Ўзбекистон | 17:44 / 21.12.2021
63158
3 дақиқада ўқилади

UzAuto улгурмаяпти, божларни камайтирса бўлмайдими? Вазир жавоби

UzAuto Motors машина сотиш бўйича мижозлар билан шартнома тузишни 43 кунга тўхтатди. Сардор Умрзоқов шундай шароитда автомобил импорти учун божни пасайтириш ҳақидаги саволга жавоб берди.

UzAuto Motors компанияси 1 февралгача энг харидоргир автомобиллар сотуви бўйича мижозлар билан шартнома тузишни тўхтатди. Шу вазиятда хориждан автомобил олиб кириш учун божларни пасайтириш вақти келмадими?

Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ёшлар форуми доирасида берилган ушбу саволга жавоб берди.

Умрзоқовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилиши ва Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни йўлга қўяётгани фонида импорт божлари қайта кўриб чиқилмоқда.

“Бундан ташқари, ҳозир Ўзбекистонда бир эмас, бир нечта автомобил ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз ишини бошлади ёки бошлаяпти. Бунинг ҳам, албатта, ўзига яраша ижобий таъсири бўлади.

Лекин умуман олганда мен айтмоқчи бўлган гапингизга қўшиламан, Ўзбекистонда монополия бўлиши керак эмас, бу соҳада ҳам”, – деди Умрзоқов 21 декабр кунги форумда.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 20 декабрдан 1 февралгача Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризаларни қабул қилмаяпти. Компания яримўтказгичлар етишмовчилигини бунга сабаб сифатида келтирди.

Миллий ишлаб чиқарувчи бунгача ноябр-декабр ойларида етказиб бериши керак бўлган автомобилларни январ-февралда етказиб беришини маълум қилганди.

Ундан аввалроқ компания октябр-ноябр ойлари учун Lacetti ва Labo етказиб бериш шартномаларини бажара олмаганди.

Бундан ташқари, Cobalt автомобилини шартномада келишилганидек – ўриндиқни иситиш модули билан сотиб олишни истаган мижозлар кўпроқ вақт кутишга мажбур бўлди.

Бундан ташқари, ўтган ойларда UzAuto Motors Captiva 5 модели сотуви бўйича мижозлар билан битимлар тузиб қўйгач, маълум вақтдан кейин машинани сотмаслигини эълон қилди.

Ўзбекистон ҳукумати автосаноатни электромобил ишлаб чиқаришга ўтказиш ҳақида айрим режаларини баён қилган, бироқ кўплаб истеъмолчиларнинг талабига қарамай, енгил автомобиллар импорти учун божларни пасайтириш масаласи кўриб чиқилмаяпти.

UzAuto Motors янги шартномалар тузишни 1 февралгача тўхтатгач, ижтимоий тармоқларда компания автомобиллар нархини ошириши мумкинлиги ҳақида фикрлар янграмоқда.

Мавзуга оид