Ҳимоясиз мулк ҳуқуқи: тийиқсиз «снос»лар қачонгача давом этади?
Ўзбекистонда инвестицион жозибадорлик ва тадбиркорлик ривожи ҳақида кўп ва хўб гапирилаётган бир пайтда, мулк ҳуқуқи – ҳамон ечимини кутаётган энг муҳим муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Kun.uz'га келиб тушаётган мурожаатларнинг катта қисми кўчмас мулк дахлсизлиги ва ер муносабатларига доир масалалардир. Бобур Акмалов «KUN.MUNOSABAT» рукнида журналистлар Толиб Раҳматов ва Жамшид Ниёзов билан айни мавзу юзасидан фикр алмашди.
Дастлаб Толиб Раҳматов ўз кузатувлари билан ўртоқлашди.
«Менимча, Ўзбекистон мустақил бўлганидан бошлаб хусусий мулк дахлсизлиги конституцияда ёзиб қўйилган бўлишига қарамай, том маънода таъминланмаяпти. Ижтимоий тармоқларда кўриб қоламиз, турли давлатларда уйлар четлаб ўтилиб, экси уйлар ҳам сақлаб қолинган ва йўл уй ёнидан қурилган. Бу дегани ўша давлатда хусусий мулк дахлсизлиги конституция даражасида таъминланган, қонунлар ишлайди. Бизда эса конституцияда ёзилган-у, афсуски, бу амалда таъминланмайди.
Масалан, Бекобод туманида ёш тадбиркор ауционда хусусий мулк сифатида ер майдони сотиб оляпти, бинони қуришга рухсат олиб, қурилиш бошлаяпти. Лекин қонун ишлашини назорат қиладиган туман прокурори бориб, қурилган жойни бузяпти. Қонун ҳимоячиси қонунсизлик қиляпти.
Яна бир мисол. Қашқадарёда битта ер майдони 3та тадбиркорга бўлиб бериляпти. Бир ер участкаси орада 9 ойлик танаффус билан 3та тадбиркорга бериляпти. Битта тадбиркорнинг жойи ауционда сотилиб кетган, биттасининг биноси бузилиб кетган, натижада улар ҳам бинодан, ҳам пулидан ажраляпти. Лекин бинони қуролмаяпти. Судга, ҳокимнинг олдига бориб, қарорни бекор қилишини сўраб, сарсон бўляпти.
Яқинда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Regent Corp» МЧЖ ўртасида ҳам катта шов-шув бўлди. Ҳоким билан учрашув ҳам бўлди. Унда МЧЖ таркибида бўлган инвесторларнинг ҳеч қайси бири чет эллик эмаслиги айтилди. Ваҳоланки, Tashkent City қурилишида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги бизни чақирганда шахсан ўзим борганман. Шунда журналистлар инвесторлар орасида 19 ёшли германиялик ҳам борлиги ҳақида савол берган эди. Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев: «Менга Ўзбекистон фуқароси бўладими, бошқами, фарқи йўқ. Менга инвестиция киритса бўлди», деганди.
Яқинда бўлган учрашувда эса негадир шу гап икки томондан ҳам эсланмади. Менинг энг охирги хулосам шуки, бизда мулк ҳуқуқи конституцияда белгилаб қўйилгани билан том маънода ҳимоя қилинмаяпти», – дейди Толиб Раҳматов.
— Бунга ўзимиз, мулкдорлар, пул тикаётганлар, ҳокимият вакиллари айбдор эмасми, яъни бу муаммонинг пайдо бўлишида ўзимизнинг ҳиссамиз ҳам йўқ эмасми?
Жамшид Ниёзов: — Тўғри айтдингиз, бу ерда фуқароларнинг ҳам ҳиссаси бор. Чунки йиллар давомида шаклланган тартиб шунақаки, дейлик биров ер ёки нимадир сотиб олмоқчи бўлса, қонундаги тартибни, айтилган ҳужжатларни йиғгиси келмайди-да, осонроқ вариант танлайди. Яъни 1-2 сўм бериб қўя қолай деб, айланиб ўтишга ҳаракат қилади.
Биз ҳам таҳририятимизга эшик қоқиб келадиган мурожаатчилардан биринчи ўринда шуни сўраймиз. «Дардингизни айтиб келдингиз, ҳуқуқларингиз поймол бўляпти. Энг аввал, бошида қинғирлик қилмаганмисиз, шу иш ҳужжатларини, қарорни тўғри олганмисиз?» деб сўраб, амин бўлганимиздан кейин шу ишни ўрганишга киришамиз. Чунки тадбиркорнинг ўзи қинғирлик қилиб турган жойда, сиз у учун курашишингиз холислик бўлмайди.
— Яқинда сиз ўрганган Олмазор туманидаги ҳолат. У ердаги кичик бир ҳолат «снос»лар масаласида бутун Ўзбекистондаги ҳолатни кўрсатиб берди.
Жамшид Ниёзов: — Бекатда қуриладиган оддий дўкон. Кичкина бўлса ҳам, у ҳам мулк. Бунга давлат ҳокимияти органининг ўзи рухсат берган, қарор чиқарилган. Aвтобус тўхтайдиган оддий бекатни замонавий ҳолга келтириш ва шунинг баробарида ёнида тадбиркорлик қилишга рухсат бериш. Бу бўйича қарор 2017 йилда чиқарилган ва тадбиркорга жой кўрсатиб берилган. У тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган, аммо айрим ҳужжатларни қилмаган, бу томони ҳам бор.
