Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Чигит можароси” кўрсатган бошқа муаммо: Ички ишлар ходимлари ҳокимларнинг ноқонуний буйруқларини нега бажаради?
Бировнинг буғдойини тортиб олиш, фермерларни ҳибсга олиш, тадбиркорларнинг ўз қонуний мулкини бошқа вилоятга олиб чиқишини тақиқлаш каби ҳокимларнинг қонундан ташқари қилиқларида ИИБ ходимлари уларга камарбаста бўляпти. ИИВ мулозими очиқ кўриниб турган муаммони тан олмади.
Қашқадарёда биржа орқали сотиб олинган чигит вилоят ҳудудидан чиқарилмаётгани бир неча кундан бери муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Маълум бўлишича, чигит ортилган юк машиналари Чироқчи туманидаги “Умакай” постида ЙПХ ходимлари томонидан қонунга зид равишда ушлаб турилган.
Ноқонуний топшириқ эса кимсан вилоят ҳокими Муроджон Азимов томонидан берилгани айтилмоқда. Генерал-майор унвонига эга вилоят ҳокимининг амалдаги қонунларга зид оғзаки топшириғи ички ишлар ходимлари томонидан маромига етказиб ижро этилмоқда.
Ҳокимнинг қонунга зид топшириғини ижро этиш рад этилмагани, аксинча, ҳамма хат-ҳужжати жойида бўлган тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари оёқости қилинаётгани бизни ички ишлар органлари ходимлари ва ҳокимлар ўртасидаги муносабатни таҳлил қилишга ундади.
Ҳокимлар йиғилишга келган бирор бир фермернинг танобини тортиб қўйгиси келса ёхуд қайсидир фуқарони тавбасига таянтириб қўйишни истаб қолса, буни ички ишлар ходимларининг қўли билан амалга ошириши – одатий ҳол.

Ажабланарлиси, аслида қонун посбони ҳисобланмиш ички ишлар органи раҳбарлари ва ходимлари ҳокимларнинг ана шундай топшириқларини киприк қоқмай ижро қилаверишга одатланишган. Бу топшириқлар қонунларга, инсонларнинг ҳуқуқ-манфаатларига зид экани ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди.
Ҳолбуки, маҳаллий давлат ҳокимияти раҳбарлари ички ишлар ходимларининг тўғридан тўғри раҳбари ҳисобланмайди. Раҳбари бўлган тақдирда ҳам ноқонуний экани шак-шубҳасиз кўриниб турган топшириқлар бажарилмаслиги керак эмасми?
Шароф Рашидов тумани ҳокими айрим фермерлар режадан ортиқ буғдой бермагани учун уларнинг далаларидаги ғалла ўриб олинишини тақиқлаб қўйгани, Урганч туманида ИИБ ходимлари ҳокимнинг топшириғига кўра, фуқаронинг 30 тонна буғдойини тортиб олгани, Касбида туман ИИБ бошлиғи дала семинарида 11 кишига кишан таққани билан боғлиқ воқеалар шулар жумласидан.

Ҳоким ёки бошқа мансабдорнинг буйруғи қонунга зид бўлса ҳам, нега ИИБ ходимлари уларнинг буйруғини сўзсиз бажаради? Ҳоким ҳудуднинг раҳбари бўлгани билан, у профилактика инспектори ёки жамоат тартибини сақлашга масъул ходимнинг тўғридан тўғри раҳбари эмас-ку. Балки мана шу ҳолатда ҳокимнинг ноқонуний талабига бўйсунмаган ходимлар устидан шикоят қилишганда раҳбарият ходимининг тарафини олиш ўрнига унинг ўзини жазолаши бу каби ҳолатларга сабаб бўлаётгандир?
Биз мавзу юзасидан Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи Бахтиёр Бердиалиевга юзландик. Унинг жавоблари, очиғини айтганда, хафсаламизни пир қилди.
“Биласизми, нимагадир ҳокимларнинг қарорларини мажбурий ижро этишда ички ишлар идоралари кўпроқ ёнида бўлиб қолади. Сабаби, қонун билан бизга жамоат тартибини сақлаш вазифаси юклатилган. Қаерда ҳоким бўлса, ўша ерда одамлар гавжум бўлади. Одамлар гавжум жойда эса жамоат тартибини сақлаш керак бўлади. Шундай пайтда ходимларимиз ҳокимнинг атрофида юргандек кўриниб қолади.
Бизнинг профилактика инспекторларимизнинг ҳокимга ҳеч қандай бўйсунуви йўқ. Шундай ҳолатлар бўлган. Қайси туманлигини айтмайман, профилактика инспектори ҳокимнинг фермерларни чақириб келиш ҳақидаги топшириғини бажармаслигини тўғридан тўғри ўзига айтган.
