Ўзбекистон | 23:00 / 27.11.2025
5330
5 дақиқада ўқилади

Якка тадбиркорлар учун янги солиқ тизими ва алимент тўловчиларга чет элга чиқиш имконияти – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун солиқ тўлаш тартиби ўзгаради

2026 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун солиқ тўлаш тартиби ўзгаради.

Йиллик айланмаси бир миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар айланмадан 1 фоиз миқдорида солиқ тўлайди.

Шу муносабат билан якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш, шунингдек, солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан даромади 100 миллион сўмдан ошмаган ўзини ўзи банд қилган шахсларни айланмадан олинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш тартиби бекор қилинади.

Шу билан бирга, айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун соддалаштирилган ҳисобот шакли жорий этилади, қайта тикланувчи энергиядан фойда олаётган тадбиркорларга эса нол солиқ ставкаси қўлланади.

Алимент тўловчилар суғурта полиси орқали чет элга чиқиши мумкин бўлади

Адлия вазирлиги қарздор жисмоний шахсларнинг чет элга чиқишини чеклаш тартибига ўзгартиш киритди. Энди алимент тўлаш мажбурияти бор шахслар суғурта полиси орқали вақтинчалик чиқиш тақиқини тўхтатиб туришга эришиши мумкин.

Янги тартибга кўра, алимент тўлаш мажбурияти юклаган суд ҳужжати бўлган шахслар суғурта полисини илова қилган ҳолда давлат ижрочисига илтимоснома билан мурожаат этса, уларнинг чет давлатга чиқиши бўйича қўйилган вақтинчалик чеклов тўхтатиб турилади.

Бунда тегишли суғурта турлари фақат махсус лицензияга эга бўлган суғурталовчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Суғурта полиси алимент мажбуриятларини бажаришни кафолатлашга хизмат қилади.

Дарахт экиш учун ичимлик сувидан фойдаланишга қўйилган чеклов баҳор ва ёзда бекор бўлади

Президент маслаҳатчиси Азиз Абдуҳакимов маълум қилганидек, дарахт экиш ва парваришлаш учун ичимлик сувидан фойдаланишга қўйилган чеклов келгуси баҳор ва ёз ойларида бекор қилинади.

«Эндиликда аҳолига дарахт экиш ва парваришлашда янада қулайлик яратиш мақсадида ичимлик сувидан айнан ушбу мақсадда фойдаланишга қўйилган чеклов баҳор ва ёз даврида бекор қилинади», деди Азиз Абдуҳакимов.

Шунингдек, у тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилишини қайд этди. Мазкур чора-тадбирлар аҳоли учун қулай шароит яратиш, атмосфера ҳавосини яхшилаш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилгани таъкидланди.

Жиззахда ИИБ ходими бедарак йўқолди

Зафаробод тумани ИИБ ходими октябр ойи охирида ишга кетганича уйига қайтмаган. Олиб борилаётган қидирув ишларига қарамай у топилмаяпти. Прокуратура ходимга нисбатан фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатган.

Маълум бўлишича, Мамаюсуф Раҳматуллаев 27 октябр, душанба куни эрталаб ишга кетган. У шундан кейин яшаш уйига қайтмаган. Ходимнинг қаерга кетгани ҳозирча маълум эмас. Олиб борилаётган қидирув ишларига қарамай у ҳамон топилмаган.

Мамаюсуф Раҳматуллаевга нисбатан Зафаробод тумани прокуратураси томонидан 2025 йил 19 ноябр куни Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ургутда наркосавдогар ҳамшира 10 йилга қамалди

Оилавий поликлиника филиалида патронаж ҳамшираси бўлиб ишлаган 38 ёшли аёл 5 грамм героин ҳамда 1,2 кг опий наркотик моддаси билан қўлга олинди. У судда опийни ўзи истеъмол қилишини, ёнидан топилган наркотик моддаларни сотиш нияти бўлмаганини билдирди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1987 йилда туғилган М.М. Ургут туманидаги оилавий поликлиникалардан бирининг филиалида патронаж ҳамшира бўлиб ишлаган. Унга 2021 йил феврал ойида ҳам шу турдаги жиноят билан 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо шартлига алмаштирилиб, 3 йил синов муддати берилган. Аммо ҳамшира бундан хулоса чиқармаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид