Иқтисодиёт | 19:55 / 06.12.2023
37656
6 дақиқада ўқилади

Yandex Go солиқ тўлаши важи билан ҳайдовчилардан ундирадиган комиссиясини оширди

1 декабрдан бошлаб Yandex Go Ўзбекистонда солиқ резидентига айланиб, қонунчиликда белгиланган солиқларни тўлай бошлади. Бунинг ортидан компания ҳайдовчилардан оладиган хизмат комиссиясини 13 фоиздан 14,6 фоизга кўтарди.

Фото: Kun.uz

Yandex Go Ўзбекистоннинг ўндан ортиқ шаҳарларида мобил илова орқали такси ёллаш хизматини кўрсатади. Бу йирик сервис олаётган даромадидан Ўзбекистонда солиқ тўламаслиги жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлгач, ноябр ойида Солиқ қўмитаси компаниянинг юридик эгаси – Нидерландияда рўйхатдан ўтган “Ridetech International”га мурожаат қилиб, хизматни Ўзбекистоннинг солиқ резидентига айлантиришни талаб қилган, бунинг учун 1 декабргача муҳлат бериб, акс ҳолда платформа блокланишидан огоҳлантирганди.

Солиқ қўмитасининг 1 декабр куни маълум қилишича, Yandex Go Ўзбекистон солиқ резидентига айланган ва эндиликда ундан солиқ ундириш бошланади.

“Жорий йил 1 декабрдан бошлаб Yandex Go хизмати Ўзбекистон Республикаси ҳудудида солиқ резиденти –“YandexGo UB” МЧЖ юридик шахс томонидан тақдим этилади. Шу кундан бошлаб Yandex Go хизмати ўз ҳисоб-китобларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари асосида юритади, бирламчи ҳужжатларни ва солиқ ҳисоботларини тақдим этади ҳамда белгиланган солиқларни тўлайди. Бу ҳақда Ridetech International B.V. Солиқ қўмитасини расмий хат орқали хабардор қилди”, дейилади қўмита хабарида.

Kun.uz: “Yandex Go 2023 йил 1 декабрдан тўлаши керак бўлган фойда солиғи, ҚҚС, дивиденд ва бошқа солиқларни тўлаяптими?” деган савол билан Солиқ қўмитасига мурожаат қилди.

Қўмита ахборот хизматининг маълум қилишича, Солиқ кодексига мувофиқ, Yandex Go ҳам барча солиқ тўловчилар каби товар айланмасидан ҚҚС, олинган фойдадан фойда солиғи ва ундан дивиденд ҳисобланганида дивиденд солиғи тўловчиси бўлган. Бу солиқлар бўйича ҳисоботларни (ҚҚС 20.01.2024 йилгача, фойда солиғи 01.03.2024 йилгача ва дивиденд ҳисобланган ойдан кейинги ойнинг 20-санасигача) тақдим этиши ва ушбу санага қадар тўловни амалга ошириши лозим.

Солиқ қўмитасининг қўшимча қилишича, солиқ тўловчи томонидан тўланган солиқлар ва унинг мавжуд қарздорлиги бўйича маълумотлар солиқ органи томонидан очиқ эълон қилиниши мумкин.

Kun.uz қўмитага: “Yandex Taxi сервис хизмати Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаганига 5 йилдан ошди, бу давр мобайнида тўланмаган солиқлар ҳам қайта ҳисоб-китоб қилиниши мумкинми?” деган савол билан юзланди.

“Yandex Go билан шартнома тузган ташкилотлар томонидан солиқ агентлари сифатида 2018-2023 йилларда 25,3 млрд сўм солиқлар бюджетга ҳисобланган. Солиқ агентлари томонидан мазкур даврда солиқлар тўлиқ ва тўғри ҳисоблангани бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда”, – дейилади қўмита изоҳида.

Yandex Go'нинг Ўзбекистондаги офисидан Kun.uz'га маълум қилинишича, 1 декабрдан бошлаб банк карталари орқали тўлов қилган мижозларга илова орқали чек тақдим этиш бошланган. Аммо нақд шаклда тўлов қилинганида чек берилмаяпти.