Энди, унга нисбатан айтилаётган эътирозлардан биттаси – орадан 3 йил ўтгани, аммо тадбиркор ҳалиям қурилиш қилмагани. Ваҳоланки, Ер кодексига кўра, у 2 йилгача қурилиш қилиши керак эди. Тадбиркор икки марта ҳаракат қилгани, ишни икки марта бошлаганини айтиб, суратларини ҳам тақдим этди, биз ҳам уни эълон қилдик. «Икки марта қурилиш қилганимда Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Aбдурасул Ваҳобов оғзаки буйруқ билан буздириб ташлаган», деяпти.
Тадбиркорнинг иддаоси шу. Aфсуски, Aбдурасул Ваҳобов билан боғланишнинг иложи бўлмади. Унинг номидан Олмазор туман ҳокими матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Раҳимова тадбиркорга Aбдурасул Ваҳобов томонидан оғзаки ёки қонуний кучга эга кўрсатма берилмаганини айтди.
— Бу ҳолатда ҳақиқатни топдикми? Бундаги ғалаба бошқа шунга ўхшаш ҳолатдаги ғалабаларга дебоча бўлиши мумкин.
Жамшид Ниёзов: — Масаланинг мени ўйлантирадиган жиҳати шуки, ўртада ҳоким алмашган. Ҳоким ўзгаргандан кейин шунақа нарсалар юзага чиқяпти.
Ҳоким алмашиши жуда кўп муаммоларни келтириб чиқаряпти.
Толиб Раҳматов: — Жамшиднинг фикрларига қўшимча қилмоқчиман. Биринчидан, бу бекатлар мавзуси ҳали тугамайди. Чунки Ортиқхўжаев ҳоким бўлиб келган пайтда: «Бекатлардаги дўконлар йўқ бўлади, бекатлар фақат ўзининг бекатлик вазифасини бажариши керак», дейилганди. Олдинги ҳоким Раҳмонбек Усмонов пайтида, 2017 йилларда бекатларни янги дизайнга кўчириш бошланди. Тадбиркор ўша жойни 2017 йилда олган бўлиб чиқяпти...
— Тошкентда ҳоким ўзгарса, бекатлар дизайни ҳам ўзгаради...
Толиб Раҳматов: — «Снос» масаласи ҳам худди шунақа. Мана, бозорлар ҳам қайтадан қурилади.« Бозорларни замонавийлаштиришимиз керак», деб албатта бузади. Ёки бўлмаса ёниб кетади, кейин қайта қуришга тўғри келади. Натижада у янги эгага сотилади. Халқ орасида юрган гапга кўра, бу ҳолат туманга келган янги ҳокимнинг пул қилиш усули дейишади.
Бу қанчалик тўғри ёки хатолигини билмаймиз. Шунинг учун бу гап рост деб даъво қилолмаймиз. Лекин бозорлар ёниши ва қайта қурилиши бўлиб турибди ва бу бор гап.
— Муаммога ечим қанақа бўлиши керак деб ўйлайсизлар? Тушуниб турибмизки, қонун бор ва у ҳар доим ҳам ишламаяпти…
Жамшид Ниёзов: —Олмазор туманидаги бекат мисолида олиб кўрайлик. Орадан 3 йил ўтибди. Майли, Aбдурасул Ваҳобов ҳеч қандай қонунга зид оғзаки ҳам кўрсатма бермабди, буздирмабди ҳам дейлик. Муаммо бор, энди буни қандай қилиб ечиш керак? Aгар шу бекат ишга тушадиган бўлса, камида 1-2 киши ишли бўладими? 1-2 кишининг рўзғори қайнайдими? Ҳозирги пандемия шароитда бизни қийнайдиган масала ишсизлик, даромадсизлик бўлиб турибди. Бу биттагина мисол. Шу масалани ўзаро муросага келиб, бир стол атрофида ўтириб, тадбиркорнинг важларини, иддаоларини эшитса, муроса кўчасини танлашнинг имкони бор.
— Лекин бу битта хусусий ҳолат-да. Уйингни бузаётганлар тепасида участка нозири ёки прокурор турса, дардингни кимга айтасан? Муаммога тизимли ечим қандай бўлиши мумкин?
Толиб Раҳматов: — Давлат раҳбари 3 йил олдин ер сотилиши мумкинлиги ҳақида айтган эди. Ер том маънода сотилмас экан, «мен минг йилдан кейин яшайдиган авлодим ҳам шу ерга эгалик қилади» деган ниятда ер сотиб олиш ҳуқуқингиз том маънода ҳимоя қилинмас экан, бу ҳолатлар давом этаверади.
Ер участкалари махсус портал орқали сотилади. Лекин ҳозир порталга кириб, Тошкент шаҳрида хусусий уй қуриш учун ер изласангиз, тополмайсиз. Қўйилган лотларни кўрсангиз, ҳеч ким бормас жойлар. Ваҳоланки, шаҳарда кўплаб янгидан янги уйлар қуриляпти...
***
Қуйида мулк ҳуқуқи ва ерга оид муносабатлар бўйича сўнгги бир ой ичида Kun.uz эълон қилган суриштирувлар ҳаволасини келтириб ўтамиз.
Мавзуга оид
17:42 / 07.11.2024
Эгалланган ҳамда ҳужжатсиз ер участкаларига сўнгги “акция”. Эгалик ҳуқуқини эътироф этиш учун нима қилиш керак?
22:21 / 01.11.2024
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини расмийлаштириш учун тўлов миқдори маълум қилинди
16:33 / 01.11.2024
«Ер қаъри тўғрисида»ги қонун қабул қилинди
20:50 / 07.08.2024