Ҳокимлик ва ИИБ тортиб олган буғдой урганчлик аёлга қайтарилган. Мансабдорларга қандай чора кўрилгани эса номаълум
Июнь ойида Урганч туманида ИИБ ходимлари ҳокимлик топшириғига кўра фуқаронинг буғдойини тортиб олган эди. Орадан қарийб 4 ой ўтиб, Сенат ахборот хизмати буғдой эгасига қайтарилганини маълум қилди. Бироқ қонунсизликка бош бўлганларга жазо берилган-берилмагани маълум эмас.
Сенат релизида айтилишича, палатанинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мурожаатига мувофиқ ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олинган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Урганч туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, “Khiva sesame” МЧЖ раҳбари Р.Каландаров жамиятга кунжут экиш учун ажратилган ер майдонининг 10,4 гектарини оғзаки келишувга асосан фуқаро И.Ражаповга ғалла экиш учун берган.
Ушбу ер майдонида фуқаро И.Ражапов томонидан етиштирилган 17,2 тонна буғдой ҳосили фуқаронинг хусусий мулки экани аниқланиб, ўз эгасига қайтарилди.
Хусусий мулк дахлсизлиги таъминланди”, – дейилади парламент юқори палатасининг расмий ахборотида.
Сенат ахборотида фуқаронинг хусусий мулкига тажовуз қилиб, рейдерлик йўли билан буғдойини тортиб олиш жараёнида иштирок этган Урганч тумани ҳокимлиги ва ИИБ мулозимларининг хатти-ҳаракатларига қандай ҳуқуқий баҳо берилгани очиқланмаган.
Шунингдек, ҳеч қандай хат-ҳужжатларсиз 30 тонна буғдойи олиб кетилганини айтган фуқарога нима учун 17,2 тонна буғдой қайтарилганига ҳам ойдинлик киритилмаган.
Интернетда ҳодиса видеоси тарқалгач, Хоразм вилояти прокуратураси туман ишчи гуруҳи аъзолари ва ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Урганч тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани, вилоят ИИБ томонидан видеотасвирдаги ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилган эди.
Мазкур текширувлар натижаси очиқланмай қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур воқеа фонида Адлия вазирлиги жойларда фермерларнинг ортиқча буғдойи тортиб олинаётганини тасдиқлаб баёнот чиқарган ва бу ишлар учун жавобгарлик борлигини эслатган эди.
Вазирлик кейинроқ “Фермерга мадад” акциясини ўтказди ва унда бутун мамлакат бўйлаб фермерлар ҳуқуқлари турли кўринишларда оёқости қилинаётгани маълум бўлди.
Мавзуга оид
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:37 / 20.11.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида импортни 50 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда
21:20 / 19.11.2024