Ўзбекистон | 17:27 / 05.06.2024
3437
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ ташаббусини олқишлайди — ТИВ

Ўзбекистон АҚШ президенти Жо Байден эълон қилган ўт очишни тўхтатиш режасини олқишлайди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов АҚШ президенти Жо Байден эълон қилган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режасига Ўзбекистон ТИВнинг муносабати қандайлиги ҳақидаги саволга жавоб қайтарди. У Ўзбекистон можароларни фақат тинч йўл ва барча мавжуд дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлаган.

«Биз Ғазо секторида тинч аҳоли, айниқса аёллар ва болалар қурбонлари бўлган тўқнашувларни диққат билан кузатмоқдамиз. Бу ҳолат бизни чуқур хавотирга солмоқда.

Ўзбекистон можароларни фақат тинч йўл ва барча мавжуд дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори.

Шу муносабат билан инқирозни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади. Биз барча мамлакатларнинг ҳаракатларини, жумладан, АҚШнинг ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинганларни озод қилиш ва тинч ҳаётни тиклаш бўйича ташаббусини олқишлаймиз», — деган вазирлик вакили.

Вазирлик барча томонларни вазминликка, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга, зўравонликни олдини олишга ва тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг янада кўпайишига йўл қўймасликка чақиради. 

  • Июн бошларида Исроил АҚШ президенти Жо Байден томонидан таклиф этилган урушни тугатиш ва Ғазо секторидаги можарони ҳал этиш режасини қабул қилди. Режа вазиятни юмшатишнинг уч босқичи, асосан, доимий сулҳ ва Исроилнинг Фаластин ҳудудидан чиқиб кетишини ўз ичига олади. Режага кўра, биринчи босқич олти ҳафта давом этиши керак. Унда тўлиқ ва якуний ўт очишни тўхтатиш, Исроил қўшинларининг Ғазо секторидаги аҳоли пунктларидан олиб чиқиб кетилиши ва юзлаб фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига бир қатор исроиллик гаровга олинганларни қайтариш киради. Иккинчи босқич ҳарбий ҳаракатларни якуний тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, бу босқичда қолган барча гаровга олинганлар Исроилга қайтарилиши керак. Ниҳоят, учинчи босқичда АҚШ ва халқаро ҳамжамият кўмагида минтақани кенг кўламли қайта қуриш режаси бошланади, бу эса 3-5 йил давом этади. ҲАМАС томонидан ўлдирилганларнинг жасад қолдиқлари исроиллик оилаларга қайтарилиши керак.
  • Ҳамас ҳаракати ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиб кетиш таклифини олқишлашини билдирган.
  • Исроил Байденнинг режасини қайта ишлаш шарти билан қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган.

Мавзуга оид