Туман ҳокимлиги ходим ҳокимга бўйсунмаётгани ҳақида ИИВга шикоят ёзган ва бу шикоят менга келиб тушди. Сабабини ўрганганимизда профилактика инспектори ноқонуний топшириқ олгани маълум бўлди. Шундан сўнг туман ҳокимлигига бориб, вазиятни биргаликда муҳокама қилдик. Ҳоким профилактика инспектори давлат раҳбари берган топшириқ ижросини менга эслатиб қўйди, деб, шу йигитни ҳалигача яхши кўради.
Ҳокимлар ҳозир ходимларимизга ҳеч қандай ноқонуний топшириқ бермайди. “Снос” масаласини олайлик. “Снос” масаласини МИБ бажаради. Қонун билан унга юклатилган. Бизга бир марта юклатилганди, профилактика инспекторлари жарималарни ундириш масаласида МИБга ёрдам бериш масаласида, биз фақат жамоат тартибини сақлашда ёрдам берамиз, деб айтдик. Ҳозир бирор жойда кўряпсизми МИБ ходимлари билан бирга профилактика инспекторларининг жарималарни ундириб юрганини? Биз ёрдам беришимиз мумкин. Лекин қолган масалаларни ўзлари ҳал қилишади”, – дейди ИИВ мулозими.
Бахтиёр Бердиалиев ҳокимларнинг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортган ходимлар хизматдан бўшатилмаслигини қўшимча қилди.
Бахтиёр Бердиалиев шунингдек, 2021 йил июнь ойида Урганч туманида содир бўлган, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа – ИИБ ходимлари ҳокимлик топшириғига кўра фуқаронинг буғдойини тортиб олганига ҳам тўхталиб, тортиб олинган буғдой урганчлик оилага қайтарилгани, ҳодисада иштирок этган ходимлар ушбу фуқаролардан узр сўраганини маълум қилди.
“Урганчда бўлган воқеа – буғдой билан боғлиқ можародаям ҳокимнинг ўзи нотўғри топшириқ бергани маълум бўлди. Фермернинг буғдойни талон-торож қилгани тасдиғини топмади. Суриштирувлар бошлангандан кейин бу ишларнинг ноқонунийлиги аниқланиб, [тортиб олинган] буғдой фуқарога қайтариб берилди ва ундан узр сўралди.
Ички ишлар ходимлари бу жараёнда жамоат тартибини сақлаш учун боришган. Биз кластерлар пайдо бўлганидан кейин умуман бу масалани унутдик. Профилактика инспектори маҳалласида қандайдир воқеа, дейлик, ғалла йиғим-терими билан боғлиқ низо содир бўлса ҳам, барибир бориб хабар олиши керак. Маҳалла уникими, ҳамма масала унга тегишли бўлган. Шу сабабли ўша ерда кўриниб қолади у.
Фуқаро билан гаплашдик. Ходимларнинг ноқонуний ҳаракатлари ҳақида ҳеч қандай ариза билан мурожаат қилмади. Шикоят бўлмагани учун ҳоким билан чекландик.
Ҳокимларга шундай вазифа юклатилди. Давлатимиз раҳбари ақлли топшириқ бердилар худди шу нарсанинг олдини олиш учун. Ҳоким профилактика инспекторининг муаммоларини, жиноятчилик тўғрисидаги таклифларини, маҳалла бўйича қабул қилади ва амалий ёрдам кўрсатади. Яъни ҳоким профилактика инспекторидан таклифларни қабул қилади, унга топшириқ беролмайди. Шундай тамойил жорий қилиняптики, бундан буён маҳалла раиси ва профилактика инспектори маҳалланинг эгаси бўлади. Ҳоким уларнинг фикри билан ҳисоблашади. Эртага ҳокимлар сайланадиган, бу масала янада жиддийлашади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги “чигит можароси”да хатосини тан олиб, муаммони ҳал қилиш ўрнига фақат бир-бирига зид баёнотлар бермоқда. Дастлаб чигитни вилоят ҳудудидан олиб чиқиб кетиш учун ҳисобварақ-фактура тақдим этилмагани айтилган бўлса, кейинроқ юк машиналарига кластер томонидан техник чигит ўрнига уруғлик чигит юклаб юборилгани баҳона ўлароқ келтирилди. Бироқ бу важларга жамоатчилик ишонгани сўроқ остида.
Жараёнга Аксилмонопол қўмита ва Бизнес омбудсман ҳам аралашган. Бироқ уларнинг ўрганишлари якунида чиқарадиган қарорларидан кўп нарса кутилаётгани йўқ.
Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов
Мавзуга оид
13:51 / 11.12.2025
ИИВ ва FIA Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича ҳамкорликка келишди
09:28 / 11.12.2025
ИИВ ва Huawei оммавий тадбирлар хавфсизлигини таъминлашда юқори технологияларни қўллашга келишиб олди
17:37 / 04.12.2025
Сирдарёдаги 9 та туман-шаҳар ҳокимлари Хитойга йўл олади
11:33 / 29.11.2025
