20:50 / 22.05.2023
15931

Газ ва электр нархларини либераллаштириш дастури сентябргача қабул қилинади — вазир ўринбосари

Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмедхўжаевга кўра, 2023 йил сентябригача Ўзбекистонда газ ва электр энергияси нархларини либераллаштириш ҳамда ижтимоий истеъмол меъёрларини жорий этишни назарда тутувчи энергетикани ривожлантиришнинг янги дастури тақдим этилади.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистонда жорий йил сентябр ойигача газ ва электр нархларини либераллаштириш дастури тақдим этилади. Бу ҳақда Gazeta.uz'га энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу дастур орқали энергия нархларини либераллаштириш ҳамда ижтимоий истеъмол нормаларини жорий этиш режалаштириляпти.

“Энергияни кўп истеъмол қилувчи корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, узоқ муддатли мақсадларни белгилаш мақсадида энергия харажатларини камайтириш ва уларни турли тарифларга бўлишни истаймиз, чунки ҳозирда ҳар бир корхона учун газ ва электр энергиясига битта тариф белгиланган. Шунинг учун биз уларни ажратиб, Ўзбекистондаги ҳар бир субъект, ҳар бир бизнес ва жамият қатламига алоҳида ёндашмоқчимиз”, – деган Азим Аҳмедхўжаев.

У ҳукуматнинг асосий мақсадларидан бири электр энергетика соҳасининг самарали ишлаши ва ўсиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишдан иборатлигини таъкидлаган.

Азим Аҳмедхўжаевнинг қўшимча қилишича, Энергетика вазирлиги халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда келажакдаги ислоҳотлар учун асос бўладиган бутун тармоқ учун янги меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқяпти.

“Ўзбекистонда рақобатбардош электр энергияси бозорига ўтиш учун асосларни тайёрлаяпмиз. Ҳозирда дастур устида ишлаяпмиз, унга кўра, ҳудудларга электр энергиясини ташиш бўйича хорижий компаниялар ва хорижий тажрибани жалб қиламиз. Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва якуний истеъмолчига етказишда янгича ёндашувни кўрсата оладиган яхши бошқарувчи компанияларни жалб қилмоқчимиз”, – деди у.

Шу мақсадда мустақил регулятор ташкил этилади ва у бозор асосида тарифларни ҳамда энергия ишлаб чиқарувчиси ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Аҳмедхўжаевга кўра, вазирлик бу борада Озарбойжон тажрибасини ўрганмоқда, у синовдан ўтказилгандан кейин регулятор мустақил ишлаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, газ ва электр энергияси тарифлари охирги марта 2019 йил август ойида кўтарилган.

Ўтган йили 1 июлдан аҳоли учун базавий тарифларни 10 фоизга ошириб, табақалаштирилган тарифларга ўтиш режалаштирилган, лекин бу амалга ошмай қолганди. Тарифларни табақалаштириш – истеъмолчиларни тежашга мажбур қилиши билан бирга, нисбатан бадавлат ва энг кўп энергия сарфлайдиган аҳоли қатламига бюджетдан субсидия тўлашни қисқартириш имконини бериши кўзда тутилган.

Иқтисодчилар электр узилишлари ва газ ўчишлари бўйича муаммоларни тубдан ҳал қилиш учун очиқ ва рақобатли энергетика бозорини ташкил этиш кераклигини айтиб келади. 2022 йилги давлат дастурида айни йўналишдаги энергетика ислоҳотига киришиш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган эди, лекин аксарининг ижроси кечиктирилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил якунида парламентга қилган мурожаатида энергетикада эркин бозорга ўтиш тўғри йўл эканини айтган, лекин бу босқичма-босқич бўлишини таъкидлаганди.

2023 йил феврал ойида Марказий банк раиси ўринбосари либераллаштириш май ойида бошланиши мумкинлиги, бу инфляция прогнозига киритилганини айтди.

Жорий йил март ойида эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йилда Ўзбекистонда маиший истеъмолчилар учун электр энергияси ва газ тарифлари оширилмаслиги ҳақида баёнот берди.

Top