Ўзбекистон | 11:04 / 08.10.2025
19721
3 дақиқада ўқилади

«Бу ўтакетган ваҳшийлик» – Зокиржон Алматов Фарғонада ИИБ ходимлари аёлни таҳқирлагани ҳақида 

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов Фурқат туманида мактаб директори бўлган аёлнинг ИИБ ходимлари томонидан калтакланиб, яланғоч ҳолда тасвирга олинишини ўтакетган ваҳшийлик деб атади. Бу ишларга бош бўлган туман ИИБ раҳбари эса қайсидир йўллар билан амалга ўтириб қолганини айтди. “Биз ўзидан кетиб қолган бундай раҳбарларни асло кечирмаймиз”, деди у.

Фото: Видеодан кадр

7 октябр куни ИИВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов Фурқат тумани ИИБ ходимлари томонидан аёлнинг таҳқирланиш ҳолатига муносабат билдирди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.

Зокиржон Алматов ички ишлар ходимлари жаҳлини жиловлай олиши кераклигини таъкидлаган.

Бу ўтакетган ваҳшийлик. У раҳбар [Фурқат тумани ИИБ собиқ бошлиғи — таҳр.] қайсидир йўллар билан амалга ўтириб қолган, деб ўйлайман. Қандай шароитда бўлса ҳам, ички ишлар идораси ходими ўзини ушлашни билиши керак. Биз бундай ўзидан кетиб қолган раҳбарларни асло кечирмаймиз”, деган Алматов.

Шунингдек, маслаҳатчи ички ишлар ходимларининг вазифаси фақат қамаш эмаслигини айтиб ўтган.  

Ҳар бир йиғилишда вазир, вазирлик раҳбарияти, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиқлари ходимлардан шу нарсани талаб қилади: жаҳлингга эрк берма, жаҳлингни жиловла, одамларни яхшилаб эшит, деймиз. Бизга жаҳл қилиб, ўзини осиб қўйганлар ҳам бўлган. Шунинг учун йигитлар, қизларимиз, эшитинглар, инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббат деган туйғуларнинг ҳаммаси бизда бўлиши шарт. Сиз билан биз фақат қамаш учун яратилмаганмиз. Тарбиялаш, инсонларга ғамхўрлик қилиш, уларга ёрдам бериш учун ички ишлар ходимлари бор. Шу нарса ҳеч қачон эсимиздан чиқмасин. Лекин одам бўлмайдиганларнинг қонун бўйича жазосини беришимиз шарт. Шу боис бизнинг фаолиятимизда ҳар хил одамлар бўлган, ҳозир ҳам учраб туради”, деган у. 

Зокиржон Алматовнинг қўшимча қилишича, Фарғонадаги ҳолат бўйича махсус текширув олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz олдинроқ Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова билан содир бўлган ҳолат ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Фурқат тумани ИИБ ходимлари аёлни калтаклаб, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олгани ҳақида гап боради. Ҳолат Сенат қўмитаси томонидан назоратга олинган. Омбудсман Фурқат тумани ИИБнинг 4 нафар масъул ходими жиноий жавобгарликдан озод этилганини маълум қилиб, ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахснинг қилмиши тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланишини сўраган.

Ҳолат юзасидан Фурқат тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган 39 ёшли Акмал Хўжаев ҳамда унинг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган 34 ёшли Жасур Расуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Улар Жиноят кодексининг 6 та моддаси бўйича айбланмоқда. Ҳозирда уларга оид жиноят иши ЖИБ Қува туман судида кўриб чиқилмоқда.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид