Ўзбекистон | 15:53 / 06.07.2021
21340
2 дақиқада ўқилади

Тошкент йўлларидаги фоторадар ва камералар рўйхати эълон қилинди

Тошкент шаҳрида ЙҲҚ бузилишини онлайн қайд этувчи фоторадарлар ва камералар ўрнатилган манзиллар тўғрисида маълумот берилди. ЙҲХББ расмийсининг Kun.uz'га маълум қилишича, келгусида вилоятлар бўйича ҳам шу каби маълумотлар очиқланади.

Тошкент шаҳрининг 28та нуқтасида тезликни назорат қилувчи 28та фоторадар ишламоқда. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси уларнинг рўйхатини эълон қилди.

Унга кўра, пойтахтдаги энг кўп фоторадар Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Яшнобод туманларида (5тадан) ўрнатилган; Юнусободда 4та фоторадар ишлаб турибди.

ЙҲХББ пойтахтдаги интеллектуал режимда ишловчи камералар рўйхатини ҳам тақдим этди.

Унга кўра, айни пайтда Тошкентда бундай турдаги 89та камера бор. Улар 5 турдаги қоидабузарликларни (светофор қизил чироғида ўтиш, тўхташ чизиғини босиш, йўл чизиғини босиш, тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ва қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш) қайд этади.

Энг кўп камера Чилонзор туманида ўрнатилган – 20та. Шайхонтоҳурда 17та, Яшнободда 12та ва Юнусобод йўлларида 10та камера бор. Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида 7тадан, Олмазорда 5та, Яккасарой 4та, Мирободда 3та, Сергели ва Бектемир йўлларида эса 2тадан камера жойланган.

Рўйхатдаги радар ва камераларнинг жойлашуви Sherzod Sh. исмли фойдаланувчи томонидан Google-харитага ҳам жойланган.

ИИВ ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоровнинг Kun.uz'га маълум қилишича, юқорида келтирилган маълумотлар шу кунгача давлат томонидан ўрнатилган радар ва камераларга тегишли бўлиб, тадбиркорлар томонидан ўрнатиладиган камера ва радарларга алоқадор эмас.

ЙҲХББ расмийсининг қўшимча қилишича, келгусида юқоридаги каби маълумотларни вилоятлар бўйича ҳам эълон қилиб бориш мақсад қилинган.

Радар ва камералар манзилларининг очиқланиши ўтган ойда қабул қилинган очиқлик ҳақидаги президент фармонида кўзда тутилганди.

Аввалроқ ҳукумат қарори билан йўллардаги қоидабузарликларни аниқлаш учун хусусий камералар ўрнатиш тартиби белгиланганди. Радар ва камералар ўрнатиш ҳуқуқи аукцион савдоларига чиқарила бошланган.

Мавзуга оид