Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари қамоққа олингани айтилмоқда
Афзал Эрматов шу йилнинг январида тергов органи томонидан сўроққа чақирилган. Агентликдагилар унинг йил бошидан буён ишга чиқмаётганини тасдиқлашди. Маълумот учун, Афзал Эрматов 2018 йилда жуда кўп миқдордаги фирибгарлик ва жуда кўп миқдорда пора бериш каби жиноятларда айбланиб, судланган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Афзал Эрматов Жиноят кодексининг 205-моддасида (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланмоқда. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Бу маълумотни Kun.uz'нинг ҳукуматдаги манбаси тасдиқлади.
Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норов раҳбарининг январ ойидан буён ишга чиқмаганини тасдиқлар экан, жиноят иши ва илгари сурилаётган айблов ҳақида маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.
Хорижий нашрларда қайд этилишича, Миграция агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўзғатилган ва 3 январь куни агентлик биносида тинтув ўтказилган. Жиноят иши доирасида яна уч мулозим сўроққа чақирилган, уларнинг айримлари ҳибсга олинган.
Шу йилнинг бошида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Миграция агентлиги устидан назорат қилишга масъул бошқарма бошлиғи қамоққа олинган эди. У мигрантларга авиачипта устига нарх қўйиб сотиш орқали фирибгарлик қилганликда гумонланаётганди.
Маълум бўлишича, агентликдаги ҳибсга олишлар билан вазирлик мулозимининг қамоққа олиниши Жанубий Кореяга ишга юбориш жараёнида йўлга қўйилган коррупцион схеманинг фош бўлиши билан боғлиқ. Бироқ на Меҳнат вазирлиги ва на тергов органи бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ахборот хизмати Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши ким томонидан қўзғатилган бўлса, шу орган маълумот бериши кераклиги, айни пайтда прокуратура органлари иш юритувида бундай иш йўқлигини билдирди.
2010 йилдан 2013 йилгача Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида раҳбар бўлиб ишлаган, 2022 йилнинг мартидан яна ушбу лавозимга қайтган Афзал Эрматов 2018 йилда Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди ва 211-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан айбланиб, жарима жазосига ҳукм қилинган.
2022 йил 17 мартдан бошлиқ вазифасини бажарувчи этиб тайинланган ва 2022 йил 1 ноябрдан расман тўлақонли бошлиққа айланган. Аввалроқ Kun.uz у в.б. қўшимчасидан халос бўлгани ҳақида ҳеч қаерда маълумот берилмаганига эътибор қаратганди. 8 ноябрдан кучга кирган қонунга асосан, муқаддам коррупцион жиноятда айбдор деб топилганлар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиниши мумкин эмас.
Афзал Эрматов – Миграция агентлигининг 5 йил ичидаги еттинчи раҳбари ҳисобланади.
2017 йил март ва апрел ойларида Жанубий Кореяда ишлашни истовчиларни рўйхатга олиш бўйича ўтказилган тест синовларида кузатилган можаро ортидан агентликнинг ўша пайтдаги раҳбари Улуғбек Назаров ўз лавозимини тарк этганди. 2018 йилнинг баҳорида унинг ўрнига Ҳожибахлил Асамов тайинланганди. Кейинчалик Асомов лавозимини Равшан Ибрагимовга бўшатиб берди. Бироқ у қамалгач, 2019 йил охирида агентликка Бахтиёр Турсунов келганди. У 2020 йил ёзида лавозимини тарк этди ва унинг ўрнини Муҳаммадзокир Маматхонов эгаллади. Муҳаммадзокир Маматхонов 2021 йил февралида Наманган вилоятининг Уйчи тумани ҳокими сифатида иш бошлагач, агентлик раҳбарлигига Хайрулла Умаров тайинланганди.
“Энг коррупциялашган агентлик”
Ҳар йили минглаб ўзбекистонликлар Жанубий Кореяга ишлаш учун юборилади.
Маҳаллий кузатувчилар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги назорат қиладиган жараённинг ўта коррупциялашганини айтишади.
Кореяга ишлаш учун жўнатиш мақсадида одамлардан пора олган шахслар ва бандлик хизмати ходимлари билан боғлиқ ўнлаб жиноят ишлари ҳақида маълумотлар бор.
Икки йил аввал Олий Мажлис депутатларидан бири агентликнинг раҳбарларини коррупцияда айблаб чиққанди.
“Аввало, ташқи миграция борасида бир нарсани очиқ айтай. Бу гапим учун ҳар қандай жойда жавобимни бера оламан. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги – энг коррупциялашган органдир. Агентликнинг раҳбарлари ҳам коррупционерлар.
Мен чет элга шу агентлик орқали чиқиб кетаётган мигрантлар ҳақида гапирмоқчиман. Бу агентлик ўша кетаётганлардан ноқонуний равишда миллионлаб пул ўмаради”, – деганди депутат Боймурод Юсупов.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлигига қарши тергов ҳаракатлари биринчи марта бўлаётгани йўқ.
Тўрт йил аввал агентликнинг ўша пайтдаги раҳбарлари узоқ муддатларга қамалган. Улар 2018 йилнинг ноябрь ойида катта миқдорда пора олганликда айбланиб қўлга олинди, кейин 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Баъзи манбалар Миграция агентлигининг 20га яқин расмийси Жанубий Кореяга ишга кетаётганлардан умумий 20 миллион доллар пора олганликда гумонланаётгани ҳақида ёзган эди. Мазкур хабарни орадан бир неча кун ўтгач, Бош прокуратура ҳам тасдиқлаганди.
Жанубий Кореяга Ташқи миграция агентлиги орқали ишга кетиш квотаси 5000, йилига Кореяга кетиш учун ҳужжат топширувчилар сони эса 100 минг нафардан кўпроқни ташкил этади.
Танлов жараëнининг шаффоф эмаслиги танқидларга сабаб бўлиб келади.
Аввалроқ Kun.uz 2022 йилда Жанубий Кореяга ишга юбориш учун жами 4 та имтиҳон ўтказилган бўлиб, уларнинг иккитаси оммага эълон қилинмай ўтказиб юборилгани ҳақида ёзганди.
Мавзуга оид
19:53 / 10.09.2024
Коррупцияга қўл урган 566 нафар шахс давлат ишига қайтадан кириб, яна коррупцияга қўл урган
19:11 / 23.08.2024
Қозоғистонда 10 миллион долларлик «тушунарсиз бойлик» давлатга қайтарилди
09:46 / 23.08.2024
Тошкентда коррупциявий жиноят содир этган мансабдорлар асосан қайси идораларда ишлагани айтилди
12:59 / 19.08.2024