Ўзбекистон | 20:57 / 08.06.2024
17897
14 дақиқада ўқилади

ЖСТ сари қадам, непотизмга қарши қонун ва Хитойдан Андижонга темирйўл — ҳафта дайжести

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга тайёрланмоқда: монополистлар айрим имтиёзларидан маҳрум бўлади. Жиззахда АЭС қурилиши камида 8 йил давом этади: ўзбекистонликлар бунинг учун Россияга қанча тўлаши махфийлаштирилди. “Демократия ва инсон ҳуқуқларини тарғиб қилганлар Ғазодаги ваҳшийликларга кўз юммоқда”: Шавкат Мирзиёев Ғарбнинг иккиёқлама стандартларини танқид қилди.

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистонга оид энг муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

ЖСТга аъзолик жараёни: муҳим амалий қадам ташланди

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида навбатдаги қадамни ташлади. Душанба куни имзоланган президент фармони билан, бир нечта монопол компанияларнинг алоҳида ҳуқуқлари ва бир қатор имтиёзлар бекор қилинадиган бўлди. Улар орасида электротехника саноати ва автосаноатга берилган айрим имтиёзлар ҳам бор.

Хусусан, 2026 йил 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электротехника маҳсулотлари бўйича давлат харидларидаги 20 фоизгача нарх преференцияси қисман бекор қилинади. 2025 йил 1 январдан эса экспортни қўллаб-қувватлаш учун берилаётган субсидия ва преференциялардан воз кечилади. Шу санадан бошлаб экспортчиларга транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзлар ҳам тугатилиши керак. Бу имтиёзнинг бекор қилиниши давлатни йилига 40 млн долларлик харажатлардан халос қилади – экспортчиларнинг транспорт харажатларини қоплаб бериш учун 2024 йилда айнан шунча маблағ ажратиш режа қилинган. Бу пулларнинг катта қисми эса автосаноат корхоналари ҳисобига бориб тушади. Шу билан бирга, айрим имтиёзлар бекор қилинаётгани билан, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш буткул тўхтаб қолмайди: фармонга асосан, бу йўналишда ЖСТ қоидалари билан тақиқланмаган қўллаб-қувватлаш чоралар кўрилиши белгилаб қўйилган.

Ҳужжатга биноан, 2025 йил 1 январдан эътиборан, самараси паст деб топилган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам бекор қилиниши кутиляпти. Шунингдек, шу санадан бошлаб “Ўзметкомбинат”, “Ўзиккиламчиранглиметалл”, “Ўзкимёимпекс”, “Ўзтрейд” ва “Ўзбектелеком” компанияларига берилган айрим эксклюзив ҳуқуқлар тугатилади. Жумладан, келаси йилдан бошлаб интернет провайдерларга маълум талабларни бажарган ҳолда, ташқи интернет каналларига ўзлари мустақил уланишига рухсат берилади. Эслатиб ўтамиз, “Ўзтелеком”нинг бу соҳадаги монополиясига барҳам берилиши ҳақида 2018 йилдан бери кўп марта гапирилган, лекин амалда ўзгариш бўлмай келаётган эди.

Экслюзив ҳуқуқларидан маҳрум бўладиган компаниялар орасида “Ўзгазтрейд” ва “Ўзэнергосотиш” акциядорлик жамиятлари ҳам бор. 2026 йил 1 июлдан бошлаб уларнинг марказлашган тартибда табиий газ ва электр энергияси импорти ва экспортини амалга ошириш бўйича алоҳида ҳуқуқлари бекор қилинади, яъни юридик шахслар лицензия олган ҳолда электр энергияси ва табиий газнинг ташқи савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлади. Энергетика соҳасида, шунингдек, маҳсулот тақсимотига оид барча битимлар ва инвестиция шартномаларини 2 ой ичида хатловдан ўтказиш белгиланди. Хатлов натижалари бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Эслатиб ўтамиз, айниқса табиий газ бўйича тузилган айрим битимларда миллий манфаатлар инобатга олинмаганини аввалроқ давлат раҳбари ҳам танқид қилган эди.

Фармондаги муҳим янгиликлардан яна бири қурилиш соҳасига оид. Унга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб, қурилиш объектининг лойиҳаси ҳали тасдиқланмаган бўлса, бу қурилишга бюджет маблағлари, давлат банкларининг ва давлат корхоналарининг маблағларини сарфлаш тақиқланди. Бу – лойиҳалаш ишлари қурилиш-монтаж ишлари билан параллел равишда олиб бориладиган қурилишларга ҳам тааллуқли. Сир эмаски, давлат пуллари ҳисобидан бўладиган қурилишларда агар лойиҳа-смета ҳужжатлари олдиндан тасдиқлаб олинмаган бўлса, қурилиш жараёнида лойиҳа қиймати сезиларли қимматлашиб кетиши одатий ҳолга айланган. Эндиликда, 1 январдан бошлаб бундай ҳолатларга чек қўйилиши керак.