Солиқ қўмитасининг билдиришича, Yandex Go ва Фискал маълумотлар оператори билан интеграция ишлари тўлиқ якунланган ва асосий иш режимига ўтиш учун сертификат билан виртуал фискал модул шакллантириб берилган. Мазкур методлар билан нақдсиз ва нақд пул орқали чекларни шакллантириш ва узатиш имконияти тақдим этилган.

“Yandex Go томонидан нақд пул шаклидаги чекларни виртуал касса модул орқали бериш имконияти яратилмоқда. Олдимизда ўз ечимини кутаётган бир қатор масалалар ҳам мавжуд эканлигини қайд этиш жоиз. Хусусан, нақд пул орқали тўлов қилинганда фискал чек шакллантириш имкониятини яратиш, барча агрегаторларни, жумладан, ҳудудлардаги маҳаллий агрегаторларни фискал маълумотлар оператори билан интеграциялаш. Мазкур йўналишда солиқ органлари томонидан тегишли ишлар давом эттирилмоқда. Эришилган натижалар юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этиб борилади”, – дейилади қўмитанинг Kun.uz'га тақдим қилинган расмий ахборотида.

Ҳайдовчилардан ундириладиган комиссия ҳақи оширилди

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, шу кунларда Yandex Go таксичилардан ўзи ушлаб қоладиган хизмат комиссияси улушини 13 фоиздан 14,6 фоизгача кўтарган. У, шунингдек, компаниянинг қатор ҳамкор таксопарклари ҳам ўз улушларини 4-5 фоиздан 5-6 фоизгача оширгани ҳақида ёзди.

“1 декабрдан кейин ҳайдовчи таксистларнинг кўрсатилган хизмат учун оладиган улуши 2,6 фоиз бандгача қисқарган. Демак, Yandex Go ва унинг айрим ҳамкорлари Ўзбекистонда тўламоқчи бўлаётган солиқларининг юкини ҳайдовчиларнинг бўйнига юклаган-қўйган. Яъни ҳайдовчиларнинг нонини туя қилиш давом этади”, дея ёзди иқтисодчи.

Yandex Go ўзига тегишли комиссия миқдори оширилганини тасдиқлади, бироқ таксопарклар ҳам ўз комиссиясини оширганини рад этиб, улар томонидан ундирилган ҳақ миқдори аксинча камайганини билдирди.

“1 декабрдан бошлаб Yandex Go хизматлари Ўзбекистон компанияси томонидан тақдим этилади. Бу – ҳамкорлар, уларнинг драйверлари ва хизматлари учун жараёнларни янада соддалаштиради.

Ўзбекистонда фаолият юритувчи юридик шахсга ўтиш муносабати билан хизмат нархига мамлакат бюджетига тўланадиган ҚҚС қўшилади. Шу билан бирга, ҳайдовчиларнинг даромадларини амалдаги даражада ушлаб туриш учун хизмат доирасида мавжуд тарифлар қайта кўриб чиқилади.

Бизга маълумки, баъзи ҳамкорлар аллақачон комиссияларини камайтиришган, чунки улар энди норезидент билан ишлаш учун ҚҚС тўлашлари шарт эмас”, – дейилади Kun.uz'га тақдим қилинган расмий изоҳда.

Gazeta.uz боғланган Yandex Go'нинг айрим ҳамкор таксопарклари комиссияни 0,5 фоиздан 1 фоизгача пасайтирганини тасдиқлаган, яна айрим такси корхоналари ҳозирча тарифда ўзгариш қилмагани, лекин бу масалани кўриб чиқиши мумкинлигини тасдиқлаган.

Kun.uz бу ҳолат юзасидан Рақобат қўмитасидан изоҳ олиш учун бир неча бор ташкилот ахборот хизмати билан боғланди. Аммо ҳозирча бу борада расмий муносабат билдирилмади.

Қўшимча маълумот ўрнида, қуйида ҳайдовчилар томонидан ижтимоий тармоқларга жойланган айрим скриншотлар келтириб ўтилмоқда:

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров

Мавзуга оид