Ўзбекистон | 21:10 / 03.06.2024
9226
3 дақиқада ўқилади

2 ҳафтадан сўнг: МХХ биноси атрофидаги дарахтлар ноқонуний кўчирилгани бўйича жиноят иши қўзғатилди

Прокуратура 53 туп кўп йиллик дарахтлар ноқонуний равишда кўчириб кетилганини ниҳоят тасдиқлаб, жиноят иши очди. Kun.uz дарахтлар ноқонуний кўчирилаётгани ҳақида бундан 9 кун олдин хабар берган эди. Экопартия Бош прокуратурадан зудлик билан чора кўришни сўраганига эса 12 кун бўлди. Жиноят ишининг эртароқ қўзғатилиши, эҳтимол, бир қанча дарахтларни ўз жойида сақлаб қолишга имкон берган бўларди.

“Muna Mag” компанияси раҳбари Фаррух Ҳакимов / Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳри марказидаги собиқ МХХ биноси атрофида жойлашган дарахтлар ноқонуний кўчириб кетилгани бўйича жиноят иши очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилди.

Прокуратуранинг тасдиқлашича, Юнусобод туманидаги Сайилгоҳ кўчаси 1-уй манзилида олиб борилаётган қурилиш лойиҳаси доирасида “Muna Mag” МЧЖ томонидан соғлом ўсиб турган жами 53 туп қимматбаҳо навли кўп йиллик дарахтлар (эман, қарағай, айлантус ва бошқалар) белгиланган талабларга зид равишда ноқонуний равишда кўчириб олиб кетилган.

“Ҳолат юзасидан дарахтларни ноқонуний кўчирган хўжалик юритувчи субъект масъуллари ва бунга имконият яратиб берган мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Жиноят иши Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган”, – дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Нега бунча кеч?

Дарахтлар кўчирилаётгани ҳақида ОАВ, хусусан Kun.uz 22 май куни хабар берган, ўша куни Ўзбекистон Экологик партияси Бош прокуратурага мурожаат қилиб, ҳолат бўйича зудлик билан чора кўришни сўраганди.

Kun.uz бундан 9 кун олдин – 25 май куни эълон қилган материалида “Muna Mag” компанияси дарахтларни кўчириш учун рухсат олмаганини ёзганди.

Ўшанда компания раҳбари Фаррух Ҳакимов ҳозирча 15 дона эман Қибрайга олиб келингани, яна 11 донаси кўчириб келиниши, шу тариқа Сайилгоҳ кўчасидан жами 26 дона 30-70 ёшли эман дарахтларини кўчириш ишлари давом этаётганини айтганди.

Фаррух Ҳакимов дарахтлар кўчирилган Қибрай тумани Мирзо Улуғбек шаҳарчасида

Ҳакимовнинг ўша вақтдаги гапларига ишонилса, бундан 10 кун олдин (таҳририят мухбири материални 24 майда тайёрлаган) дарахтларнинг бир қисмини кўчириш ишлари ҳали давом этаётган бўлган. Жиноят ишининг ўз вақтида қўзғатилиши дарахтларнинг маълум қисмини ўз жойида сақлаб қолишга имкон берган бўларди, эҳтимол.

  • Собиқ МХХ биносини хусусийлаштириб олган “Metropol Group” компанияси бино жойлашган жойда – 2,2 гектарлик майдонда 22 қаватли ҳашаматли меҳмонхона қурилишини эълон қилган.
  • Дарахтларни кўчириш хизматини кўрсатган “Muna Mag” фирмаси раҳбари Фаррух Ҳакимов, аввалроқ, кўчирилган дарахтларни суратга олмоқчи бўлган фотографга таҳдид қилиб, уни ҳайдаган, ҳатто бошидан газланган ичимлик қуйиб юборганди

Мавзуга оид