3 июн кунги президент фармони ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеаланинг Тошкентга ташрифи арафасида имзоланди. Шавкат Мирзиёев ЖСТ раҳбари билан учрашувда Ўзбекистон тез фурсатда ташкилотга аъзо бўлиши муҳимлигини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳукумат 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кирмоқчи эканини эълон қилганди. Ҳозирча бу борада музокара ўтказиш истагини билдирган 11 та давлат билан келишувга эришилган, яна 20 дан ортиқ давлат билан музокаралар давом этяпти.

АЭСнинг нархи – махфий

Ўзбекистон ҳукумати Жиззахда қуриладиган атом электр станцияси лойиҳасининг молиявий тафсилотларини махфий маълумот деб эълон қилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг Spot нашрига маълум қилишича, станция неча пулга қурилиши ҳақидаги маълумот махфий ҳисобланади ва ошкор қилинмайди. Таъкидлаш керак, расмийлар ўтган йили Россия билан тузилган газ шартномаси ҳақида ҳам худди шундай гапни айтишганди.

“ЎзАтом” агентлигига кўра, кичик АЭС аввалроқ катта АЭСни қуриш режа қилинган жойда – Фориш тумани ҳудудида, Тузкон кўли яқинида қурилади. 6 та реакторнинг биринчисини ишга тушириш 5 йилдан кейинга режа қилинган. Биринчи реактор ишга тушгач, кейинги 5 тасини ҳар 6 ойда навбатма-навбат ишга тушириш кўзда тутилган. Станцияни тўлиқ қувватда ишлата бошлаш эса камида 2032 йил ёки ундан кейинга белгиланган.

Шу тариқа, 330 MW қувватлик АЭСнинг тўлиқ ишга тушиши учун камида 8 йил вақт керак бўлади. Таққослаш учун, Ўзбекистонда 500 MW қувватли қуёш электр станцияларини қуриб ишга тушириш учун узоғи 3 йил муддат етарли бўляпти.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли бўйича битим имзоланди

Энергетика соҳасида Россияга боғлиқлиги борган сари кучаяётган Ўзбекистон, айни пайтда транспорт коридорлари масаласида Россияга боғлиқлик муаммосини ҳал қилишга интиляпти. Шу мақсадда шарқий, жанубий ва ғарбий йўналишларда турли коридорлар ташкил этиляпти ва янги лойиҳалар устида ишланмоқда. Шу ҳафта бу борадаги энг катта стратегик лойиҳалардан бирига ҳуқуқий пойдевор қўйилди.

6 июн куни Пекинда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида темирйўл қурилиши бўйича ҳукуматлараро битим имзоланди. Тарихий битимга Ўзбекистон номидан имзо қўйган транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, бу ҳужжат билан учта давлат биргаликда лойиҳанинг барча техник деталларини ишлаб чиқишни якунлаш, лойиҳани амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва босқичларини белгилаб олиш, қисқа вақт ичида қўшма корхона ташкил этиш ва концессия битимини имзолашга келишиб олган.

Келишувга кўра, темирйўл Қашғар – Торуғарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтади. Қурилиш ишлари шу йил октябрда бошланиши кутиляпти. Унгача лойиҳанинг молиявий масалалари тасдиқланиши керак. Қурилиш ишларининг асосий қисми Қирғизистон ва Хитой ҳудудига тўғри келади. Лойиҳа якунига етгач, 2030 йилда бу коридор бўйлаб 8 млн тонна, 2040 йилгача йилига 10 млн тонна, 2050 йилга бориб эса 13,5 млн тонна юк ташилиши кўзда тутилган.

S&P: Ўзбекистондаги компанияларнинг давлат кафолатисиз олинган қарзлари давлат зиммасига тушиб қолиши мумкин

Ўзбекистонда давлат томонидан олинмаган ва қайтарилишига давлат ҳеч қанақа кафолат бермаган айрим қарзлар ҳам охир-оқибат давлатнинг зиммасига қолиб кетиши мумкин. Бундай хавф борлиги ҳақида S&P халқаро рейтинг агентлиги ўз ҳисоботида маълум қилди. Агентлик Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB-” (барқарор кутилма) даражасида сақлаб қолган ва шу муносабат билан эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳозирги ҳолатига батафсил тўхталиб ўтган.

Хорижий экспертларга кўра, Ўзбекистонда давлат иштирокидаги ва давлат хусусий шериклигидаги корхоналарга тегишли, давлат томонидан кафолат берилмаган қарзларнинг жами миқдори ЯИМнинг 8 фоизига етиб қолган. Ва бу қарзларнинг бир қисми ҳукумат балансидаги мажбуриятга айланиши хатари бор. “Айрим лойиҳалар кутилганидан кўра муваффақиятсизроқ амалга ошса ёки бошқарув ё назоратда муаммолар пайдо бўлса, бу қарзларни сўндиришда қийинчиликларга дуч келишлари мумкин”, дейилади ҳисоботда.

