20:22 / 19.09.2021
15376
Солиқдаги ўзгаришлар, олтин ҳажмининг ортиши, автомобиль бозоридаги янгиликлар – ҳафта «иқтисодий дайжести»

Сентябрнинг навбатдаги ҳафтасида Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим янгиликлар содир бўлди. Kun.uz ҳафтанинг пуллик хабарларини тўплади.

Камбағаллар сони 2022 йилда ҳисоблаб чиқилади

Ҳукумат қарорига мувофиқ минимал истеъмол харажатлари камбағалликнинг расмий чегараси сифатида белгиланди. Расмийларга кўра, 2021 йилда 10 минг хонадонда сўровнома якунлангач, ижтимоий ҳимоя реестери орқали камбағаллар сони ҳисоблаб чиқилади.

Ўзбекистонда олтин учун ETFлар пайдо бўлади

Ўзбекистонда биржа инвестицион фондлари (ETF), шу жумладан, олтин учун ҳам ETFлар пайдо бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши маълум қилинди.

Тадбиркорларга 9 трлн сўмдан ортиқ ҚҚС қайтарилди

2021 йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг 9,8 мингта мурожаати бўйича 9 трлн сўм маблағ қайтариб берилган. Шунингдек, таҳлика-таҳлил дастури орқали солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган 802 та “шубҳали” корхоналар рўйхати шакллантирилган.

Айрим ҳудудларда алоҳида солиқ режими киритилди

Aлоҳида ҳудудларга Фарғона вилоятининг айрим туманлари киритилди. Уларда фойда ва даромад солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ставкалари 1 фоиз, шунингдек, ижтимоий солиқ юридик шахслар учун 1 фоиз, ЯТТлар учун эса БҲМнинг 1 баробари миқдорида белгиланди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ 2 баробарга пасайтирилади

2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТлар белгиланган ижтимоий солиқ ставкасини икки бараварга пасайтирилган ҳолда тўлайди.

2022 йилдан тадбиркорларга ўз эҳтиёжи учун электр ишлаб чиқарганда давлат томонидан қулайликлар берилади

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 2022 йил 1 январдан бошлаб электр энергетика соҳасида жуда кўп ўзгаришлар бўлишини маълум қилди.

“Энг муҳим янгилигимиздан биттаси бу – электр энергияни ўз эҳтиёжи учун ишлаб чиқариш тартиби янада соддалаштирилади. Қандайдир ишлаб чиқариши бор тадбиркор ўз эҳтиёжи учун электр ишлаб чиқариши мумкин. Бунда давлат унга бир қатор қулайликлар беради”, – деди у.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари августда ҳам кўпайди

Олтин-валюта захиралари ўтган ой 1 млрд долларга кўпайган бўлса, 1 сентябрда 0,3 млрд долларга ошди.

Сентябрда захиралар 35,4 млрд долларни ташкил қилмоқда. Aвгустда ҳам захиралар 1 млрд долларга ошиб, 35,1 млрд долларга тенг бўлганди.

Ўзбекистонда автомобил сотиб олиш кўрсаткичи пандемия даврига нисбатан сезиларли пасайди

Aвгустда июлга нисбатан автомобилга бўлган талаб ўсганига қарамай, пандемия даврига нисбатан кескин камайди. Талаб пасайиши 18,6 фоизга етди.

Aвгустда энг кўп “Дамас” ишлаб чиқарилди

Aвтомобил ишлаб чиқариш саноатида 2021 йилнинг август ойида 3 690 дона “Дамас” ишлаб чиқарилган.

2021 йилнинг август ойида ишлаб чиқарилган автомобиллар сони қуйидагича:

• Damas – 3 690 дона; 

• Cobalt – 350 дона;

• Lacetti-Gentra – 2 дона;

• Labo – 1 315 дона;

• Nexia T-250 – 177 дона.

Янги автомобилларни харид қилишда юзага келаётган “шапка”ларга изоҳ берилди

“Ўзавтосаноат” АЖ Kun.uz томонидан эълон қилинган мақоладаги саволларга жавоб берди. Компания микрочиплар танқислиги туфайли янги автомобиллар кам ишлаб чиқарилаётгани ва натижада ноқонуний йўллар юзага келаётганини таъкидлади.

Top