Ўзбекистон | 12:25 / 28.08.2021
31240
8 дақиқада ўқилади

Бутун Ўзбекистон бўйлаб фермерларнинг ҳуқуқлари оёқости қилинаётгани тасдиқланди

Минглаб фермерларга пуллари вақтида тўлаб берилмаяпти. Ҳокимлар уларнинг фаолиятига доимий равишда аралашяпти. Фермерларнинг маҳсулотлари битим тузмасдан олиб кетиляпти. Кўплаб ҳолларда шартномалар тўлдирилмаган (бўш) ҳолатда имзолатиб олиняпти. Шу ва бошқа ҳолатлар бутун республика бўйлаб кенг қулоч ёйгани Адлия вазирлигининг “Фермерга мадад” акциясида маълум бўлди.

Адлия вазирлиги “Фермерга мадад” акцияси доирасида адлия органлари томонидан ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижаларига асосланиб, соҳада бир қатор муаммо ва камчиликларни санаб ўтди.

Маълум қилинишича, акция доирасида фермерлар билан тайёрловчи, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда жами 156 223 та хато ва камчиликлар аниқланган.

Энг кўп қоидабузарликлар – Қашқадарё вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида.

Инфографика: Адлия вазирлиги

Хусусан, мониторингда 565 та ҳолатда фермерлар билан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи асосий ҳужжат – ер ижара шартномаси тузилмагани, 794 та ҳолатда ер ижара шартномасининг нусхаси фермерларга берилмагани аниқланди.

“Ер ижара шартномаси тузилмаса, ҳокимликларга қўл келади, улар исталган вақтда фермердан ерни олиб қўйиши ёки фермерга исталган қўшимча талабни қўйиши мумкин, натижада фермер масъуллар хатти-ҳаракати юзасидан судга шикоят қилишда муаммога дуч келади”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Шунингдек, ўрганишлар кўпчилик ҳолатларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўзларининг монопол мавқейидан фойдаланиб, айрим ҳолларда эса давлат органларининг аралашуви билан шартномавий муносабатларда фермерлар манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар қилаётганини кўрсатган.

Акциянинг дастлабки 1 ойида ўтказилган ўрганишларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан фермерлар ўртасидаги шартномалар 34 861 та ҳолатларда кечикиб тузилгани, 48 396 та шартнома ҳудудий қишлоқ хўжалиги бўлимларидан рўйхатдан ўтмагани аниқланган.

Масалан, Шаҳрисабз туманида 2021 йилда 137 тонна пилла сотиш бўйича тузилган 456 та шартномалар туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтмаган. Рўйхатдан ўтмаган шартномани исталганча ўзгартириш ва унга тузатишлар киритиш мумкин ёки уни давлат органи томонидан мониторинг қилиш имконияти бўлмайди. Албатта, бундай ўзгартиришлар фермер фойдасига бўлмаслиги аниқ.

Шунингдек, монопол мавқейидан фойдаланиб фермерлар етиштирган маҳсулотлар 7 531 та ҳолатда контрактация шартномаси тузмасдан олиб кетилган.

Масалан, Хатирчи туманидаги “Dynamic Elektronics” МЧЖ кластери томонидан “Бахтиёр Эргаш боғи”, “Хуршид-94”, “Сайёд”, “Даврон Фарход мухосиби” каби 17 та фермер хўжаликларидан ғалла харид шартномаси тузилмасдан қабул қилинган.

“Бухоро агрокластер” МЧЖ кластери томонидан Когон туманида 13 та ҳолатда бўш, тўлдирилмаган шартнома имзолатиб, уларнинг бир нусхаси фермерларга тақдим қилинмасдан, етиштирилган ғалла олиб кетилган.

Фермерга ўз вақтида ҳақ тўланмаяпти

Республика бўйича 24 мингдан ортиқ фермер хўжаликларига 180 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ўз вақтида тўлаб берилмаган. Жумладан, фермерлардан пахта тўқимачилик кластерлари 39 млрд сўм, “Қишлоқхўжаликкимё” АЖ корхоналари 36 млрд сўм, ғаллачилик кластерлари 34 млрд сўм, дон корхоналари 27,6 млрд сўм, нефть корхоналари 17 млрд сўм қарздор.

