Ўзбекистон | 17:06 / 10.08.2023
31500
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” дорисидан 65 нафар бола ҳалок бўлган

“Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишида тасдиқланган айблов хулосасига кўра, содир этилган жиноятлар оқибатида 65 нафар ёш бола вафот этган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Kun.uz

Жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёнлари эртага, 11 август куни соат 10:00 да Тошкент шаҳар судида бошланади.

Иш доирасида:

  • С. Р. П. (эркак, 1972 йилда Ҳиндистонда туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори),
  • С.Қ. (эркак, 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, бир вақтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган),
  • ва бошқаларга (жами 21 киши: “Quramax Medikal” МЧЖ ва “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК масъул ходимлари) айблов эълон қилинган.

Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.

Улар Жиноят кодексининг 184, 28,186-3, 186-3, 25,205, 205, 207, 28,209, 209, 210, 211, 212, 228-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили декабр ойи ҳолатига қурбонлар сони 20 нафардан ортиқ экани маълум эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, йўталга қарши “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сироплари таркибида мумкин бўлмаган миқдордаги этиленгликол ва/ёки диэтиленгликол заҳарли моддалари аниқланган.

Бу препаратларни Ҳиндистоннинг “Marion Biotech” компанияси ишлаб чиқарган, Ўзбекистонга “Quramax” компанияси импорт қилиб келган. Ўнлаб болалар ўлимидан кейин, мамлакатда “Quramax” олиб кираётган дориларнинг ҳаммаси сотуви тақиқланди. Ҳиндистон расмийлари эса “Marion Biotech”нинг лицензиясини тўхтатди.

Аввалроқ Kun.uz бу дорилар Ўзбекистонга қандай кириб келганини ўрганган эди. Қонунчиликка кўра, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш, сифат назорати, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш бўйича ваколатли орган ССВ ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳисобланади. Агентликнинг бу йўналишдаги ишчи органи – Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказидир.

Амалдаги тартибга биноан, Ўзбекистонда рўйхатга олинган ва импорт қилинган дориларнинг ҳар бир партияси ёки серияси мувофиқлик сертификатини олиши керак. Сертификати бўлмаган дори воситалари божхонадан ўтказилмайди. Дори воситаларини сертификатлаш билан аккредитацияга эга жами 7та ташкилот шуғулланади, шундан 6 таси Фармацевтика агентлиги тизимига киради. “Док-1 Макс” сиропининг 2022 йилда республикага олиб кирилган 11 та сериясидан барчасига агентлик тизимидаги “Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази” МЧЖ сертификат берган. Бу МЧЖнинг икки мансабдори биринчилардан бўлиб қамоққа олинган эди.

Эътиборлиси, “Док-1 Макс”га 2022 йилдан аввалги охирги сертификат 2018 йилда расмийлаштирилган. Яъни орада 4 йил бу дорининг янги серияси Ўзбекистонга олиб кирилмаган. 2022 йилда эса 5 сентябрдан 13 декабргача бўлган оралиқда препаратнинг 11 та сериясига сертификат берилган. Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 15 декабрдаги хатида “Док-1 Макс” билан боғлиқ фожиавий ҳолатлар “охирги 2 ойда” рўй бераётгани қайд этилганди.

Мавзуга оид