Ўзбекистон | 16:04 / 03.11.2025
8792
3 дақиқада ўқилади

«Чироқ бор, лекин шам ёқяпмиз» – Бойсундаги М25 газ кони атрофида яна бадбўй ҳид тарқалган

Сурхондарё вилоятидаги газ конида яна муаммо чиқди. Kun.uzʼга келиб тушган хабарларга кўра, у ерда яна портлаш рўй бериб, газ ҳиди тарқалмаслиги учун ёндириб қўйилган олов ўчиб қолган. Шу вақтда ҳудудда бадбўй ҳид тарқалиб, уйларнинг ичигача киргани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидан вулқон отилишини эслатувчи ваҳимали кадрлар тарқалди. Бу видеолар Кофрун қишлоғидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» номли йирик газ конида ёндириб қўйилган газ видеоси бўлиб, янги видеолар тарқалиши конда рўй берган навбатдаги авария билан бир вақтга тўғри келди.

Kun.uz'га йўлланган мурожаатларда қайд этилишича, сўнгги кунлар ичида конда авария рўй бериши натижасида атрофга газнинг қўланса ҳиди тарқалган. Кон бир портлаб, отилиб чиққан, шунда ундаги олов ўчиб, бадбўй ҳид конга яқин ҳудудлар бўйлаб тарқалган, уйлар ичигача кириб борган.

Таҳририятга шикоятини видео шаклда жўнатган ўқувчилардан бири уйда чироқ бўлса ҳам, газ ҳидини камайтириш учун шам ёқишаётганини таъкидлаган.

«Свет бор-ку, лекин нега шам ёқяпсизлар деб қизиқяпсизларми? Ташқарига чиқиб, сабабини кўрсатаман. «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида бугун бирор ҳолат бўлганми дейман, ҳамма жой газ ҳиди билан тўлди. Уйнинг ичигача газ киряпти.

Ҳозир дўконга бориб, шам олиб келдик. Шамдан уйнинг ичида газ ҳидини камайтириш учун фойдаланяпмиз. Ҳамма деразалар акфадан, лекин газ уйнинг ичигача киряпти. Нима бўлганини ҳозирча билмаймиз. Бугун [2 ноябр] чанг бўлгани учун «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони ёнаётгани кўринмаяпти», – дейди у.

Kun.uz Энергетика вазирлигига сўров жўнатди. Вазирлик матбуот хизмати расмий муносабат тайёрланаётганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Бойсун туманидаги М25 кони билан боғлиқ ҳодиса 1 йиллик тарихга эга. Бу вақт оралиғида конда бир неча марта авариялар содир бўлди, оқибатда кўплаб қишлоқлар, ҳатто Бойсун тумани марказида ҳам ҳавонинг жиддий ифлосланиши юзага келди.

Дастлабки офат 2024 йилнинг 1 сентябр куни содир бўлган, вазиятни жиловлаш учун икки ҳафтадан ортиқ вақт талаб этилганди. 17 сентябрда эса 2-авария ҳолати юзага келди ва қурбонлар қайд этилди.

Мавзуга оид