Мисол учун, “Навоий агрокимёҳимоя” ҲАЖ Кармана туман филиалининг 68 та шартнома бўйича 196,1 млн сўмлик, “ММТП” МЧЖнинг 57 та шартнома бўйича 271,8 млн сўмлик муддати ўтган қарздорлиги юзага келган.

Ғаллачилик кластерларининг Тошкент вилоятидаги 859 та фермер хўжаликларига 12 млрд сўм, Муборак туманида 4,2 млрд сўм, Ангор туманида 3,9 млрд сўм, Касби туманида 3,7 млрд сўмлик етказиб берилган ғалла пуллари тўлаб берилмаган.

Фермерлар муносабати

Шартномавий муносабатларда эркинлик ва тенгликка риоя этилиш юзасидан ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этган 10 мингдан ортиқ фермерларнинг 70 фоизи аксарият шартномалар тўлдирилмаган (бўш) ҳолатда улардан имзолатиб олинишини, 5 фоизи эса умуман шартнома тузилмаслигини маълум қилган.

Шунингдек, сўровда иштирок этган 40 фоиздан ортиқ фермерлар шартномадан ортиқча ғаллани топширишга мажбур қилинганини билдирган.

Сўровда иштирок этган фермерларнинг 36,4 фоизи турли йиғилишлар ва топшириқларнинг кўплиги, 32,6 фоизи контрагентлар билан мустақил шартнома тузиш имкони йўқлиги, 19,6 фоизи агротехника тадбирларига аралашиш, 11,4 фоизи текширишлар кўплиги улар фаолиятидаги асосий тўсиқ эканини билдирган.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан фермер хўжаликларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида ҳудудий адлия органлари томонидан 709 та таъсир чораси қўлланилган. Шундан 115 та огоҳнома, 222 та тақдимнома, 3,9 млрд. сўмлик 388 та даъво аризаси, 2 та маъмурий таклиф, 1 та жиноий таклиф киритилган.

Қўлланилган таъсир чоралари натижасида бугунги кунга қадар 13 та шахс интизомий жавобгарликка тортилган ҳамда 207 та даъво аризалари суд томонидан қаноатлантирилиб, 321 млн. сўм миқдордаги пул суммалари фермер хўжаликларига ундириб берилиши таъминланиб, қолган таъсир чораларнинг ижро этилиши назоратга олинган.

Вазирлик соҳани такомиллаштиришга доир қуйидаги таклифларни билдирди:

— қишлоқ хўжалиги соҳасида қабул қилинган қарорларда кўзда тутилган бозор механизмларини жадал амалга киритиш ва маъмурий йўллар билан фермерлар фаолиятини, айниқса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тартибга солишни кескин камайтириш;

— қишлоқ хўжалиги соҳасида хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти эркинлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида тузилган шартномаларни мажбурий равишда қишлоқ хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ва шартнома рўйхатдан ўтказилгандан кейин кучга киришини бекор қилиш;

— давлат бошқарув органлари томонидан тасдиқланган мажбурий бўлган намунавий контрактация шартномасидан воз кечиш ва ҳозирги бозор муносабатларидан келиб чиқиб тавсиявий характерга эга бўлган намунавий шартнома лойиҳасини ишлаб чиқиш;

— тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи корхоналар, шу жумладан кластерлар томонидан фермерлар билан тузилган шартномаларга ўзбошимчалик билан бир томонлама ўзгартиришлар киритишнинг олдини олиш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида тузилган барча шартномаларнинг интернет тармоғида онлайн маълумотлар банкини яратиш;

— қишлоқ хўжалиги бўлимлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларини танқидий қайта кўриб чиқиш.

Маълум қилинишича, “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси жорий йилнинг декабрь ойигача давом этади.

Ҳуқуқлари бузилган фермерлар ҳар қандай ҳолатда зудлик билан адлия органларининг 1008 қисқа телефон рақами ёки @fermergamadadbot Telegram-ботига мурожаат қилишлари сўралмоқда.

Мавзу юзасидан сўнгги ойларда Kun.uz эълон қилган айрим мақолалар:

Мавзуга оид