“Хонадонларнинг учдан бир қисмида табиий газ йўқ” — Жамшид Қўчқоров
Депутат Дониёр Ғаниев қиш мавсумида табиий газ билан таъминланмаган ҳудудлар учун белгиланган ижтимоий лимитни ошириш масаласини кўтарди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров хонадонларнинг учдан бир қисмида табиий газ йўқлигини тан олиб, бу масала устида иш олиб борилишини айтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бош вазирининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йилдаги ҳамда 2024 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида ҳисобот берди.
Мажлисда депутат Дониёр Ғаниев 1 майдан аҳоли хонадонлари учун янги энергетика тарифлари кучга кирганига эътибор қаратди.
“Бу оғриқли, аммо қилишимиз керак бўлган қарор эди. Бу ҳақда одамларга ҳам тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Аммо жойларда ижтимоий лимит борасида эътирозлар бўляпти. Асосий эътироз – лимитни белгилашда табиий газ билан таъминланмаган фуқароларнинг эҳтиёжи инобатга олинмаганлиги. Баъзи бир ҳудудлар борки, табиий газ билан таъминланмаган ва улар қиш давомида иситиш учун электрдан фойдаланади. Бу нотўғри, аммо уларда ҳам бошқа танлов йўқ. Уларга қиш мавсумида тўловлар жуда ҳам катта бўлишини ҳозирдан ҳисоблаш мумкин”, деди Дониёр Ғаниев.
Депутат қиш мавсумида табиий газ билан таъминланмаган хонадонлар учун белгиланган ижтимоий лимит миқдорини кенгайтириш масаласининг кўриб чиқилиши 100 минглаб фуқароларнинг оғирини енгил қилишда муҳим бўлишини ва бу бўйича тизимли ечим таклиф қилиниши кераклигини таъкидлади.
“Тўғри савол қўйилди. Хонадонларнинг учдан бир қисмида табиий газ йўқ. Улар кўмир ва ўтинни бозор нархида олади. Айниқса, ўтинни. Ўзимизнинг кўмирдан маълум миқдорда чекланган нархларда харид қилиш имконияти бор. Тушунишим бўйича, улар газ йўқлиги учун қанақадир ижтимоий ҳимоялаш дастагидан фойдаланмайдими деган мазмундаги савол бўляпти. Бу савол тўғри деб ўйлаймиз. Айниқса қиш пайтида. Ҳозир биз буни ёзиб олиб, бу бўйича шуғулланиб, кейин маслаҳат қилиб, хабарини берамиз”, деди Жамшид Қўчқоров.
Эслатиб ўтамиз, 1 майдан маиший истеъмолчилар учун электр энергияси ва табиий газ бўйича нархлар оширилганди. Бунда электр энергиясига ҳамма учун бир хил – ойига 200 kWh'гача ижтимоий меъёр киритилган.
Мавзуга оид
18:33 / 26.11.2024
“Жудаям мураккаб савол” — Қўчқоров тиббиёт ходимларининг маоши ҳақида
17:11 / 26.11.2024
"ЖСТ бу адолатли савдо тизими" — Жамшид Қўчқоров
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
13:25 / 19.10.2024