Ўзбекистон | 21:57 / 01.07.2021
4252
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида иккита янги массив барпо этилади

Самарқанд шаҳрида қарийб 200 минг аҳоли яшайдиган иккита янги массив барпо қилинади. Бу ҳақда вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятини ривожлантиришнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси»га кўра янги тартиб асосида Самарқанд шаҳрининг темир йўл вокзали орти (Залиния) ҳудудидаги 3 мингга яқин эски ҳовлилар ўрнида 100 мингдан ортиқ аҳоли учун 29 минг хонадонли 474та кўп қаватли уй қуриш белгиланган.

Бундан ташқари, М37 Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши автомобиль йўли ва Самарқанд халқаро аэропорти яқинида, Қорадарёнинг ўнг соҳилида янги «Ширин» массиви барпо қилинади. Бу массивда 295 гектар майдонда 90 минг аҳолига мўлжалланган янги шаҳарча бунёд этилиб, 148та кўп қаватли уй барпо қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, «Ширин» массивида сайёҳлик маркази ва меҳмонхоналар ҳам қурилиши режалаштирилган. Шаҳарчани Самарқанд шаҳри билан боғлаш учун Қорадарё устига янги кўприк қурилади.

Қайд этилишича, мазкур режалар бажарилиши ҳисобига 190 мингдан ортиқ аҳоли замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган уй-жойлар билан таъминланади.

Маълумот учун, Самарқанд шаҳрида иккита янги массив қурилиши ҳақида илк бор президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 15–16 апрель кунларида Самарқанд вилоятига ташрифи давомида маълум қилганди. Шунингдек, бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Kun.uz сайти учун берган интервьюсида ҳам айтиб ўтган.

 

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид