Иқтисодиёт | 15:36 / 12.12.2024
33084
9 дақиқада ўқилади

Кредит олиш васвасаси. Аҳолининг қарз юки шиддат билан ошмоқда

Ўзбекистонда қарз олиш ниҳоятда қиммат. Шунга қарамай, охирги 5 йил ичида жисмоний шахсларнинг банклардаги кредитлари қолдиғи 4,3 баробарга кўпайиб, қарийб 173 триллион сўмга етган. Молиявий интизом масаласи ҳар қачонгидан долзарблашиб, борган сари кўпроқ одамлар қийин аҳволга тушиб қолмоқда. Бунга сабаб нима?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бугунги кунда маҳсулотларни кредит ёки бўлиб тўлашга олиш ўзбекистонликлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланган десак муболаға бўлмайди. Одамлар энг кичик маиший техникалардан тортиб, автомобил ёки уй-жой харид қилишгача бўлган турли мақсадлар учун банклардан ёки бошқа молиявий ташкилотлардан қарз олишяпти.

Аммо бу кўп ҳолатларда тўғри қарор бўлмаслиги мумкин.

Ўзбекистонликларнинг қанча кредити бор?

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 1 ноябр ҳолатига, банклар томонидан жисмоний шахсларга ажратилган жами кредитлар қолдиғи 172,8 трлн сўм ёки 13,7 млрд долларни ташкил этган. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан 20 фоизга кўп.

Статистик рақамларга эътибор берилса, охирги йилларда ўзбекистонликларнинг қарз юки ортиб бораётганини кўриш мумкин. Масалан, 2020 йилнинг 1 январ ҳолатига, жисмоний шахсларнинг кредит қолдиғи 39,9 трлн сўм бўлган. Бу миқдор айни пайтга келиб 4,3 баробарга кўпайган.

Ўз навбатида, бу давр оралиғида муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши ҳам 1,5 фоиздан 4,2 фоизгача ўсган.

Жисмоний шахслар асосан қуйидаги мақсадларда кредит олишган:

  • ипотека кредитлари – 65,8 трлн сўм (жами кредит қолдиғининг 38,1 фоизи);
  • микроқарзлар – 39,8 трлн сўм (23,1 фоиз);
  • истеъмол кредитлари – 41,2 трлн сўм (23,9 фоиз);
  • таълим кредитлари – 5,5 трлн сўм (3,3 фоиз);
  • тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган кредитлар – 18,8 трлн сўм (11 фоиз);
  • бошқа кредитлар – 1,5 трлн сўм (0,9 фоиз).

Қарз олиш васвасаси

Аввало, бир нарсага жуда жиддий эътибор бериш лозим: кредит совға ёки эҳсон эмас, балки жиддий молиявий мажбурият юкловчи қарз. Кимдир банкдан кредит олса, уни белгиланган вақтда ва маълум фоизи билан қайтариши керак. Бир қараганда, банк пулга эҳтиёжи бор одамнинг жонига оро киргандек кўринади. Аслида эса ундай бўлмаслиги мумкин.

Онлайн молиявий хизматлар ривожлангани ва жараён соддалаштирилгани фонида ўзбекистонликларнинг қарз юки ортиб боряпти. Одамлар тўй ва бошқа маросимлар учун, маиший техника ва автомобил учун, ҳатто тотализаторга пул тикиш учун ҳам кредит олишга ўтиб кетишди.

Айрим қарздорлар маблағларнинг нотўғри ва ноўрин ишлатилиши ортидан, битта кредит учун олинган пулни яна кредит олиб ёпишга ўтган. Бунинг ортидан оилавий низолар, келишмовчилик ва жиноятлар кўпайяпти.

Нима учун Ўзбекистонда кредит фоизлари юқори?

Халқаро ташкилотлардан олинган маълумотлар асосида TheGlobalEconomy сайти тузган рейтингга кўра, Ўзбекистон кредит фоизи юқорилиги бўйича дунёда 83 мамлакат ичида еттинчи ўринни, Осиёда эса биринчи ўринни эгаллаган.

Марказий банк эълон қилган маълумотлар шуни кўрсатадики, 2024 йилнинг 9 ойи давомида тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга ажратилган кредитларнинг ўртача фоиз ставкаси 24,5 фоизни ташкил қилган. Бунда имтиёзли кредитлар ва миқроқарзлар бўйича фоиз кўрсаткичи ҳисобга олинмаган.

Эътиборлиси, Ўзбекистон шароитида кўпчилик мурожаат қиладиган микроқарзларнинг фоизлари анча баланд. Бу давлат банкларида ўртача 30-35 фоиз атрофида бўлса, онлайн кредит бериш билан шуғулланувчи рақамли банкларда 49 фоизгача. Кўплаб қарзлар айнан 40-49 фоиз оралиғидаги мажбурият билан онлайн микроқарз тақдим этади.

Пулнинг нархи қимматлиги – фундаментал иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий асосларга бориб тақалади.

Биринчи омил – юқори инфляция. Қарз берувчилар пулнинг келажакдаги қиймати камайиб кетишини ҳисобга олади.

Иккинчидан, ресурслар қиммат. Ўзбекистоннинг халқаро кредит рейтинги паст бўлгани сабабли, банклар хориждан маблағларни юқори фоиз ставкалари билангина жалб қилиши мумкин. Бу эса кредитлар қийматига таъсир қилади.

Учинчидан, риск даражаси юқори. Кредитни қайтаришда кечикишлар тез-тез учраб туради. Шунингдек, истеъмолчиларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда маълумотлар етишмаслиги ҳам фоизлар баландлашига таъсир кўрсатади.

Истеъмолчилар учун қарз юки қандай?

Юқорида банклар учун риск даражаси юқори экани ҳақида айтиб ўтдик. Кредит олаётган ёки бирор маҳсулотни бўлиш тўлаш илинжида харид қилаётган одам учун ҳам бу хавф ниҳоятда баланд. Қимматроқ маҳсулот, масалан кредитга машина олиш мисолида буни кўриб чиқайлик.

Kun.uz суҳбатлашган харидорлардан бирининг сўзларига кўра, у 325 млн сўм нархдаги автомобилни харид қилган. Бунда 20 фоиз бошланғич тўлов – 65 млн сўмни тўлаган ҳолда, йиллик 24 фоиздан 5 йилга 260 млн сўм автокредит расмийлаштирган. Айни пайтда харидор 7 млн 480 минг сўмдан ойлик тўловни амалга оширяпти, график бўйича умумий кредит миқдори 5 йилда 450 млн сўмга боради. 20 фоизлик бошланғич тўлов билан бирга машина унга 514 млн сўмга тушади.

Қиммат машиналарнинг сотувдан кейинги нархи кескин арзонлаши ҳеч кимга сир эмас. Бу қоида рақобат муҳити анча чекланган Ўзбекистон бозорида ҳам ишлаяпти. Хусусан, юқоридаги харидор сотиб олган автомобилнинг 10 минг км атрофида юрган яхши ҳолатдагисини турли хил онлайн платформаларда жойлаштирилган сотув эълонлари орқали ёки бозордан 250-260 млн сўм оралиғида сотиб олиш мумкин.

Кўпчилик фойдаланадиган ва охирги йилларда аҳолининг камбағал ва ўрта қатлами орасида оммавийлашган онлайн микроқарзлар ҳақида ҳам тўхталсак. Масалан, “А” банкда 20 млн сўмни 2 йилга 47 фоиздан олсангиз, банкка бунинг учун 11 млн 214 минг сўм қўшимча пул тўлашингиз керак бўлади. Ёки “Б” банкдан 60 млн сўмни 32 фоиздан 3 йилга олсангиз, бунинг фоиз тўловлари учун 34 млн сўм тўлашга тўғри келади.

Муддатли тўловга маҳсулот харид қилишда ҳам қарз юки харидор учун жуда юқори. Хусусан, нақд пулга бозорда тахминан 7,5 млн сўмга олиш мумкин бўлган музлаткични маркетплейслардан 12 ойга насияга олиш сизга камида 12 млн сўмга тушиши мумкин.

Бошқа мамлакатларда вазият қандай?

Statista компанияси маълумотларига кўра, 2023 йилда ўртача фоиз ставкаси Швейцарияда 2,86 фоизни, Исроилда 2,96 фоизни, АҚШда эса 3,28 фоизни ташкил қилган. Бунда Ўзбекистондаги ўртача фоиз кўрсаткичи 22,5 фоиз дея баҳоланиб, кредит ресурси энг қиммат давлатлар қаторидан жой олган.

Trading Economics'нинг қайд этишича, дунёда энг арзон кредитлар Перуда – 0,8 фоиз. Япония бу кўрсаткич 1,7 фоиз, Данияда эса 3,25 фоизни ташкил этади. Таққослаш учун, Перуда банклардан қарз олиш Ўзбекистонга нисбатан 30 баробарга арзон.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, нафақат камбағаллар, балки кўп пул топадиганлар ҳам кредит тузоғига тушиши мумкин. Бунинг учун Николас Кейж, Майк Тайсон, Жонни Депп каби машҳурлар билан боғлиқ ҳолатларни эслаш кифоя. Уларнинг бойлиги бир неча юз миллион долларни ташкил этган бўлса-да, қарзлари туфайли банкротлик ёқасига келиб қолишган ва жиддий молиявий муаммоларни бошдан ўтказишган.

Ўзбекистон шароитида юқори фоиз эвазига олинаётган кредитлар одамларнинг молиявий интизомини бузиб, қийин аҳволга тушириб қўйяпти. Ҳиссиётга берилиб, қарзга 15 млн сўмлик телефон олиш инсонни бир неча кунга хурсанд қилиши мумкин, лекин ҳаётини кўп ҳам ўзгартирмайди. Кейин эса нархи кундан кунга арзонлашадиган ва эскирадиган қурилма учун тўловларни ойлар ва йиллар давомида амалга ошириб бориши керак.

Онлайн қимор ўйинларига пул тикиш учун қарз олиб, қийин аҳволга тушиб қолган ва ҳаттоки бунинг ортидан ўз жонига қасд қилаётган ёшларнинг сони ортиб бораётгани эса жуда ҳам ачинарли.

Ислом молияси жорий этиладими?

Бундан уч йил олдин, ўндан ортиқ банкларда ислом дарчаларини йўлга қўйиш устида ишлар бошлангани хабар қилинганди. Тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровларда ҳам уларнинг 38 фоизи ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдирган.

Ўзбекистонда ислом молиясининг кенг кўламда жорий этилиши 5 млрд долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига ва мамлакатдаги рақобат муҳитига анча ижобий таъсир қилиши мумкинлигини давлат раҳбари ҳам айтиб ўтганди.

Май ойида Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ислом молияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, лойиҳа йил охиригача парламентга киритилишини маълум қилганди. Амалда бу ўз тасдиғини топмаяпти.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид