбалари берган маълумотга кўра, иккинчи учувчи фақат Ўмон фуқаролигига эга. Ушбу давлат эса Исроил билан дипломатик муносабатларга эга эмас, шу туфайли ушбу воқеадан кейин ўмонлик учувчи бу рейсга қандай тайинлангани ҳақида саволлар пайдо бўлди.
Газетанинг Исроил транспорт вазирлигидаги суҳбатдоши Flydubai авиакомпаниясининг ушбу мамлакатдаги фаолияти бўйича келишувга кўра, Исроилга қўнадиган самолётлардаги учувчилар Исроил билан муносабатларини нормаллаштирган давлатлар фуқаролари бўлиши кераклигини айтган. Аммо The Jerusalem Post нашрининг бошқа манбалари Исроил ва БАА ўртасидаги авиақатновлар тўғрисидаги келишувда бундай талаб йўқлигини айтишган.
Тергов жараёнидаги ҳозирча жавобсиз қолаётган асосий саволлардан бири иккинчи учувчи бортга пичоқни қандай олиб чиққани билан боғлиқ. Самолётга чиқишдан олдин учувчилар синчиклаб текширилади. Бундан ташқари, аэропортда жойлашган ресторанларда пичоқлар ҳисоби юритилади.
Osprey Flight Solutions компанияси агар ҳужумдаги террорчилик мотиви тасдиқланса, Flydubai рейсидаги ҳодиса сўнгги йилларда йўловчи самолётдан фойдаланган ҳолда теракт содир этишга бўлган энг йирик уриниш бўлишини маълум қилган.