S&P таҳлилчиларининг эътибор қаратишича, ҳукуматнинг ликвид активлари ҳажми 2017 йилда ЯИМнинг 37 фоизини ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 13 фоизгача қисқариб кетган. Хусусан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 17 млрд долларлик активларидан 10 млрд долларлик қисмини экспертлар ноликвид актив деб баҳолаган. Яъни жамғарманинг давлатга қарашли компаниялар ва банкларга киритган миллиардлаб долларлик маблағларини зарурат пайдо бўлиши биланоқ тезда пул шаклига ўтказиш қийин. Таҳлилчилар, шунингдек, мамлакатнинг суверен фонди мақомидаги Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ташқи активлари ҳам охирги 4 йилда бюджет мақсадларида ишлатила бошлаганига алоҳида эътибор қаратган.

Ғазодаги уруш: Шавкат Мирзиёев Ғарбдаги иккиёқлама стандартларни танқид қилди

Ўзбекистон Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ президенти Жо Байден эълон қилган режани олқишлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон барча томонларни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга, зўравонликларнинг олдини олишга ва тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг янада кўпайишига йўл қўймасликка чақиради.

Расмий Тошкент оташкесим бўйича АҚШнинг ташаббусини қўлласа-да, урушга умумий муносабат борасида Вашингтон ва у бошчилигидаги Ғарб давлатлари билан ҳамфикр эмас. Бу масалага Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Анқарада бўлиб ўтган музокаралардан кейин берган баёнотида эътибор қаратди. Ўзбекистон президенти Ғарб давлатларининг фожиага бўлган муносабати қаттиқ хавотирга солаётгани, амалда иккиёқлама стандартлар кузатилаётганини айтди.

“Демократия ва инсон ҳуқуқларини кенг тарғиб қилган ва уларнинг ҳимоясида турган етакчи, ривожланган давлатлар бу қотилликларга, бу ваҳшийликларга кўз юммоқда. Зўравонликни тўлиқ тўхтатиш ва тинчлик жараёнини бошлаш керак. Барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун, албатта, мустақил ва озод Фаластин давлати ташкил этилиши шарт”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёевнинг Анқарага ташрифи вақтида икки давлат ўртасида 20 та ҳужжат имзоланди, ўзаро савдони 5 млрд долларга етказишга келишилди, 10 млрд долларлик янги лойиҳалар портфели шакллантирилди. Президентлар Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши ва икки мамлакат ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишида қатнашди. Бундан ташқари, мезбонлар Шавкат Мирзиёевни Туркия аэрокосмик компаниясига таклиф қилиб, у ерда турк мудофаа саноати, хусусан замонавий дронлар ва бошқа техникалар тақдимоти билан таништирди. Расмий хабарга кўра, шундан кейин бўлиб ўтган Мирзиёев ва Эрдўғаннинг тор доирадаги музокараларида хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақида ҳам сўз борган. Ташриф якунида Эрдўған ўзбекистонлик ҳамкасбини олий давлат мукофоти – Туркия Республикасининг нишони билан тақдирлади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон президенти узоқ кутилган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун билан, давлат органлари ва давлат компанияларида қариндош-уруғчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланди. Яқин қариндошлар давлат ишида бир-бирининг бўйсунувида ишлаши бўйича чекловлар ва манфаатлар тўқнашуви бўйича қонунчиликни бузганлик учун жазо чоралари киритилди. Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини очишда ёрдам берган шахсларга ундирилган жариманинг 50 фоизи миқдорида мукофот пули берилади.

Тўртта ҳудудда 5 нафар солиқчи пора билан ушланди. Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура департаменти томонидан Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда солиқ инспекторлари 600 доллардан 2300 долларгача бўлган миқдорлардаги пора билан қўлга олинган. Яна бир ҳолатда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани солиқ инспекциясининг собиқ амалдори 5 минг доллар билан ушланган. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида қотилга ёрдам бериб, жиноятни яширган икки нафар профилактика инспектори 5 йил ва 6,5 йил муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўзбекистондаги хонадонларнинг учдан бир қисмида табиий газ йўқ. Буни бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров парламентдаги чиқишида айтиб ўтди. Мажлисда депутат Дониёр Ғаниев электр энергияси бўйича ҳамма учун бир хил – 200 киловатт-соатлик ижтимоий нормани белгилашда газлаштирилмаган ҳудудлар масаласи инобатга олинмагани ҳақида сўради. Бош вазир ўринбосари бунга жавобан хонадонларнинг учдан бир қисмида табиий газ йўқлигини тан олиб, бу масала бўйича шуғуллана бошлашини айтди.

Тошкентда собиқ МХХ биноси атрофидаги 53 туп кўп йиллик дарахтлар ноқонуний равишда кўчириб кетилгани бўйича ниҳоят жиноят иши очилди. Бош прокуратура хабарига кўра, дарахтларни ноқонуний кўчирган компания ва бунга шароит яратиб берганлар терговга жалб этилган. Бу ўринда, гўёки ҳамма дарахтлар олиб кетилишини кутиб тургандек, жиноят иши жамоатчилик бонг урганидан нақ 12 кун ўтиб очилгани эътиборли. Эҳтимолки, прокуратуранинг ҳолатга ўз вақтида аралашуви ўнлаб дарахтларни ўз жойида сақлаб қолишга имкон берган бўларди.

 

ҳафта мавзулари

Мавзуга оид