Ўзбекистон | 13:57 / 07.10.2025
14930
3 дақиқада ўқилади

Фурқат туман ИИБнинг собиқ мансабдорларига оид жиноят иши Қува туман судида кўрилаётгани маълум бўлди

​​​​​​​Олий суд ахборотига кўра, Фурқат тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Жасур Расулов айбловида қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш жинояти ҳам бор. Фарғона вилояти ИИБ фуқаролардан суд ҳукми эълон қилинмасдан туриб ноўрин хулоса чиқармасликни сўради.

Фарғона вилоятида 34 ёшли Гулираъно Қосимованинг ИИБ ходимлари томонидан калтакланиб, яланғоч ҳолда тасвирга олиниши ва таҳқирланиши юзасидан қўзғатилган жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши ЖИБ Қува туман судида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, Фурқат тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган 39 ёшли Акмал Хўжаев ҳамда унинг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган 34 ёшли Жасур Расуловга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қува туман судида кўриб чиқилмоқда.

Тергов органининг хулосасига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми “б” банди, 142-моддаси (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 230-2-моддаси (тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) 1-қисми ва 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Суд жараёни якуни бўйича қўшимча маълумот берилиши билдирилган.

Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ ҳам расмий муносабат билдирди.

“Ҳолат бўйича ҳали тергов ва суд жараёнлари якунланмасдан туриб, тўлиқ асосланмаган маълумотларни оммага тақдим этиш ортидан фуқаролар орасида шов-шув уйғонди. Шу муносабат билан фуқароларимиздан келтирилган важлар ҳали тасдиқланмасдан, суд ҳукми эълон қилинмасдан туриб, ноўрин хулоса чиқармасликни сўраймиз”, дейилади бошқарма муносабатида.

Идора ахборот хизмати асосли материаллар тергов ва суд органларига тақдим этилганини, якунига кўра холис муносабат билдирилишини маълум қилган. Шунингдек, ёлғон ахборот тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик борлигини эслатиб ўтган.

Аввалроқ мазкур иш Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олингани, Омбудсман эса ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахснинг қилмиши тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланишини сўрагани хабар қилинганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид