2023 йилда Адлия вазирлигида миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш бўйича махсус бошқарма ташкил этилганидан буён 700 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари ЖСТ қоидаларига мувофиқлигини баҳолаш учун экспертизадан ўтказилди.
Бу ҳақда 31 май куни Адлия вазирлигида “Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш масалалари” мавзусида бўлиб ўтган конференцияда адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни фаол босқичга ўтганидан сўнг миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш мақсадида 2023-2024-йиллар давомида 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган ва 40 га яқин ҳужжатларни уйғунлаштиришга эришилган.
“Қабул қилинган ҳужжатлар қаторида 2024 йил 15 февралдаги 908-сонли қонун алоҳида ўрин эгаллайди. Унга мувофиқ, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва маҳаллий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун тўланадиган давлат божи миқдори бирхиллаштирилди ва 1 БҲМ миқдорида белгиланди (олдин хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар БҲМнинг 10 баравари миқдорида давлат божи тўлаган, маҳаллий корхоналар эса 1 БҲМ).
Бундан ташқари, ушбу қонун интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчиликка бир қатор муҳим ўзгаришлар киритди. Хусусан, қонун резидентлар ва норезидентлар томонидан интеллектуал мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун давлат божини ундириш бўйича камситувчи қоидаларни бекор қилди, патентлар соҳасида мажбурий лицензиялаш асосларини ўрнатди”, – дейди Алишер Каримов.
Вазир ўринбосарига кўра, 2024 йилнинг 5 апрел куни 30 та банддан иборат, янгиланган Миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига мувофиқлаштириш бўйича иш режа ҳамда 26 та қабул қилинган ҳужжат ва лойиҳаларнинг (18 та қабул қилинган ҳужжатлар ва 8 та ишлаб чиқилган лойиҳалар) таржималари ЖСТга аъзо давлатларга кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

Тадбирда иштирок этган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъули Искандар Генжаевнинг таъкидлашича, ҳозирда Ўзбекистон билан 30 дан ортиқ давлатлар икки томонлама музокараларга киришган ва 11 та давлат билан музокаралар якунланган.
















