16:28 / 23.05.2021
10839
«Криптовалюталар хавотири, долларнинг ошиши, МДҲга кириши кутилаётган Тесла» – ҳафта хабарлари

Май ойининг учинчи ҳафтаси жаҳон ва Ўзбекистон иқтисодиётида кутилмаган янгиликларга бой бўлди. Kun.uz ҳафтанинг «пуллик» хабарларини тўплади.

Tesla расман МДҲ давлатлари бозорига кириши мумкин

Tesla ва SapceX компаниялари асосчиси Илон Маск тез орада Тесла МДҲ бозорларига кириши мумкинлигини айтди. Шунингдек, у Россияда Tesla заводини очишга рухсат берди.

«Менимча, биз тез орада Россияда бўламиз. Шунингдек, Қозоғистон ва бошқа МДҲ давлатларига кенгроқ эътибор қаратишимиз керак. Бу биз учун муҳим», – деди Маск ўтган ҳафтада Россияда бўлиб ўтган форумда.

Олтин нархи охирги 4 ойда энг юқори кўрсаткичда ўсди

17 майдан жаҳон бозорида олтиннинг бир унцияси 1853 долларни ташкил этди. Февралдан бошланган олтин нархидаги пастлашдан кейин ўтган ҳафтадаги нарх охирги 4 ойдаги энг юқори кўтарилиш бўлди.

Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга преференциялар қўлланади

Танловда (тендерда) хорижий етказиб берувчилар билан бирга икки ёки ундан ортиқ иштирокчилар – маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлган тақдирда, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нарх преференцияси қўлланади.

Бунда ҳар бир лот бўйича 15 фоиз миқдорида нарх преференцияси берилади ҳамда республика ҳудудида саноат ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизмат кўрсатиш) фаолиятини амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қўлланади.

Тижорат банкларида доллар курси ошди

Ҳафта охирида тижорат банкларида доллар курси 10 650 сўмгача кўтарилди.

Бир қатор банкларда доллар олиш 10 550-10 580 сўмдан, сотиш 10 640-10 650 сўмдан таклиф этилди. Бу янги максимал кўрсаткич. Илк бор курс 10 700 сўмга яқинлашди.

Сўнгги марта банкларда доллар курси 19 май куни кўтарилганди (1 AҚШ долларининг сотиш курси – 10 630 сўм).

«Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» 95 маркали бензин ишлаб чиқара бошлади

Завод томонидан жорий йилнинг 19 май кунидан янги маҳсулот – AИ-95 маркали автомобил ёнилғисининг илк партияси биржа савдосига қўйилди.

Ушбу маҳсулот «Фарғона НҚИЗ» МЧЖ томонидан сўнгги пайтларда заводда йўлга қўйилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида ўзлаштирилган.

Сўнгги икки ой ичида «ФНҚИЗ»да «ЕВРО-4» стандартидаги дизел ёнилғиси ва Б-92 маркали юқори октанли авиация бензини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Криптовалюталар қиймати кескин пасайди

Ўтган ҳафта криптовалюта инвесторлари учун хавотирли бўлди. Биткоин ва бошқа криптовалюталар қиймати кескин пасайиб кетди.

Чоршанба куни биткоин 30 фоизга пасайиб, қиймати 30 минг долларни ташкил қилди. Унга бошқа криптовалюталар ҳам эргашиб, кескин тушиш тенденциясини намоён қилди.

Биткоин ва бошқа криптовалюталарнинг кескин пасайиши Tesla бош директори Илон Маскнинг криптовалюталардан фойдаланмасликни маълум қилгани ва Хитой ҳукуматининг баёноти билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда паррандалар сони кескин камайди

Биринчи чоракда Ўзбекистонда парранда боши 6 миллионга камайди. Тухум нархи эса 3,6 фоизга қимматлаган.

Бунга паррандалар асосан йил бошида санация қилиниши сабаб қилиб кўрсатилди. «Ўзбекчорванасл» агентлиги масъулига кўра, одатда бу пайтда парранда боши камайиши табиий. Тухум нархи соҳага берилган имтиёзлар сабабли барқарор сақланмоқда.

Top